Ўзбекистон | 07:00 / 24.05.2026
3690
1 дақиқада ўқилади

Тошкентдан ҳудудларга қўшимча авиа ва автобус рейслари йўлга қўйилди

Қурбон ҳайити муносабати билан Тошкентдан ҳудудларга 28 та қўшимча авиарейс ва 55 та автобус рейслари амалга оширилади. Авиарейслар Бухоро, Термиз, Урганч ва Нукусга бориш-қайтиш йўналишида ташкил этилган.

Қурбон ҳайити муносабати билан Тошкентдан ҳудудларга қўшимча маҳаллий авиақатновлар қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 25–31 май кунлари Uzbekistan Airways, Silk Avia ва Centrum Air авиакомпаниялари томонидан Тошкентдан Бухоро, Термиз, Урганч ва Нукусга бориш-қайтиш йўналишида жами 28 та қўшимча авиарейс амалга оширилади.

Вазирликка кўра, қўшимча қатновлар орқали 8988 нафар йўловчини ўз манзилига етказиш режалаштирилган.

Ҳозирда амалдаги жадвал асосида Тошкент-Бухоро йўналишида ҳафтасига 23 та, Тошкент-Термиз йўналишида 23 та, Тошкент-Урганч йўналишида 35 та ҳамда Тошкент-Нукус йўналишида 16 та рейс бажарилмоқда. Умумий қатновлар сони ҳафтасига 97 тани ташкил этади.

Шунингдек, ЙҲХХ ахборот хизматига кўра, Тошкентдан Сирдарё орқали воҳа вилоятларига қатновчи автобус йўналишларига қўшимча яна 55 та рейс йўлга қўйилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 27 май куни нишонланади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид