Фото: Биринчи рақамли бортлар — ким қандай самолётда учади?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун, шунингдек, МДҲ давлат раҳбарларининг Сочидаги саммитида қатнашиш учун россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг Airbus A-340-300 самолётидан фойдаланди.
Кейинроқ Uzbekistan airways миллий авиакомпанияси самолёт ижарага олингани ҳақида эълон қилди.
Маълумки, Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарларига хизмат кўрсатиш учун миллий авиакомпаниямиз авиапаркаида Boeing-767-300, Boeing-757-200, Airbus A-320, Avro RJ-85 каби самолётлар хизмат кўрсатиб келарди. Уларнинг ичида энг йириги UK67000 рақамли Boeing-767-300 самолёти энг узоғи билан 9700 км масофага уча олади. Тошкентдан Нью-Йорккача ҳаво орқали масофа эса 10 минг 200 километрдан зиёд. Яъни, Boeing-767-300 самолётида бундай масофага парвозни ўртада ёқилғи қуйиш учун қўнишсиз амалга ошириб бўлмайди. Алишер Усмоновга тегишли Airbus A-340-300’нинг учиш масофаси 13 минг 700 километрни ташкил этади.
Тошкентдан Нью-Йорккача «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Boeing-767-300 самолётлари рейслари Латвия пойтахти Рига шаҳрида қўниб ўтиш орқали амалга ошириб келинарди. Миллий авиакомпания 13 минг 600 км масофага тўхтовсиз уча оладиган Boeing-787-8 Dreamliner самолётларини харид қилгач, Нью-Йоркка тўғридан-тўғри учиш имконияти пайдо бўлди.
Боинг 767 ҳам, 787 ҳам икки моторли турбореактив самолёт ҳисобланади. Умуман, жаҳондаги етакчи давлат раҳбарлари фойдаланадиган самолётларга эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти 4 моторли ёки камида узоқ масофага уча оладиган самолётлардир. Самолётнинг айнан 4 моторли бўлиши узоқ парвозлар чоғида хавфсизликни таъминлаш учун танланган. Чунки 2 моторли самолётда моторлардан бири ишдан чиқса, самолётни зудлик билан қўндиришга тўғри келади. 4 моторли самолётлар эса 3та мотор билан ҳам парвозни бемалол давом эттира олади.
Келинг, баҳонада жаҳондаги етакчи давлатлар раҳбарлари қандай русумдаги самолётлардан фойдаланишини кўриб чиқамиз.
Россия Федерацияси
Владимир Путин узоқ масофаларга учишда «Россия» махсус парвоз отрядига тегишли 12 минг километрга уча оладиган 4 моторли Ил-96-300ПУ самолётидан фойдаланади. Бундай самолётлардан нақ учтаси президент хизматига шай. Бундан ташқари, отрядда яна Россияда ишлаб чиқарилган 8та турли русумдаги самолётлар ва 9та вертолёт бор. Федерал бюджетдан авиаотрядга йилига 2 миллиард рубль ажратилади.
АҚШ
Дональд Трампнинг Боинг-747 самолёти (ҳарбий белгиси VC-25) «Қиёмат куни самолёти» деб аталади ва унинг ичидан туриб парвоз чоғида бемалол давлатни бошқариш мумкин. Гарчи VC-25 ташқи томонидан оддий Boeing 747’дек кўринсада, у учта қаватдан иборат ва умумий майдони 370 м², ички бўлмалари президент эҳтиёжлари учун бўлинган. Энг остки қават багаж ва озиқ-овқат учун мўлжалланган. Самолётда 2000та стандарт рационга мўлжалланган музлаткич камерали озиқ-овқат омбори бор. Таомлар иккита ошхонада тайёрланади, улар бир вақтнинг ўзида бирваракайига 100 кишини тўйдириши мумкин.
Хитой
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг хорижий давлатларга парвозлар чоғида Air China авиакомпаниясининг махсус Боинг-747 самолётидан фойдаланади.
Буюк Британия
Буюк Британия бош вазири Тереза Мей хоним қироллик ҳарбий ҳаво кучларининг Airbus A-330 самолётидан фойдаланади. Ушбу самолёт Дэвид Камерон бош вазирлик вақтида ҳукумат эҳтиёжлари учун ажратилган.
Германия
Ангела Меркелга хизмат кўрсатадиган самолёт Airbus A-340 самолёти 2011 йилнинг 30 мартида Lufthansa авиакомпаниясидан олинган. Ушбу самолёт бунгача 10 йил йўловчиларни ташиган. Бу самолёт аввалги А-310 дан кейин канцлернинг асосий самолётига айланди ва ГФРнинг илк канцлери Конрад Аденауэр номи билан аталиб, ҳукумат эҳтиёжларига биноан қайта жиҳозланган. Германиянинг бош самолётида 143 йўловчи жойи бор. Гарчи ўлчамлари деярли тенг бўлса-да, бу Дональд Трамп фойдаланадиган Boeing 747 никидан икки баробар кўп дегани.
Франция
Франция президенти Эммануэль Макронга хизмат кўрсатувчи самолёт ҳам Меркелники каби, Airbus A-340 русумлидир. Самолёт Франция ҳарбий ҳаво кучларига тегишли. Бу самолётдан узоқ масофаларга учишда фойдаланилади. Европа давлатларига ва қисқа масофаларга учишда Макрон Falcon 7X самолётидан фойдаланади.
Япония
Япониянинг анъанавий маданияти табиийлик ва оддийликка асосланган. Лекин буни ҳукумат раҳбарига хизмат қилувчи, нархи 300 млн. доллар турувчи 747-400 га нисбатан асло қўллаб бўлмайди. У барча жиҳати билан қойил қилади. Биринчидан, тезлиги соатига 916 км, самолёт қўнишларсиз 12300 км масофага уча олади. Иккинчидан, самолёт олий даражали аэродинамик характеристикаларга эга. Самолёт бирданига иккита экипаж ёрдамида бошқарилади.
Жанубий Корея
Айни пайтда ҳибсдаги Пак Кин-Ҳэ хоним ўрнига янги сайланган Жанубий Корея президенти Мун Жэ-инга Boeing 747-4B5 самолёти хизмат кўрсатмоқда.
Ҳиндистон
Юқоридаги суратда ўтган йили Австралиянинг Брисбэн шаҳрида бўлиб ўтган G20 саммитида қатнашиш учун келаётган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди минган самолёт тасвирланган. Ҳиндистон ҳукуматига Air India миллий авиаташувчисининг Boeing 747 India Air Force Once самолёти хизмат кўрсатади.
Туркия
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни олиб юрадиган Airbus A-330-200 Prestige самолёти VIP-классдаги самолётлар сирасига киради. Уни ясаш учун 2,5 йил вақт кетган. 2014 йилда АҚШдан келтирилган самолётнинг ёқилғи қуйишсиз максимал учиш масофаси 15,4 минг километрни ташкил этади. У шунингдек, қўшимча ёқилғи баклари билан таъминланган ва парвози янада узоқроқ бўлиши мумкин. Самолёт дизайни шахсан Эрдўғаннинг ўзи (ҳали бош вазирлик пайтидаёқ) томонидан тасдиқланган. Самолёт ишчи зона, ётоқхона, конференц-залга бўлинган. Самолёт ўз аксилракета мудофаа тизимига эга. Лойиҳанинг бюджети 300 млн. доллар бўлган, бироқ у билан шуғулланган Америка компанияси катта чегирма берган ва самолётнинг якуний нархи 120 млн. долларга тушган.
Саудия Арабистони
Саудия Арабистони қироли Boeing-747SP самолётидан фойдаланилади. Одатдаги 747’ларга нисбатан бироз калтароқ бўлган бу самолёт ўта узоқ масофаларга тезроқ ва тўхтовсиз учишга мўлжалланган. Унинг тезлиги соатига 990 км бўлиб, 12.325 км масофага учиб бора олади. Бундай самолётлар жуда кам ишлаб чиқарилган ва асосан Форс кўрфазидаги араб давлатлари раҳбарлари учун харид қилинган. Жумладан, Яман, Қатар, Баҳрайн, Уммон, Сурия давлатлари ҳукуматига ҳам шу типдаги самолётлар хизмат кўрсатади.
Марказий Осиёда-чи?
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга узоқ масофаларга учиш учун Airbus A-330 самолёти хизмат кўрсатади.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Boeing-777-200 самолётидан фойдаланади
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев хорижий давлатларга парвоз қилишда Ту-154 самолётидан фойдаланади.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга Somon Air авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти хорижий парвозларда хизмат кўрсатади.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
18:33 / 05.02.2024
Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди
18:30 / 05.02.2024
Дорилар бепул ажратилса-да, беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олмоқда — президент
18:13 / 05.02.2024
Ҳар бир она ва бола ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади — президент
14:13 / 05.02.2024