16:48 / 06.03.2024
20408

Бошоғриқ маълумотлар базаси: йўқ уйга солиқ тўлайсан, уйингда бегона одам пропискада

Республикамизда фуқароларнинг шахсий маълумотлари жойлаштирилган маълумотлар базаси билан боғлиқ ноаниқликларни нимадир қилиш керак. Бу фуқароларимизга қўшимча ташвиш олиб келиб, қўшимча тўловлар тўлашига сабаб бўлмоқда.

Шахсан ўзим мана шундай ноаниқликларга дуч келиб, қандай тўғрилашни билмай турибман. Келинг, бир бошидан ҳикоя қилиб берай.

2018 йилда Самарқанд вилояти «Пўлатдархон» МФЙда жойлашган намунавий лойиҳа асосида қурилган коттежимни сотдим. Банкдаги кредитларини сўндириб, тақиқдан чиқариб, Лойиш шаҳарчасидаги давлат нотариал идорада янги эгасига расмийлаштириб бердим.

Бугунги кунга келиб, ўша уй учун мендан мулк ва ер солиғи талаб қилинмоқда. Ҳолбуки, бу уйга эндиликда эгалик ҳуқуқига эга эмасман.

Солиқ иловасида эндиликда менга тегишли бўлмаган объект учун ҳисобланган солиқ миқдори

Уйни мендан харид қилган инсон кадастр идорасида уни нимага расмийлаштириб, рўйхатдан ўтказмади экан, деган хаёлга ҳам бордим.

Кейинчалик мендан уйни харид қилган одам топилди ва уйни ўз номига расмийлаштириб олгани маълум бўлди. Яъни уйнинг янги кадастр рақами бўйича у ҳам солиқ ва бошқа тўловларни мунтазам тўлаб келаётганини таъкидлади.

Кадастр идораси томонидан берилган гувоҳномаларда уйнинг кадастр рақами негадир ручкада ўзгартирилган. Эски рақам бўйича менга солиқ ёзилмоқда. Яъни мен аслида йўқ уй учун солиқ тўлаяпман.

Ер участкасининг янги эгаси номига расмийлаштирилган кадастр гувоҳномаси
Уйнинг янги эгаси номига расмийлаштирилган кадастр гувоҳномаси

Энг қизиғи — ана шу менинг эгалигимда бўлмаган, аслида йўқ уй учун чиққан солиқ қарздорлиги учун Оқдарё туман солиқ инспекцияси пулни ундириш мақсадида мени судга берибди.

Оқдарё туман солиқ инспекциясининг судга даъво аризаси

Ҳозир мен энди ташвишга мубтало бўлиб, судда уй менга тегишли эмаслигини исботлашим керак.

Бу ўринда солиқчиларнинг ҳам айби йўқдек, улар ҳам кадастр базасидаги маълумотларга қараб солиқ ундиришади. Кадастр базаси эса ҳалиги, ўзингиз тахмин қилгандек аҳволда. У ерда ишлайдиганлар ручка билан маълумот ўзгартирадиган, ўзгартирган маълумотни базадан ўчирмайдиган даражада. Компютерда ишлашни ҳам билишмаса керак. Тумандагилар айниқса.

Бу ҳолатни каналимда ёритганимдан кейин анча шов-шув бўлди, бундан солиқдагилар ҳам, кадастрдагилар ҳам хабарсиз қолишмади ва кадастр идораси солиқ идорасига хат чиқариб, хатоликни бартараф қилишни сўрабди (буни мақола эълон қилиниши асносида билиб қолдим). Кўрамиз, бу хат иш берадими ё судланаманми барибир?

Оқдарё туман кадастр идорасининг туман солиқ инспекциясига хати.

Бу кадастр базасидаги ноаниқликлар эди, энди ИИВ тасарруфидаги прописка базасига ўтамиз.

У куни шахсий телеграм каналимнинг алоқа ботига шундай мурожаат келди:

«Бухорода ички ишлар тизими пропискаси йўқ ёки пропискаси ноаниқ фуқароларни бошқа одамларнинг уйларига тақсимлаб киритиб юборган. Бу нарса эҳтимол бошқа вилоятларда ҳам содир бўлган бўлиши мумкин.

Масалан, бизларни хонадонимизга 3 та бегона фуқаро киритилганлигини чиқинди пулини сўраб келишган пайтда билдик. Ахир бу жиноят эмасми?!

Бундай ҳолат бир неча танишларимда ҳам кузатилди.

Мурожаатни каналимда эълон қилганимдан сўнг, изоҳларда бу нарса бутун республикада кузатилаётганини ёзишди. Ишонқирамай, ўзим Самарқандда пропискада турган уйимни my.gov.uz орқали текширдим.

Фарзандларимдан бири пропискада йўқ, бироқ унинг ўрнига бизга мутлақо нотаниш, 1990 йилда туғилган аёл уйимизда пропискада турибди.

Мен турган уйда пропискада бизга мутлақо нотаниш аёл жойлаштирилган.

My.gov.uz орқали ИИВга у аёлни пропискадан чиқариш бўйича сўров ташладим. Аризамга рад жавоби берилди!

Бегона шахсни уйимдан пропискадан ўчириш бўйича ариза бердим ва у рад этилди.

Одамларнинг ёзишича, ҳозир чиқинди пуллари пропискада турган одам сонига қараб йиғилмоқда ва кўпчилик уйида мутлақо бегона одамлар пропискага қўйилганини шу аснода билиб қолишмоқда.

Бегона, ўзи умуман яшамайдиган одам учун пул тўлагиси келмайди-да ҳеч кимнинг. Чиқинди йиғувчи корхоналар эса ИИВнинг маълумотлар базаси бўйича одам сонини ҳисобламоқда.

ИИВ эса нотўғри киритилган маълумотни қандай қилиб ўчириш мумкинлиги ҳақида осон йўриқнома қилмаган. My.gov.uz орқали қилинган мурожаатни автоматик рад этяпти (исботим бор, ўзим бошдан кечирдим).

* * *

Бундай муаммолар, хатолар ва тушунмовчиликлар кимларгадир майда-чуйда кўринар, лекин одамлар ўртасида давлат органларига нисбатан ишончсизлик пайдо қилади. Бу — аниқ! ДАВЛАТ ИШИНИ ЭПЛОЛМАЯПТИ, деган хулосага кела бошлайди одамлар. Шу ишга мутасадди бўлган, халқ ҳисобидан маош олиб ишлаётганлар ишни жой-жойига қўйиш ўрнига лайлак ҳайдаб юрибди, деган хулосага келади, бундай муаммога дуч келган ҳар қандай одам.

Шу прописка ва бошқа шу каби базаларни наҳотки жой-жойига қўйиб қўйиш шунчалик қийин иш бўлса?! Маҳаллаларда еттиликлар ишлаяпти. Эрта тонгдан турғазиб, уларга баралла мадҳия айттириш ўрнига, бир тийинга қиммат хатловлар билан суткасига 24 соат ишлатиш ўрнига, мана шунақа тушунмовчиликларни бартараф қилишга сарфланса бўлмайдими шунча ресурс?

XXI ахборот асрининг ҳам чорак қисми ўтиб бўлди. Ҳалигача ишончли, соатдек аниқ ишлайдиган бир база ярата олмаганимиздан ҳайратдаман, очиғи. Чунки бундай базалар қўшнимнинг жияни, холамнинг тоғасининг ўғли, аммамнинг поччаси кабиларга эмас, қўлидан ҳақиқий иш келадиган дастурчиларга қилдирилиши керак. Мен санаган тоифадаги инсонларга қилдирилса, жабрини мана бизга ўхшаган қора халқ тортаверади.

Бундай хато ва тушунмовчиликларнинг келиб чиқиш сабаби ва уларни бартараф этиш йўлида қандай ишлар амалга оширилиши ҳақида Давлар Кадастлар палатаси ва Ички ишлар вазирлиги бирров тушунтириш бериб қўйса фойдадан холис бўлмасди.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Top