Солиқ қўмитаси товарларнинг бозор нархини аниқлаб, шу нарх асосида солиқ ҳисоблашга ўтмоқчи. Аввалига биржа товарлари, давлат харидлари порталидаги ва маркировкаланадиган товарларга татбиқ қилинадиган бу тартиб, кейинчалик барча товарлар учун жорий қилинади. 

Бу тартиб “Товарларнинг (хизматларнинг) бозор нархларидан келиб чиқиб солиқ базасини аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Солиқ қўмитаси масъули Даврон Бобожонов нима сабабдан қўмита товар ва хизматларнинг бозор нархи асосида солиқ ҳисоблашга ўтилаётганини тушунтираркан, солиқлардан қочаётган тадбиркорлар туфайли рақобат муҳити бузилаётганини асосий сабаб сифатида келтирди.

Солиқ маслаҳатчиси, «United Tax Advisor» солиқ маслаҳати ташкилоти директори Мурод Муҳаммаджонов Kun.uzʼга тақдим этган мақоласида товарларнинг бозор нархидан келиб чиқиб солиқ ҳисоблаш мумкинми, бу қанчалик солиқ назариясига тўғри келади, деган саволларга жавоб берган.

“Қарор лойиҳаси солиқларнинг асл моҳиятига зид”

Умуман солиқ назариясида ҳам, солиқ солиш мантиғидан келиб чиқиб ҳам тадбиркорлик фаолиятида ҳисоблаш механизми аниқ бўлмаган рақамлар учун солиқ ҳисобаш мумкин эмас.

Солиқлар қатъий белгиланган ёки аниқ олинган даромадга қаратилган бўлиши лозим. Кейинчалик излаб топиладиган мавҳум рақамлар учун солиқ ҳисоблаш солиқ тўловчиларнинг фақатгина қўрқувда яшашига олиб келади. Тадбиркорлик муҳитига, инвестицион муҳитга салбий таъсир қилади. Қўрқувдаги тадбиркор ривожланишни эмас, бир амаллаб яшаб қолишни ўйлайди. Мавҳум рақамдан солиқ ҳисобланишини кўрган инвестор бундай қонунчилик амал қилаётган ҳудудга яқинлашмайди.

Афсуски, бу қарор лойиҳасини ҳам солиқ назариясига ва умуман олганда солиқларнинг асл моҳиятига, табиатига зид деб ҳисоблаймиз.

Солиқ кодексининг 2-моддасида Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ушбу кодексдан ва қабул қилиниши ушбу кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат бўлиши белгиланган. Солиққа оид барча норматив ҳужжатлар Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Кодекснинг 3-моддасига кўра ушбу кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига бошқача тарзда зид бўлса, ушбу кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилиши белгиланган.