Иқтисодиёт | 21:30 / 02.01.2019
39053
5 дақиқада ўқилади

Қўшилган қиймат солиғи нарх ошишига олиб келадими? 

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон солиқ тизимида қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) амалиётга татбиқ этиш бошланди. Шу билан бирга, товарлар харид қилинганда, маҳсулотга белгиланган нарх таркибидаги ҚҚС миқдори харид чекида ифодаланиши кўпчиликда хавотир уйғотмоқда. Яъни, товарларга ҚҚС қўшилиб, нарх-наво ошиб кетяптими? 

Ушбу саволга жавоб беришдан аввал, ҚҚС нима эканини англаб олиш лозим. Қўшилган қиймат солиғи билвосита солиқ ҳисобланиб, мазкур солиқ суммаси маҳсулот қийматига киритилганлиги учун унинг ҳақиқий тўловчиси бўлиб маҳсулотни ишлаб чиқарувчи эмас, балки шу маҳсулотнинг охирги истеъмолчиси ҳисобланади. 

Ҳисобга олиш механизми орқали ҚҚС тўлашнинг афзаллиги ортади. Масалан, корхона шоколад ишлаб чиқариш учун бошқа корхонадан 1200 сўмга нархланган хом-ашёни сотиб олади. Шундан 200 сўм тўлов ҚҚС бўлиб, ҳақиқатда хом-ашё тан нархи 1000 сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқарилган шоколад қийматини сарфланган харажатларни ҳисобга олган ҳолда аниқлаймиз: 

  • хом-ашё 1000 сўм
  • ишчиларнинг ҳақи 600 сўм
  • бошқа харажатлар 300 сўм
  • устама 600 сўм

Шундай қилиб, тайёр шоколад маҳсулот 2500 сўмга айланди. Унинг сотиш нархига нисбатан 500 сўм ҚҚС (товар ва хизматларнинг 20 фоизи) қўшилиб, сўнгги нарх ҳисоблаб чиқарилади. Шоколадни етказиб бериш нархи 3000 сўмни ташкил этмоқда. Лекин, ушбу ҳолатда корхона бюджетга 500 сўм эмас, балки 300 сўм тўлаши керак. Яъни, ҚҚС ҳисоблаш методидан фойдаланган ҳолда мол етказиб берувчи корхонадан хом-ашё харид қилаётган пайтда товар учун тўланган 200 сўм ҚҚС чегириб ташлаш имконияти мавжуд. Демак, ҚҚС амалга киритилган пайтда тадбиркор нархни оширмай туриб, кўпроқ даромад олиши мумкин. Ёки истеъмолчи товарларни арзонроқ нархга сотиб олиши мумкин. 

Ягона солиқ тўлаш тизимидан фарқли жиҳат шундаки, ҚҚС тизими бўйича тадбиркор ўзигача тўланган қўшилган қиймат солиғини чегириб ташлайди, унинг маҳсулоти (хизмати)га қўшилган қиймат солиғини эса истеъмолчи тўлайди. Korzinka.uz раҳбари Зафар Ҳошимов шундай дейди: 

«Аввалги тизим бўйича маҳсулот иккита қўлдан ўтса, ҳар бир тадбиркор даромад айланмасидан солиқ тўлайверган. Ҳозир вазият бирмунча ўзгаришидан умидвормиз. Аммо, айрим масалаларга эътибор беришимиз керак. Қишлоқ хўжалиги соҳасида айрим муаммолар эртага пайдо бўлиши мумкин», - дейди у. 

Ҳошимовнинг айтишича, улгуржи ва чакана савдода қўшилган қиймат солиғидан озод этилган озиқ-овқат маҳсулотлари сони кам. Рўйхатдан гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти), шунингдек, тирик қорамол ва парранда, балиқ, картошка, пиёз, тухум, гуруч (барча навлар) ҳамда шакар жой олган.

«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҚҚСдан озод этилган. Айрим товарлар сотуви бўйича айланмаси ҚҚСдан озод этилди. Аммо, бошқа товарларни биз ҚҚС билан сотишга мажбурмиз. Халққа мева, сабзавотлар, полиз экинлари ҳам керак. Агар шу тахлитда ишлар давом этса, мен таъкидлаб ўтган бошқа маҳсулотларнинг нархи 17-19 фоизга ошади», - дея Korzinka.uz раҳбари ҳукумат вакилини рўйхатдаги товарлар тури ва сонини кўпайтиришга чақирди. 

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга кўра, ижтимоий тармоқда тарқалган харид чекининг суратида кўрсатилган ҳолатни табиий қабул қилиш керак. У ерда товарларнинг нархи ўтган йил декабрга нисбатан ошгани сезилмаган. 

«Қўшилган қиймат солиғи узилмайдиган солиқ бўлиши керак. Масалан, ердан бир нимани қазиб чиқаришдан бошлаб, ундан тайёрланган маҳсулотни одам еб ё киймагунча, шу қўшилган қиймат солиғи узилмай келиши керак. ҚҚС биринчи тамойили ҳам шу бўлади. Унинг бирор бўғинда узилиб қолмаслигига эришмоқчимиз», - дейди Бош вазир ўринбосари.  

Шунга қарамай, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси харидорларни чалғитмаслик мақсадида намунавий харид чекини ишлаб чиқишга қарор қилди. ҚҚС тизимига ўтилгандан сўнг, намунавий харид чекидан фойдаланишга талаб ортган. ​

Мавзуга оид