Ўзбекистон | 22:27 / 11.07.2020
69801
3 дақиқада ўқилади

«Шифокорлар норасмий даромадга боғланиб қолган» — халқаро эксперт Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ҳақида

Жаҳон банкининг соғлиқни сақлаш бўйича катта эксперти Эльвира Анадулу Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд муаммоларни санаб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: "Тараққиёт стратегияси" маркази

Мутахассиснинг қайд этишича, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ойлик маош ҳажмининг камлиги боис норасмий даромадларга боғланиб қолган.

«Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд норматив-ҳуқуқий платформа самарали ташкил этилмаган.  Тизимда техник, маъмурий ва молиявий масалалар бўйича жавобгарликнинг фрагментациялангани, дейлик, молиялаштириш масаласида бир неча идораларнинг иштироки ресурсларнинг самарасиз тақсимланишига олиб келади.

Мамлакатда бирламчи тиббий-санитар хизмат миқдор жиҳатдан кўп бўлса-да, улар кўрсатаётган хизмат сифат нуқтаи назаридан ҳар доим ҳам юқори эмас. Шифохоналар тизимидан кўра, бирламчи тиббий-санитар тизимга кўпроқ диққат қаратиш, уларнинг фаолиятини демографик кўрсаткичлар, аҳоли орасида кенг тарқалаган касалликлар нуқтаи назаридан мувофиқлаштириш лозим», – деди Эльвира Анадулу ижтимоий соҳада давлат дастури ижроси муҳокамасига бағишлаб «Тараққиёт стратегияси» марказида ўтказилган онлайн давра суҳбатида.

Халқаро эксперт Ўзбекистонда тиббиёт тизимини ривожлантиришда эътибор қаратилиши керак бўлган устувор йўналишларни санаб ўтди.

«Шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида кадрлар тақсимотидаги номувофиқликни бартараф этиш учун тиббий кадрлар тайёрлашнинг узоқ муддатли сиёсати ишлаб чиқилиши керак. Ихтисосликка асосланган тиббий хизмат кўрсатиш тизимидан оилавий врачлар базаси асосида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимига ўтилиши мақсадга мувофиқдир.

Фактга асосланган маъмурий маълумотлар сақланишининг ишончли тизими яратилиши лозим. Бу керакли сиёсий қарорлар қабул қилиниши учун муҳимдир», – деди Анадулу.

Жаҳон банки вакили коронавирус пандемиясининг тиббиёт тизимига кўрсатадиган салбий таъсирларини прогноз қилди.

«COVID-19 пандемияси натижасида касалликларни эрта босқичда аниқлаш имкониятлари қисқариши, сурункали хасталиги бўлган беморларга хизмат кўрсатиш тизимида кечикишлар кузатилиши мумкин.

Шунингдек, болаларни эмлаш тизимида паузалар ва бузилишларнинг бўлиши натижасида янги касаллик тўлқинлари пайдо бўлиши эҳтимолини келтириб чиқариши мумкин. Уйда зўравонлик ҳолатлари кузатилган ҳолатда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар авж олади», деди Эльвира Анадулу.

Мавзуга оид