Вазирлар Маҳкамасининг “Тажрибали шифокорларга тиббий фаолият билан шуғулланиш учун қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш талаблари ва унинг фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланишга олий тиббий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган, оилавий тиббиёт бўйича диплом/сертификатга эга бўлган шифокорларга рухсат этилади.
Якка тартибдаги оилавий шифокорлик билан шуғулланадиган оилавий шифокорлар фаолияти ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органи томонидан мониторинг қилинади.
Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти – касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликлар хавф омиллари ва касаллик асоратини аниқлашга иборат барча масъулиятини ўз зиммасига олган жисмоний шахслар учун тиббий ёрдам қулайлиги ва унинг аҳолига яқинлигини кенгайтириш, шифокорни эркин танлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускор шифокорлик фаолиятидир.
Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш учун оилавий шифокор диплом/сертификатига эга бўлган ва “оилавий шифокор” мутахассислиги бўйича камида икки йил ишлаган шахсларга ўрнатилган тартибда лицензия олгандан кейин рухсат берилади.
Якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун тасдиқланган шаклга мувофиқ ариза Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
Лицензия олиш учун якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган шахслардан базавий ҳисоблаш миқдори 1 баравари миқдорида тўлов ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда тақдирда эса тўлов суммаси 90 фоизи миқдорида йиғим тўланади.
Лицензия берувчи орган ариза қабул қилинган кундан бошлаб тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мувофиқлиги ҳақидаги хулосани олиш учун давлат санитария-эпидемиология назорати тегишли ҳудудий марказига уч иш куни мобайнида аризани йўллаш керак.
Давлат санитария-эпидемиология назорати тегишли ҳудудий маркази ходимлари жойига бориб ўрганиш асосида тузилган хоналар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мослиги ҳақидаги хулосани тақдим этади.











