Ўзбекистон | 18:29 / 10.07.2024
46268
2 дақиқада ўқилади

“Талабга жавоб бермайдиган 20 та давлат олийгоҳи ёпилади” – Қўнғиротбой Шарипов

Талабга жавоб бермайдиган, битирувчиларининг 5-10 фоизигина иш билан таъминланган давлат олийгоҳлари ёпилиши мумкин. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бу асосан олийгоҳларнинг вилоятлардаги филиалларига тегишли эканини маълум қилди.

Ҳозир фақат хусусий эмас, давлат ОТМлари ҳам текширувдан ўтказиляпти, уларнинг талабга жавоб бермайдиган 20 таси ёпилиш арафасида турибди, деб маълум қилди Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Лолазор” лойиҳасидаги суҳбат давомида.

Иқтисодиёт университетида ишлаганимда педагогика йўналишимиз талабга жавоб бермагани учун ёпилган. Жаҳон иқтисодиёти билан боғлиқ бир йўналишимиз ҳам ёпилган. Шунинг учун энди хусусийлар бўлганда ҳам қайсидир йўналишлари ҳам ёпилиши мумкин, худди давлатникидек. Давлат олий таълим муассасаларида айрим жойларда 2-3 сменада ўқиётганлар ҳам бор. Бу асосан педагогика йўналишида”, – деди вазир.

Шу билан бирга, Шарипов талабга жавоб бермайдиган 20 та университет ёпилиш арафасида экани, бунга битирувчиларининг 5-10 фоизигина иш билан таъминлангани сабаб эканини айтиб ўтган.

У университетнинг ўқувчиларига талаб йўқ. Нима қиламиз уни ушлаб, шунча бино, ўқитувчига харажат бўляпти. Масалан, техника йўналишида 6 миллион сўм контракт тўлаяпти, лекин камида 20 миллион сўм харажати бор. Бу кўпроқ вилоятлардаги майда-чуйда филиалларимизга боғлиқ”, – деган олий таълим вазири.

Олдинроқ, Kun.uz ёпилаётган нодавлат олий таълим муассасалари ҳақида суриштирув эълон қилган эди

 

Мавзуга оид