Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ бош котиблигига 4 номзод: улар ким ва қандай сайланади?
Лотин Америкасидан 3 нафар ва Африкадан 1 нафар номзод БМТнинг навбатдаги бош котиби бўлиш учун ўзига хос «кўрик»дан ўтади. Улар шу ҳафта БМТга аъзо давлатлар элчилари олдида ўз дастурини тақдим этади.
БМТ Бош Ассамблеяси зали / Фото: Басил Соуфи
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10-бош котиби 2026 йилда сайланади ва у 2027 йил 1 январдан бошлаб беш йиллик муддатга ўз вазифасига киришади.
Бош котиб бўлиш учун тўрт нафар номзод 21-22 апрел кунлари БМТга аъзо 193 давлат элчилари олдида уч соатлик савол-жавоб сессиясида иштирок этади. Шунингдек, улар Бош Ассамблея залида котиблик даври учун ўз дастурини тақдим этади.
БМТ Низомига кўра, Бош Ассамблея бош котибни Хавфсизлик Кенгашининг тавсияси асосида сайлайди. Бу эса беш доимий аъзо – АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Францияга қарор қабул қилишда вето ҳуқуқини беради.
Associated Press нашрининг ёзишича, анъанага кўра, бош котиб лавозими минтақалар бўйича алмашиб туради. Хусусан, айни вақтда дунёдаги энг катта халқаро ташкилотни 2017 йилдан буён Европа вакили – португалиялик Антонио Гутерриш бошқариб келмоқда. Антониу Гутерриш ғолиб бўлган 2016 йилдаги пойгада 13 нафар номзод иштирок этганди.
Унга қадар 10 йил давомида (2007-2017 йилларда) Осиё вакили – жанубий кореялик Пан Ги Мун БМТда котиб бўлган. Ундан олдинги ўн йилликда (1997-2006 йилларда) эса Африка вакили – ганалик Кофи Аннан БМТ бош котиби бўлган. Нашрнинг ёзишича, бу ёзилмаган қоидага кўра, энди навбат – Лотин Америкаси вакилига келиши керак. Лекин шу вақтга қадар Шарқий Европадан ҳеч ким бу лавозимни эгалламаган.
Кимлар номзод ва уларни қайси давлатлар тавсия қилди?
Reuters нашри БМТнинг амалдаги бош котиби ўрнини эгаллаш учун ўз номзодини кўрсатган даъвогарлар билан таништирди.
Рафаэл Гросси – 65 ёшли аргентиналик профессионал дипломат. У 2019 йилдан бери БМТнинг ядровий назорат бўйича органи (MAGATE) бош директори сифатида ҳамма жойда «ҳозир-у нозир» ва ўта фаол раҳбар сифатида танилди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик узоқ вақтдан бери Эроннинг ядровий дастурини назорат қилиб келаётганди. Гросси 2018 йилда Доналд Трамп АҚШни битимдан чиқарганидан сўнг, Теҳрон ва йирик давлатлар ўртасидаги тарихий ядровий келишувнинг қисмларини сақлаб қолишга қаратилган музокараларга бошчилик қилди.
Инглиз, испан, француз ҳамда итальян тилларида эркин сўзлашувчи Гросси халқаро инқирозлар давридаги «воситачилик (shuttle) дипломатияси» орқали ҳам ўзининг, ҳам агентликнинг нуфузини сезиларли даражада оширди.
Унинг энг катта ютуғи — Россия-Украина урушида фронт чизиғини бир неча бор кесиб ўтиб, Россия томонидан босиб олинган Запороже АЭСга MAGATE'нинг кичик гуруҳини жойлаштиришга эришганидир.
Кўпгина дипломатлар уни БМТ бош котибилигига асосий даъвогар деб ҳисобламоқда. Чунки у йиллар давомида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзоси билан алоқаларни мувозанатда сақлашга ҳаракат қилди. Овоз беришда эса айнан уларнинг роли энг муҳим.
Ребека Гринспан – 70 ёшли сиёсатчи Коста-Риканинг собиқ вице-президенти ва 2021 йилдан буён БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) раҳбари ҳисобланади.
Гринспан сайлов кампанияси пайтида манфаатлар тўқнашуви юзага келмаслиги учун жорий йил сентябрга қадар ўз вазифаларидан вақтинча чекинганини билдирди.
У ўзини ислоҳотчи ва гендер тўсиқларини енгиб ўтган кўп томонлама ҳамкорлик тарафдори сифатида кўрсатмоқда.
Агар Гринспан сайланса, БМТ тарихидаги биринчи аёл бош котибга айланади. «Мен ўзимга алоҳида муносабат кутаётганим йўқ. Мен тенг ҳуқуқли муносабатни хоҳлайман», деди у Reuters агентлигига.
Иқтисодчи бўлган Гринспан ўзини БМТнинг асосий қадриятларини ҳимоя қилган ҳолда, уни янада чаққон ташкилотга айлантира оладиган «етук етакчи» деб ҳисоблайди.
Мишел Бачелет – 74 ёшли сиёсатчи хоним Чилининг икки карра президенти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари бўлган. Шунингдек, у 2010–2013 йилларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «БМТ-Аёллар» (UN Women) агентлигининг ижрочи директори бўлиб ишлаган.
Ўтган ойда Чилининг амалдаги раҳбарияти Бачелетни қўллаб-қувватлашдан воз кечди. Чили президенти Хосе Антонио Каст ҳукумати Бачелетнинг номзоди – ичкарида кенг сиёсий келишувга эга эмаслигини ва халқаро майдонда ғалаба қозониш имконияти пастлигини билдирди. Бироқ у Бразилия ва Мексика кўмаги билан пойгани давом эттиришини маълум қилди.
Маки Салл – 12 йил давомида (2012-2024 йилларда) Сенегал президенти бўлган сиёсатчи ўзининг давлат раҳбари сифатидаги тажрибасини бош котиблик роли учун асосий устунлик деб билади.
64 ёшли Маки ўз президентлиги даврида йирик инфратузилма лойиҳаларини якунлади ва Африка тараққиёти учун курашди. У қарз юкидан қийналаётган давлатларни қўллаб-қувватлаш, ривожланаётган давлатларнинг Хавфсизлик Кенгашида доимий ўринларга эга бўлиш ҳақидаги талабларига қўшилиб, кенгашни тубдан ислоҳ қилишга чақирмоқда.
Нашр ўрганган дипломатик қайдларга кўра, Африкада унинг номзодига муносабат турлича: унинг ватани Сенегал ва Нигерия ҳозирча уни қўллаб-қувватламаяпти. Унинг номзоди Бурунди томонидан илгари сурилган. Агар сайланса, у БМТнинг африкалик бўлган учинчи бош котиби бўлади.
Виржиния Гамба — аргентиналик таниқли дипломат, халқаро хавфсизлик, қурол-яроғ назорати ва инсон ҳуқуқлари бўйича дунёдаги етакчи экспертлардан бири. У 2026 йил 11 март куни БМТнинг навбатдаги Бош котиби бўлиш учун курашда иштирок этишга ҳаракат қилди. Бироқ, орадан 2 ҳафта ўтиб — унинг номзодини илгари сурган Малдив ороллари сабабини кўрсатмаган ҳолда аризасини қайтариб олди.
2016 ва 2026 йиллар: вазият қандай ўзгарди?
Бугунги кунда кўпчилик мутахассислар БМТга янги котиб тайинланишидан жуда катта халқаро ўзгаришлар кутмаяпти. Чунки 2026 йилнинг чуқур қутблашган ва можаролар билан тўла дунёси – 2016 йилдаги нисбатан тинч дунёдан тубдан фарқ қилади.
Бугунги кунда БМТ нуфузи пасайиб кетган. Дунё кучлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар шунчалик чуқурки, БМТнинг қудратли Хавфсизлик Кенгаши – Украина, Ғазо ва Эрондаги урушларни тўхтатишда ожизлик қилмоқда. Кенгашнинг асосий аъзолари бўлган Россия ва АҚШ бугун бошқа давлат билан уруш олиб бормоқда.
Халқаро инқироз гуруҳи таҳлилчиси Ричард Гоуаннинг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда номзодлар ва уларни қўллаб-қувватлаётган ҳукуматлар анча эҳтиёткор бўлиб қолишган. Чунки номзоднинг биргина хатоси Вашингтон ёки Пекиннинг кўнглига тегса, бу жиддий дипломатик зарар келтириши мумкин.
АҚШ ва гендер масаласи
БМТни аёл киши бошқариши кераклиги ҳақидаги босим давом этмоқда, деб ёзмоқда AP нашри. Таҳлилчи Ричард Гоуаннинг фикрича, Трампнинг Оқ уйга қайтиши вазиятни тубдан ўзгартириши мумкин:
«Аввалроқ бу сафар [БМТ бош котиби сифатида] албатта аёл киши ғалаба қозониши керак, деган қараш бор эди. Аммо энди кўплаб дипломатлар АҚШ принципиал жиҳатдан эркак кишининг номзодини талаб қилади, деб тахмин қилмоқда», дейди у.
Хусусан, аёл номзодлардан бири – Мишел Бачелет аллақачон АҚШда қаршиликка дуч келган. 28 нафар республикачи қонун чиқарувчи АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога мактуб йўллаб, Мишелни «абортлар тарафдори бўлган ашаддий мутаассиб» деб атади ва унга қарши вето қўйишни талаб қилишди.
Бундан ташқари, АҚШ сенатори Пит Риккетснинг таъкидлашича, Бачелет 2022 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари раҳбари сифатида Хитойнинг уйғурларга нисбатан ҳаракатларини «геноцид» деб аташдан қочган. Шунингдек, у абортни инсонни асосий ҳуқуқи сифатида тарғиб қилган. Расмий Пекин ҳозирча унинг номзоди бўйича ўз позициясини маълум қилмаган.
Мавзуга оид
18:13 / 22.04.2026
2025 йилда қарийб 8 минг ноқонуний мигрант ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди – БМТ
22:14 / 20.04.2026
Наркотиклар энди виртуал маконда: халқаро ҳамжамият Самарқандда бирлашди
21:35 / 20.04.2026
БМТ Бош котиби лавозимига тўрт нафар номзод кўрикдан ўтади
09:45 / 08.04.2026