Ўзбекистон | 07:39 / 29.04.2024
2563
2 дақиқада ўқилади

Qatar Airways Доҳа-Тошкент йўналишида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўяди

Шу йилнинг 2 июн куни Доҳа-Тошкент-Доҳа авиақатновининг тантанали очилиш маросими ўтказилади.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев Qatar Airways компанияси бош ижрочи директори Бадр Муҳаммад Ал-Мийр билан учрашув ўтказди.

"Дунё" хабарига кўра, мулоқот чоғида давлатлараро тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, карго ташувларини амалга ошириш, замонавий авиахизматлар соҳасида тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Бадр Муҳаммад Ал-Мийр Ўзбекистон ва Қатар ўртасида икки томонлама дўстона алоқалар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаб, ушбу муносабатларни шакллантиришда давлатларни боғлаб турадиган авиақатновларни йўлга қўйиш жуда муҳим эканлигига эътибор қаратди.

"Режаларимиз ва умидларимиз улкан. Дастлаб ҳафтасига 4 марта, кейинчалик эса кунлик равишда ҳаво қатновларини амалга оширишни режалаштирганмиз", – дея таъкидлаган у.

Бундан ташқари, тўғридан тўғри авиақатновлар орқали ўзаро туристлар оқими ва икки томонлама савдо ҳажмлари ҳам ошиб бориши урғуланди.

Учрашув якунида томонлар шу йилнинг 2 июн куни Доҳа-Тошкент-Доҳа авиақатновининг тантанали очилиш маросимини ўтказишга келишиб олди.

Мавзуга оид