Ўзбекистон | 09:32 / 02.01.2018
56729
2 дақиқада ўқилади

Божхона ходими бўлиш учун қайси ўқув юртини тугатиш керак?

Фото: Давлат божхона қўмитаси

САВОЛ: Ўзбекистон Республикасининг божхона органлари хизматига ишга қабул қилиниш учун қайси мутахассислик бўйича олий билим юртини тугатган бўлиши керак ва қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Зарина Истамова.

ЖАВОБ: Амалдаги тартибга кўра, божхона органлари хизматига асосан олий юридик ёки иқтисодий маълумотига эга, Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган ёки сафарбарлик чақирув резервида бўлган, 18 ёшга тўлган, лекин 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари кўнгилилик асосида хизматга қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 майдаги 229-сонли қарори асосида ташкил этилган Олий ҳарбий божхона институти божхона органлари учун божхона иши ва юриспруденция мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий ўқув юрти бўлиб, ҳозирда божхона органларидаги бўш ўринлар асосан уни ҳар йили битираётган тингловчилар ҳисобидан жамлаб келинмоқда.

Божхона органларига ишга кириш истагида доимий рўйхатда турган ҳудуддаги божхона органларининг Кадрлар хизматига мурожаат этишингиз мумкинлигини, уларнинг манзили Давлат божхона қўмитасининг интернетдаги customs.uz сайтига жойлаштирилганлигини маълум қиламиз.

Саволга Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси маъсул ходими Азиз Дўстиёров жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.

Мавзуга оид