Ўзбекистон | 19:05
915
2 дақиқада ўқилади

Талаба қизларга ҳарбий тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи кафолатланиши мумкин

Сенатда “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг олий таълим муассасаларида ижро этилиши ҳолати ўрганилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

31 март куни куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлашга оид қисми Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, олиб борилган ўрганишлар, аҳоли билан мулоқотлар, қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили соҳада айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагида бўлган хотин-қизлар сони кўпайиб бораётган бир шароитда уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини кафолатловчи асослар етарли эмас.

Жумладан, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган фақат эркак талабалари ҳарбий тайёргарликдан ўтиши белгиланган.

Сенаторлар бу каби муаммоларни ҳал этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларини чуқур таҳлиллар асосида ўрганиб, такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган эркак талабалари, шунингдек тиббий олий таълим муассасаларининг талабалари жинсидан қатъий назар ҳарбий тайёргарликдан ўтиши белгиланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид