Мақсадим газни четга сотмаслик, халқимиз манфаатлари ва саноатга йўналтириш – Шавкат Мирзиёев
29 июль куни ОКМК қошидаги 3-бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тошини қўйишга бағишланган тадбирда нутқ сўзлаган давлат раҳбари Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятига ҳам тўхталиб ўтди.
«Бир вақтлар Ўзбекистон экспорти асосан олтин, газ ва пахта ҳисобидан бўларди. Ҳозир газнинг фақат 20 фоизинигина экспорт қиляпмиз. Савол туғилиши мумкин, газ қаерга кетяпти? Газимизни ўзимизнинг саноатимизга йўналтиряпмиз, иш ўринлари яратяпмиз. Менинг мақсадим умуман газни четга сотмаслик, саноатга йўналтириш, халқимиз манфаатлари учун ишлатиш.
Пахтадан кўпи билан 1 млрд доллар даромад қилган бўлсак, ҳозир ўзимизда чуқур қайта ишлаш орқали бу кўрсаткич бир неча марта ошган.
Барчангиз кўриб-билиб турибсиз, ҳозирги вақтда дунёда «яшил иқтисодиёт»ни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор кун сайин кучайиб бормоқда.
Дунё саноати электр энергияси ёрдамида ишлайдиган автомобиллар ва улар учун зарур ускуналар ишлаб чиқаришга ўтмоқда.
2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши прогноз қилинмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, Олмалиқ комбинати ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга халқаро талаб узоқ йиллар давомида сақланиб қолади.
Ана шу ҳолатни ҳисобга олиб, 2017 йилда «Ёшлик-1» конлари комплексини ўзлаштириш бўйича амалий ишларни бошлаган эдик. Ўтган 4 йил мобайнида барча зарур геологик тадқиқотлар ва 83 миллион куб метрдан ортиқ ҳажмдаги қазиш ишлари бажарилди.
Мана энди дастлабки босқичда қиймати 2 миллиард доллар бўлган, янги учинчи мис бойитиш фабрикасини қуришни бошлаяпмиз.
Ушбу корхона 2024 йилга бориб йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконини беради. Эътибор беринг, ОКМК 70 йиллик тарихи давомида ўртача 40 млн тонна рудани қайта ишлаган. Биргина бу янги корхона туфайли қайта ишлаш кўрсаткичи 1,5 баробар ошади.
Иккинчи босқичда эса қувватлар 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди.
Ана шу икки босқични амалга ошириш туфайли корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Шу тариқа, Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади.
Комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати ҳозирги 2,5 миллиард доллардан қарийб 8 миллиард долларга етади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
07:31
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
14:13 / 21.11.2024
Акмал Саидов Шавкат Мирзиёевга: “Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори ким дейишса, сизни айтардим”
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
17:59 / 20.11.2024