Акмал Саидов Шавкат Мирзиёевга: “Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори ким дейишса, сизни айтардим”
“Яқиндагина чоп этилган китобингизда парламентга оид ғояларнинг қаймоғини кўрдим”, деди Қонунчилик палатасининг илк йиғилишида нутқ сўзлаган депутат Акмал Саидов давлат раҳбарига қарата.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қайта сайланган депутат Акмал Саидов палатанинг 18 ноябр кунги илк мажлисида сўзга чиқиб, мажлисда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёевни “Янги Ўзбекистон парламентининг меъмори” деб атади.
“Бугун мен парламентга оид яна бир қанча ҳикматли тушунчаларни киритганингизни эшитдим. “Янги Ўзбекистон парламенти”, “Парламент – халқ уйи, демократия мактаби” дегандингиз. Бугун айтдингизки, “бугун бу – халқ хизматчиси”. Кейин “Халқ уйидан халқчил қонунлар чиқиши керак”, деган янги бир ҳикматли сўзларни айтдингизки, шунда мен ўйлаб қолдим. Ким бу Янги Ўзбекистон парламентининг ташаббускори, меъмори дейишса, мен сизни айтардим.
Қуруқ сўз бўлмаслиги учун рақамлар келтирмоқчиман. Мана шу сўнгги 8 йил ичида сиз мана шу минбардан 14-марта гапирдингиз. 4 марта Сенатда гапиргансиз. Ундан ташқари, 4 марта парламент олдида мурожаатномалар билан чиққансиз”, – деди Акмал Саидов.
“Яқиндагина чоп этилган сизнинг иккинчи фундаментал китобингиз – “Ҳозирги замонав ва Ўзбекистон” китобида парламентга оид ғояларнинг квинтэссенцияси, ёки қаймоғини кўрдим, десам муболаға бўлмасди. Сизнинг бутун фаолиятингизда парламент ҳар доим диққат марказида турган. Конституциямизда президентга турли давлат ҳокимияти органларининг мувофиқлаштириш вазифаси берилган. Бу ҳам қонун чиқарувчи ҳокимиятни, ҳам ижро ҳокимиятини, суд ҳокимияти билан сиз мана шу ишни ҳақиқатан конституциявий даражада бажариб [келяпсиз]. Шунинг учун ҳам парламентга жуда ҳам кўп эътибор берасиз”, – деди депутат.
Саидовга кўра, президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга келган барча парламентлараро ташкилотларнинг раҳбарларини қабул қилган, хорижга сафарлари вақтида ўша мамлакатлар парламентларининг раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказган.
“Бу билан сиз бизга ўрнак бўлиб келяпсиз. Бугун яна бир марта гапингиз тўғри: “Бугунги парламент кечаги парламент эмас. Бугунги депутат кечаги депутат эмас. Бугунги партия фракцияси кечаги партия фракцияси эмас”, деган қоидани жудаям тўғри айтдингиз. Бу бизларга катта ўзгаришларнинг исботи. Ҳар бир ислоҳотда бу парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, назорати, парламентлараро алоқалари бўйича фикрларингизни айтиб келгансиз.
Бугун ҳам мана шу янги парламент комиссиясини тузиш – халқ конституциямизда белгиланган юз мингта фуқаронинг қонун ташаббуси чиқиши мумкинлигини кўрсатиб бердингиз. Бу ташкилий-ҳуқуқий йўлни кўрсатдингиз. Битта ташаббус чиқардингизки, сўнгги йилларда тўртта кодекс қабул қилдик. Майда кодексларнинг ўрнига бир яхлит қабул қилиш керак эди. Охиргиси, ЎзЛиДеПни ташаббуси билан Тадбиркорлик кодекси, кейин Сув кодекси, Шаҳарсозлик ва Сайлов кодекси кабилар…
Ҳар бир дунёдаги парламентнинг асосий иши – давлат бюджети, чунки давлат бюджети асосан парламентда тақсимланади. Қандай назорат қилиш керак, ижро ҳокимияти буни қилолмайди. Ҳозир сиз парламент келгуси йиллар учун 8 та устувор йўналишларни кўрсатдингиз”, – дейди у.
Акмал Саидов Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонгдан иқтибос келтириб, бутун дунёда давлат бошлиқлари парламентдан қўрқиши, парламентни имкон қадар чеклашга ҳаракат қилишини айтди. “Лекин сизнинг президентлигингиз парламентни қўллаб-қувватлаб, учта тармоқ – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятни битта олиб боради. Бу ҳам жаҳонда ўрганиладиган ижобий нарсалардан бири, деб айтганди”, – дейди Саидов.
66 ёшли Акмал Саидов Олий Мажлис депутатлигига 1997 йилдан буён сайланиб келмоқда. Унга қадар Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси лавозимида ишлаган. Сиёсатчи 2007 ва 2015 йилларда президентлик сайловларида Ислом Каримовга рақиб бўлган. У 1996 йилдан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ҳам ҳисобланади.
Мавзуга оид
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
19:47 / 11.12.2024
Мирзиёев ва Путин икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди
15:25 / 06.12.2024