Ўзбекистон | 15:51 / 03.05.2021
4484
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги қамоқхонада «Омбудсман қутиси» олиб қўйилгани, маҳкумларнинг ётоқхонаси талабга жавоб бермаслиги ва меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётганлиги маълум бўлди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зухра Реймова Қўнғирот туманидаги 28-сонли манзил колониясида мониторинг ишларини олиб борган.

Мониторинг давомида муассасада жойлаштирилиши мажбурий бўлган «Омбудсман қутиси»нинг олиб ташланганлиги аниқланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Колония бошлиғининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда манзил колониясида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, «Омбудсман қути»лари вақтинча олиб қўйилган. 

Мониторинг давомида минтақавий вакил Зухра Реймова маҳкумларнинг ётоқхоналари белгиланган талаб меъёрларига жавоб бермаслиги бўйича ҳам ўз тавсияларини берган.

Шунингдек, Омбудсман вакили муассасада сақланаётган шахсларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳақида масъул шифокор билан суҳбатлашганда, у дори-дармон, ускуналардан камчилик ва муаммолар йўқлигини, шароитлар қониқарли даражада эканлигини билдирган.

Манзил колониядаги шароитлар кўздан кечирилган. Минтақавий вакил маҳкумлар билан суҳбат ўтказди. Мурожаатчилар томонидан меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётганлиги, жумладан, уларнинг иш вақти кунига 7 соат этиб белгиланган бўлишига қарамай, айрим пайтлар 8 соатдан мажбурий ишга жалб этилаётгани билдирилди. Мазкур ҳолат Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили аралашуви билан ижобий ҳал этилган.

Маҳкумлар билан ўзаро суҳбат давомида келиб тушган мурожаатлар асосан суд-тергов жараёни билан боғлиқ бўлди.

Мавзуга оид