Сайёр қабулдаги можаро: Светлана Ортиқова фуқаро билан жанжаллашиб кетди, мурожаатчининг муддаоси нима?
Бу яқинда жамоатчиликка маълум бўлган адлия вазирлиги ходими қамоққа олиниши билан боғлиқ иш.
3 май куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида ташкиллаштирилган сайёр қабулда можароли ҳолат кузатилди. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ниғматилла Йўлдошев билан учрашмоқчи бўлган аёл ва унинг қайнотасини раҳбарининг қабулига ўтказишни истамади. Мурожаатчилар бунга эътироз билдирганда эса уларга қўпол муносабатда бўлиб, ички ишлар ходимларига аёлни бу ердан олиб кетишни буюрди.
Мурожаатчи Севара Равшанова Бош прокуратура мулозими билан ўртасида рўй берган можарога нима сабаб бўлганини сўзлаб берди.
“Светлана Ортиқова бош прокурор қабулига киришимизга қаршилик қилди. Сайёр қабулга келганларни аввал бош прокурор ўринбосарлари эшитиб кўришаётган экан. Ташкилотчилар бизни Светлана Ортиқовага йўналтиришди. У дардимизни эшитиб, олдин менга мурожаат қилмагансизлар, аризани олиб қоламан, ёрдамчиларим кўриб чиқишади деб айтди.
Ҳолбуки бу пайтгача айни масала юзасидан Бош прокуратурага 5 марта мурожаат қилгандик. Бирортасига жавоб келгани йўқ. Шу сабабли Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, бош прокурор қабулига кириш учун ёрдам сўрагандим. 2 май куни кечқурун Президент администрациясидан қўнғироқ қилишиб, эртага Бўкага етиб боришимни айтишди. Шу сабабли келгандим бу ерга. Бизни Светлана Ортиқова қабул қилсин деганим йўқ эди ҳеч кимга.
У эса қайнотам иккимизни бош прокурор олдига ўтказмади. Ортиқова аризамизни олиб қолиб, бизни жўнатиб юбормоқчи бўлди. Шунда қайнотам: “Майли, унда аризанинг иккинчи нусхасига мурожаатимизни олиб қолганингиз ҳақида қўл қўйиб беринг”, деб айтди. У қўл қўймаслиги, ёрдамчиси қўл қўйиб олиб қолишини айтди. Қайнотам бу ҳолда бош прокурор қабулига киришимизга имкон беришини сўради. Шунда у аёл: “Сиз кимсиз менга буйруқ беришга?” деб айтди.
Унинг қайнотамга қилган муомаласи иззат-нафсимга тегиб кетди. “Муомалангизни тўғриланг. Ўзингиз кимсиз? Менга сизнинг қабулингиз керак эмас. Фақат бош прокурорнинг қабулига кириш учун бу ерга келдим” дедим унга. Шу жараёнда Ортиқова қўлимдаги аризамни шахсий ҳужжатларим билан биргаликда юлиб олишга ҳаракат қилди. Табиийки, мен қаршилик кўрсатдим. Шу жараёнда ариза йиртилиб кетди. Бундан янада асабийлашдим”, дейди мурожаатчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Мурожаатчиларнинг муддаоси
Севара Равшанова – Адлия вазирлиги марказий аппаратида ишлаган, шу йилнинг 3 феврал куни қамоққа олинган Ҳусан Равшановнинг умр йўлдоши. Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Абдумуталиб Дадажоновни коррупцияда айблаш орқали унга туҳмат қилишда гумонланаётган Ҳусан Равшанов ҳибсда эканидан жамоатчилик апрел ойига келибгина хабар топганди.
Kun.uz ихтиёридаги дастлабки тергов ҳужжатларидан кўринишича, Facebook ижтимоий тармоғида “Sanjar Karimov” номли аккаунт эгаси 2022 йилнинг 18 апрел куни ўз саҳифасида мақола эълон қилган. Мақолада 2019 йил январ ойидан 2022 йил апрел ойига қадар Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи бўлган, ҳозирда Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Абдумуталиб Дадажонов пора беришда далолатчилик қилганликда айбланган.
2022 йил 3 май куни ҳам “Sanjar Karimov” аккаунти Facebook'да Абдумуталиб Дадажоновни оғир жиноят, яъни такроран пора олишда айблаган. Тергов бу айбловларни туҳмат деб баҳолаган.
Севара Равшанова Kun.uz мухбири билан суҳбатда Facebook’даги “Sanjar Karimov” номли аккаунт турмуш ўртоғига тегишли эмаслигини таъкидлади.
Ишга доир расмий ҳужжатларда тергов ҳаракатлари давомида Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшановнинг хизмат хонасидаги фойдаланувида бўлган компьютерда юқоридаги ҳолатларга алоқадор мазмундаги файллар борлиги аниқлангани келтирилади.
Адлия вазирлиги баёнотида ҳам Равшанов ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб келгани аниқланиб, материаллар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилгани қайд этилганди. Равшанова ҳам ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, умр йўлдоши учинчи шахслар фитнаси қурбони бўлганини айтмоқда.
“Турмуш ўртоғим Адлия вазирлигида Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бош маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Уларга бошлиғи қанақадир маълумотларни ташлаб, деталларни бир-бирига мослаб, чиройли қилиб, ёзиб бер ва менга ташла, деган. Эрим шу маълумотларни ёзиб, ташлаб берган, холос. Турмуш ўртоғимнинг иши буюртма бўлган, уюштирилган”, — дейди у.
Севара Равшанова турмуш ўртоғига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳануз судга оширилмагани, гумонланувчи 3 февралдан бери қамоқда ушлаб турилганидан норози бўлиб Бош прокурор қабулига киришга учун президент Шавкат Мирзиёев номига ёзган аризаси ортидан Президент администрацияси томонидан Бўкада ташкил этилган сайёр қабулга таклиф этилган.
“Турмуш ўртоғим 2023 йил 3 феврал куни 139-модда (Туҳмат) билан айбланди. Кейин жиноят ишига 237-модда (Ёлғон хабар бериш) ҳам қўшилди ва эримни қамоққа олишди. Шундан бери турмуш ўртоғим қамоқда. Ваҳоланки, тергов 15 апрел куни тугатилган.
Тергов давомида эрим 237-модда бўйича айбсиз экани тасдиқланди ва айбловдан бу модда олиб ташланди. Шунга қарамасдан, эрим ҳалигача қамоқда сақланмоқда. Бу иш бўйича тергов хулосаси берилган, тергов якун бўлган. Лекин эрим ҳалигача қўйиб юборилмаяпти. Иш судга ошмаяпти”, – дея бош прокурорга муддаосини баён қилди Севара Равшанова.
Мурожаат бош прокурор назоратига олинди
Севара Равшанова Бош прокурор қабулида ички ишлар ва прокуратура ходимлари уни “копток қилишаётгани”, турмуш ўртоғининг иши қачон судга ошиши ҳақидаги оддий маълумотни адвокатларга ҳам айтишмаётганини билдирди.
“Майли, эримнинг айби бўлса, судга чиқаришсин. Масалани суд кўриб чиқсин. Аммо нега терговни якунласа-да, ишни судга оширмай ҳали-ҳамон ушлаб туришгани ноаниқ”, — дея ёзғиради аёл.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев аризачининг кўз ўнгида масъулларга қўнғироқ қилиб, тергови якунланган иш нега ҳалигача судга чиқмаганига аниқлик киритди.
Бош прокурор қўнғироқ қилган мансабдор Равшан Ҳусановга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов хулосаси 28 апрел куни судга юборилганини маълум қилди.
Севара Равшанова Ниғматилла Йўлдошевдан эрига нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилишида амалий ёрдам сўради. Бош прокурор ушбу мурожаатни шахсан назоратга олиши, ён дафтарчасига ариза тафсилотларини ёзиб олганини, ёрдам беришга ҳаракат қилишини билдирди.
Kun.uz воқеа тафсилотларини кузатишда, давлат мулозимлари сўзларининг уддасидан қанчалик чиқишини ўрганишда давом этади.
Мавзуга оид
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
18:41 / 16.08.2024
Ниғматилла Йўлдошев Кураш федерацияси раислигига қайта сайланди
18:42 / 19.07.2024
Қирғизистон ва Ўзбекистон маҳкумларни топшириш бўйича шартнома имзолади
13:36 / 21.06.2024