Ўзбекистон | 20:31 / 20.02.2021
36909
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки нафар «Тез ёрдам» ходими тажовузга учраб, реанимацияга ётқизилди

Тошкентда икки нафар тиббиёт ходимига марҳумнинг яқинлари томонидан тан жароҳати етказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

19 февраль, тунги соат 23:13да тез тиббий ёрдам колл-марказига Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги хонадонларнинг биридан чақириқ тушган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, тез ёрдам бригадаси чақирув жойига соат 23:25да, яъни 12 дақиқада етиб борган ва беморнинг аҳволи ўта оғир бўлгани учун у зудлик билан пойтахтдаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига етказилган.

Муассаса бош шифокори Б. Мамажоновга кўра, шифохонада 52 ёшли бемор Д. Н.га «Гипертония касаллиги. Гипертоник криз. Ўпка шиши ва агонал ҳолат» ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Бу пайтда беморнинг ҳолати оғир бўлиб, кўз қорачиғи кенгайган, фотореакция аниқланмаган, нафас активлиги кузатилмаган, уйқу артериясида ҳам пульсни аниқлаб бўлмаган ва шу тариқа беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган.

«Беморга сунъий нафас юбориш, юракни бевосита массаж қилиш, дефибриллятор орқали таъсир қилиш ва бошқа муолажалар қилиниб, юрак ва нафас реанимацияси 30 дақиқа давомида 3 марта қайта ўтказилган. Стандартлар бўйича амалга оширилган тезкор муолажаларга  қарамасдан, беморда биологик ўлим қайд этилган», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, беморнинг вафоти ҳақида яқинларига маълум қилинганда унинг фарзандлари хизмат вазифасини бажараётган  шифокорларга нисбатан сабабсиз жисмоний тазйиқ ўтказган.

Бунинг оқибатида:

  • шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг шифокори, 32 ёшли Д.У. «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Кўкрак қафаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, травматик шок 1,2-даража» ташхиси билан;
  • яна бир тез тиббий ёрдам хизмат ходими, 21 ёшли А.А. «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши. Кўкрак қафаси соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши» ташхиси билан мазкур шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган.
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугун, 20 февраль тонгида ҳам жабрланган тиббиёт ходимларининг аҳволи оғирлигича қолаётгани ва уларга махсус жарроҳлик амалиётига тиббий кўрсатма борлиги сабабли улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллаган.

«Унда юқорида қайд этилган ҳолатни қатъий назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралди», – дейилади ССВ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ахборотида.

Мавзуга оид