Ўзбекистон | 17:18 / 12.12.2023
23368
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги тиббиёт бирлашмасида шифокор пичоқланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи ушланган.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмасида шифокор пичоқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.

Маълум қилинишича, 11 декабр куни  Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмасида фуқаро Н.А. ушбу бирлашма бошлиғи Н.Х. билан ўзаро келишмовчилик сабабли жанжаллашиб, ёнида бўлган пичоқ билан унга оғир тан жароҳати етказган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё» сўровига кўра аниқлик киритишича, воқеа куни 27 ёшли А.Н. Nexia-3 машинасида кириб келган. Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Н.Х. уни тўхтатиб, шифохона ҳудудида автомашинасини тез ҳайдагани бўйича танбеҳ бериб, тушунтирмоқчи бўлганида у шифокор билан ўзаро жанжаллашиб кетган.

Жанжал давомида шифокор А.Н.нинг юз қисмига қўллари билан урган. А.Н. эса ёнида бўлган пичоқ билан Н.Х.нинг танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Н.Х. тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган. 

Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси берган дастлабки маълумотномага кўра, Н.Х.да ўнг томонлама кўкрак қафаси олди юзаси қўлтиқ ости чизиғи бўйлаб 5-, 6-қовурғалар оралиғига 1,5-1 сантиметр атрофидаги кўкрак қафасини тешиб ўтган жароҳати ҳамда ўмров ўрта чизиғи бўйлаб 7-, 8-қовурғалар оралиқ соҳасига 1,5-0,5 сантиметр кўкрак қафасини тешиб ўтмаган жароҳатлар мавжудлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси  2-қисми «л» банди (қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Н.А. ушланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид