Жаҳон | 23:32 / 03.04.2020
7120
2 дақиқада ўқилади

Amazon коронавирус пандемияси шароитида 80 минг нафар янги ишчи ёллади  

Amazon интернет-ритейлери коронавирус пандемияси шароитида интернет орқали етказмаларга талаб ошаётгани сабабли бир неча ҳафта ичида 80 минг нафар янги ишчи ёллади.

Фото: Getty Images

Компания умумий ҳисобда 100 минг кишини ишга олишни режалаштирган.

Компаниянинг глобал операциялар бўйича вице-президенти Дейв Кларкнинг таъкидлашича, ҳозирда компанияда ҳар куни 100 минг ходимнинг тана ҳарорати ўлчанмоқда. Кейинги ҳафтадан Amazon’нинг АҚШ ва Европадаги ҳамда Whole Foods Market супермаркетларидаги ходимларининг ҳарорати ўлчана бошланади. Компания, шунингдек, кейинги ҳафтагача барча объектларини ниқоблар билан таъминламоқчи.

Компания омборларидаги ишчилар ва соатбай ишловчи бошқа ходимлар компания раҳбариятини уларни ҳимоялаш бўйича чораларни кучайтиришга чақирган. Жорий ҳафтада компаниянинг АҚШдаги 15 та омборида коронавирусга чалинган ёки касаллик аломатлари сабабли карантинга ўтирган ходимлар аниқланган.

АҚШда Amazon’нинг ходимлари сони 500 минг кишидан ошади. Шунга кўра, компания АҚШда иш берувчи иккинчи рақамли йирик хусусий компания ҳисобланади.

АҚШда ходимлари сони бўйича (1,5 млн ходим) етакчилик қилувчи Walmart Inc. компанияси ҳам аввалроқ ходимларига ниқоблар тақдим қилиш ва ҳар ишчи смена бошланиши олдидан уларнинг тана ҳароратини ўлчашни режалаштираётганини эълон қилган. 19 мартдан бошлаб компания 65 минг нафар янги ходим ёллаган ва яна 150 минг нафар ёллашини маълум қилган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид