Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
Ҳолат “Малик” чегара ўтказиш пунктида аниқланган: бувининг ёнидан 468 дона, 14 ёшли неварасининг ёнидан эса 454 дона тақинчоқ топилган. Тилладан ясалган бриллиант тошлар ўрнатилган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 6,7 кгдан ошган, умумий қиймати эса 5,6 млрд сўмни ташкил қилган.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан “Малик” чегара ўтказиш пунктида йирик миқдордаги қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, божхона пункти орқали ҳаракатланаётган фуқаролардан бири холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилган. Жараёнда у ички кийимлари орасидан оёқларининг юқори қисмига 19 дона ўрам яшириб ўтаётгани маълум бўлган.
Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида уларнинг ичида 9 турдаги 468 дона қимматбаҳо металлдан ясалган ва бриллиант тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари борлиги аниқланган.
Ушбу шахс заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишда ёнидаги 14 ёшли неварасидан ҳам фойдаланишга уринган. Невара белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, унинг ҳам ички кийимлари орасига 12 дона ўрам яширилгани аниқланди. Мазкур ўрамларда эса 8 турдаги 454 дона тақинчоқ борлиги маълум бўлган.
Божхона назоратидан яширилган жами 922 дона тилладан ясалган бриллиант тошлар ўрнатилган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 6,7 килограммдан ошган. Уларнинг умумий қиймати эса 5,6 млрд сўмни ташкил қилган.
Қўмита республикага жисмоний шахслар томонидан 65 граммгача оғирликдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилганини эслатиб ўтган.
Мавзуга оид
15:30 / 23.10.2024
9 ойда божхонада қанча қурол ва ўқ-дори ушлаб қолингани айтилди
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
18:08 / 01.10.2024
Божхона постида Ўзбекистонга олиб кирилаётган пневматик қуроллар ва 2,7 минг дона ўқлар тўхтатиб қолинди
13:20 / 29.09.2024