Ўзбекистон | 21:00 / 26.07.2019
20930
5 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан таъсис этилган корхона ақлли газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқаради

24 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида «Ўзтрансгаз» АЖ мутасаддилари иштирокида «Мамлакатда истеъмолчиларни электр энергияси, шунингдек, табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш масалалари» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтган.

«Ўзтрансгаз» АЖ матбуот хизмати томонидан тарқатилган пресс релизга кўра, «замонавий газ электрон ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича «Артел» компанияси билан музокаралар олиб борилмоқда. Келгусида шартнома тузилиб, республика аҳолисини замонавий газ электрон ҳисоблагичлари билан таъминлаш кўзда тутилган».

Газ ҳисоблагичлари республикадаги 3,4 млн истеъмолчига «Ўзтрансгаз» АЖнинг ўз маблағлари томонидан ўрнатилади. Газ электрон ҳисоблагичлари босқичма-босқич ўрнатилиб, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлар олиб борилади ва истеъмолчиларга замонавий газ электрон ҳисоблагичлари ўрнатилади.

Бунгача 16 июль куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи мажлис ўтказилган.

Йиғилишда «Ўзтрансгаз» АЖ газ ҳисобловчи замонавий ускуналар ишлаб чиқарилиши бўйича буюртмачи этиб белгиланган.

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Элбек кўчаси 61-уй манзилида ишлаб чиқариш мажмуасини жойлаштирувчи «TEXNOPARK» МЧЖ маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси этиб белгиланган.

Лойиҳанинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг «TEXNOPARK» МЧЖга газни ҳисобловчи асбоблар ишлаб чиқариш учун ускуналар ва бутловчи қисмлар, шунингдек, ишлаб чиқариш майдонларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун ажратиладиган кредит маблағлари;
  • «Ўзтрансгаз» АЖнинг газ ҳисоблаш асбобларини харид қилиш ҳамда «FIDO BIZNES» МЧЖнинг хизматларига хақ тўлаш учун ажратган маблағлари.

Мажлис баённомасига кўра, Молия вазирлиги ва Энергетика вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 400 миллион АҚШ долларига тенг суммадаги табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимининг (ГНҲАТ) лойиҳасини молиялаштириш манбаларини ишлаб чиқиш учун бир ой муддат ажратилган.

Хўш, «TEXNOPARK» МЧЖ қаердан пайдо бўлди? Биздаги маълумотларга кўра, маиший электр асбоблар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «TEXNOPARK» МЧЖнинг устав жамғармаси 400 миллион сўмга тенг. Компания раҳбари сифатида Аҳадов Сарвар Саиджаҳонович кўрсатилган. Таъсисчилар ва уларнинг устав жамғармасидаги улушлари қисмида Тошкент шаҳар ҳокимлиги 100 фоиз улуш билан кўрсатилган.

«TEXNOPARK» МЧЖ директори сифатида кўрсатилган Аҳадов Сарвар Саиджаҳонович бунгача маиший кондиционерлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «DREAM PRODUCTION» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаган. Бу ерда эътиборли жиҳат битта: «DREAM PRODUCTION» МЧЖ қўшма корхонаси манзили «ARTEL GROUP»ники билан бир хил — Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 2-уй.

Биз «ARTEL ENGINEERING AND MANAGEMENT» МЧЖ директори ўринбосари Дилшод Рўзметов билан боғланиб, бу борада сўраганимизда, «ARTEL» савдо белгисининг ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган ақлли газ ҳисоблагичларга алоқаси йўқлигини, бундай маҳсулот ишлаб чиқариш назарда тутилмаётганини таъкидлаб ўтди. «TEXNOPARK» МЧЖ борасида сўраганимизда эса у «ARTEL»нинг бу корхонага алоқаси йўқлиги, бу давлат иштирокидаги корхона эканлигини айтиб, бошқа изоҳ тақдим этмади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3384-сон қарори қабул қилинган эди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида дастлаб 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техник воситаларини «Sagemcom» (Франция), «Elster GmbH» (Германия) компаниялари ва «Toshelectroapparat» МЧЖ ХКдан истисно тариқасида тендер савдоларини ўтказмасдан харид қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган эди.

Ишчи комиссиясининг қарорига асосан «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ мазкур лойиҳа доирасида ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни уларни республикада ишлаб чиқариш йўлга қўйилгунга қадар кўрсатилган ишлаб чиқарувчилардан қўшимча харид қилиши мумкинлиги белгиланган эди.

Мавзуга оид