20:37 / 28.05.2024
5575

“Ўзтрансгаз”нинг солиқ тўловлари кескин камайди

Магистрал газ тармоқлари оператори январ-апрел ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43 фоизга, апрелда эса январга нисбатан 6,2 баробарга кам солиқ тўлади. Компанияга солиқ имтиёзлари берилган бўлиши мумкин. Аввалроқ “Ўзтрансгаз”даги улушларнинг бир қисми ишончли бошқарувга берилгани ҳақида хабар тарқалган, энергетика вазири бундан хабари йўқлигини айтганди.

Фото: “Ўзтрансгаз”

“Ўзтрансгаз” 2024 йилнинг январ-апрел ойларида 351 млрд сўм солиқ тўлаган. Бунда январда – 117,9 млрд сўм, февралда – 86,6 млрд сўм, мартда – 127 млрд сўм, апрелда эса бор-йўғи 19,2 млрд сўм солиқ тўлаган.

Давлат солиқ қўмитаси Kun.uz'га тақдим этган бу рақамлар, апрелда “Ўзтранcгаз” йил бошига нисбатан 6,2 баробар камроқ солиқ тўлаганини кўрсатяпти.

Маълумотларга кўра, апрел ойида компания фақатгина 19,2 млрд сўм қўшимча қиймат солиғини тўлаган. Бошқа солиқлар, хусусан, ер солиғи, мулк солиғи, сув солиғи, фойда ва акциз солиқлари бўйича тўловлар амалга оширилмаган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича эса 146 млн сўмлик қарз қайд этилган.

Йил бошидан бери “Ўзтрансгаз” фойда ва акциз солиқлари ҳамда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни, феврал ойидан бери эса сув солиғини тўламаган. Феврал-март ойларида мулк солиғи бўйича атиги 8,8 млн сўмлик тўлов қилинган.

Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда, “Ўзтрансгаз” қарийб 43 фоизга камроқ солиқ тўлаганини кўриш мумкин. Ўтган йилнинг январ-апрел ойларида солиқ тушумлари 614 млрд сўмни ташкил қилган.

Умуман, компания ўтган йилнинг март ойидан бери фойда ва акциз солиғини тўламаган. Унгача фойда солиғи бўйича 3,88 млрд, акциз солиғи бўйича эса 51,29 млрд сўмлик солиқлар ҳисобланган. Эътиборли жиҳати, ўтган йилнинг мос даврида компания ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни тўлаган.

Рақамлар “Ўзтрансгаз”га бир қатор солиқлар бўйича имтиёзлар берилган бўлиши мумкинлигини кўрсатяпти. Kun.uz бу борада Солиқ қўмитасига қўшимча саволлар юборди.

Аввалроқ компания январ-март ойларида 418,6 млрд сўм солиқ тўлагани бўйича маълумот берилганди. Давлат солиқ қўмитаси кейинроқ баёнот бериб, 2024 йил январ-март ойларида “Ўзтрансгаз”дан бюджетга 418,6 млрд сўм солиқ тушуми кутилгани, ҳақиқатда эса 331,9 млрд сўм тўланганини маълум қилганди. Қўмита изоҳига кўра, масъул ходимлар эътиборсизлиги сабабли мазкур жамият томонидан ҳақиқатда тўланган эмас, тушиши кутилган солиқ суммаси тақдим этилган. Қўмита баёнотига таянилса, 2024 йилнинг 1-чорагида солиқ тушумлари прогноздан 87 млрд сўмга кам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 29 март куни “Ўзбекнефтгаз” компанияси мамлакат газ-транспорт тизими оператори “Ўзтрансгаз”нинг 46,8 фоиз улушини 292,8 млрд сўмга сотиб олганди.

Битимдан 2 кун ўтиб, 1 апрел куни “Ўзбекнефтгаз” “Ўзтрансгаз”нинг акцияларини баҳолатиш бўйича “Uz Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК ва “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ ўртасида “Ўзтрансгаз” АЖнинг 1 дона оддий акциясини баҳолаш битимига ўзгартиришлар киритган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг қайд этишича, “Ўзбекнефтгаз ва “Ўзтрансгаз” ўртасидаги мазкур битим 3 апрел куни юз берган бошқа битимнинг таркибий қисми бўлиши мумкин. Унга кўра, “Uz-Kor Gas Chemical”, “Ўзтрансгаз” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида Газ сотиш бўйича қарз келишуви доирасида газ қарзи бўйича бош келишув, қарзни бошқа шахсга ўтказиш ва қимматли қоғозларни топшириш шартномалари имзоланган. Унга кўра, “Ўзбекнефтгаз” 10 трлн сўмдан ортиқ қарзнинг сотиб олувчисига айланган, яъни ўз зиммасига олган.

Бакиров, норасмий хабарларга таяниб, “Ўзбекнефтгаз”га “Ўзтрансгаз”дан қарз эвазига олинган улуши ва яна айрим улушлар ишончли бошқарувга берилган бўлиши мумкинлигини маълум қилганди.

Аммо Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Ўзтрансгаз” компанияси ишончли бошқарувга ўтказилиши мумкинлигидан хабари йўқлигини айтган.

“Бу [гап] қаердан чиқди? Ким шундай деди? “Ўзтрансгаз” – акциядорлик жамияти. Мен бу ҳақда билмайман”, деган вазир Gazeta.uz'га берган изоҳида.

Жўрабек Мирзамаҳмудов компаниянинг ишончли бошқарувга ўтказилишини инкор қила оласизми, деган саволга: “Мен буни эшитмадим”, деб қўшимча қилган.

Top