Жаҳон | 16:17 / 14.03.2019
31097
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида икки юзтага яқин юк машинаси кутилмаган ҳолат туфайли Ўзбекистонга ўта олмади

Иллюстратив фото

12 март куни тахминан соат 10:00ларда «Казигурт» божхона постида «Астана-1» ахборот тизими ишида қисман узилиш юз берди, деб хабар қилмоқда Қозоғистон Молия вазирлигининг давлат даромад қўмитаси матбуот хизмати.

Шу сабабдан мутахассислар экспорт вақтида товарларнинг чиқиб кетиши ҳолатини тасдиқлай олишмаган. Модул қисман узилишига алоқа каналининг беқарор иши олиб келган. Соат 18:00лар атрофида ўтказиш пункти яқинида 180та автотранспорт воситаси йиғилиб қолган. 18:30дан бошлаб ахборот тизими одатдаги тарзда ишлай бошлади.

«Кескинликни камайтириш учун ўтказиш пункти қўшимча ходимлар билан кучайтирилди ва чиқиш йўналишида 167тадан ортиқ транспорт воситаси расмийлаштирилди. Ташувчилар билан маслаҳатлашув ишлари олиб борилди ҳамда бошқа, юкланиш катта бўлмаган ўтказиш пунктларига қайта йўналтириш амалга оширилди», - дейилади хабарда.

13 март соат 16:00 ҳолатига кўра, келаётган транспорт воситалари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистонга чиқиб кетишни 90та автотранспорт воситаси кутиб турган.

«Туркистон вилояти давлат даромадлари департаменти ва ижтимоий тармоқларда 2018 йил ноябрдан бошлаб ҳар куни соат 9:00 ва 21:00да навбатлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида ўтказиш пунктлари олдидаги транспорт воситалари сони ҳақида маълумот жойлаштирилади. Бу ташувлар йўналишини танлаш учун ҳам керак», - дея таъкидлаб ўтишган Давлат даромадлари қўмитасидан.

Ҳозирги пайтда шунга ўхшаш навбатлар пайдо бўлиши вақтида жойлашиш учун ўтказиш пунктлари яқинида тураргоҳлар ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид