Спорт | 19:36 / 22.09.2025
14794
3 дақиқада ўқилади

Боксчи ўн йиллар олдин қўлга киритган медалини ўзини адолатли тарзда мағлуб этган рақибига қайтарди

Жанубий кореялик боксчи Пак Си Хун 1988 йилда ўтказилган Сеул олимпиадаси финалида америкалик Рой Жонсни ҳакамлар қарорига кўра мағлуб этди. Жангни томоша қилганларнинг аксарияти Жонснинг ғалабасига амин эди, бироқ, олтин медал мезбонлар вакилига топширилди. Пак қарийб 40 йил давомида виждон азобида яшади, аммо тарихий адолатсизликка барҳам беришга қарор қилди.

Фото: Blake Jones

Бокс бўйича Олимпиада олтин медалини қўлга киритганига 37 йил бўлган жанубий кореялик спортчи Пак Си Хун ҳали ҳам ўзини айбдор ҳис қилаётган эди. У 1988 йилда мағлуб бўлганини биларди, аммо Сеулдаги ёзги Олимпия ўйинларида маҳаллий томошабинлар олдида америкалик Рой Жонс устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгани учун олтин медал билан тақдирланди.

Аксарият томошабинлар Рой Жонснинг баҳсда устунлик қилганига амин бўлди. Жонс ҳатто Олимпия ўйинларининг энг яхши боксчисига бериладиган Вэл Баркер кубогини ҳам қўлга киритди. Бироқ олтин медал бошқа бировга насиб этди.

Йиллар давомида судяларнинг порахўрлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. 1996 йилда Шарқий Германиянинг «Штази» махсус хизмати баъзи ҳакамларга жанубий кореялик боксчиларни қўллаб-қувватлагани учун пул тўлагани ҳақидаги ҳужжатлар топилди. Кўпчиликнинг фикрича, шарқий немислар буни медаллар сони бўйича АҚШни ортда қолдириш учун қилган. Бироқ, Халқаро Олимпия қўмитаси текширув ўтказиб, порахўрлик схемаси мавжудлиги ҳақида сезиларли далилларни топмади. Олтин медал Пакда қолди, лекин айбдорлик ҳисси йўқолмади.

Пак Олимпиада ўйинларидан кўп ўтмай боксни тарк этди ва олтин медал билан ўтказган ҳаётини даҳшатли туш деб атади.

Бу орада Жонс бокс тарихидаги энг яхши жангчилардан бирига айланди, эҳтимол у Олимпия ўйинларидаги умидсизликдан ўзининг ажойиб кариераси учун туртки сифатида фойдаланган бўлиши мумкин. Натижада у тўртта вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритди ва 47 та нокаут билан жами 66 та ғалабага эришди. Аммо ундан қочиб кетгандек туюлган ягона ғалаба 1988 йилги олтин медал эди.

Ниҳоят, орадан йиллар ўтиб, икки боксчи яна учрашди. Пак виждон хотиржамлигига эришишга қарор қилди ва собиқ Олимпия ўйинларидаги рақибига сюрприз қилиш учун Жонснинг қадрон шаҳри Пенсаколага йўл олди.

Шу куни Жонс спорт залига оддий интервю учун кетяпман деб ўйлаганди. Бунинг ўрнига Пак унга қарийб 40 йил давомида рад этилган медални топшириш учун спорт залига борди. Пак ўғли орқали мурожаат қилди: «Менда олтин медал бор эди, лекин мен уни сенга қайтармоқчиман, у сенга тегишли».

- Вой, бу ақлдан озиш-ку, деди Жонс кўзларига қуйилиб келган ёшни зўрға тийиб.

Пакнинг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар дастлаб шу ойнинг бошида Жонснинг YouTube саҳифасида пайдо бўлди ва унинг бу хайрли иши бутун дунё спорт мухлисларининг эътиборини тортди.

Таъкидланишича, бу синовларнинг барчасини ҳужжатли ёки бадиий филмга айлантириш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда. Бу ижобий ҳикояда илҳом ва сабоқлар жуда кўп, шунинг учун уни баҳам кўриш керак. Ва, албатта, ўз айбини ювиш учун ҳеч қачон кеч эмас.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид