Жамият | 16:23 / 07.07.2024
37518
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: “Москвич” бошқариб рўзғор тебратаётган саҳобалик аёл

Ўғилой Ишқулова Самарқанд вилояти Нуробод тумани Саҳоба қишлоғидан. Турмуш ўртоғи вафотидан кейин у фарзандларини боқиш учун “Москвич” сотиб олди. “Темир аёл” машинасида қўй, пичан ташийди. Уйга қайтишда қизларига бир қучоқ егулик олиб келади.

Қаҳрамонимиз ҳаёти, кунлик иш фаолияти ҳақида сўзлаб берди:

“Турмуш ўртоғим мактабда ўт ёқувчи бўлиб ишлар, чўпонлик ҳам қиларди. У киши жигар циррози билан оғриб вафот этгач, фарзандларни боқиш масъулияти елкамга тушди. Касал пайтида ҳам кўтариб юрардим у кишини, қўлимдан келганча даволатдим, лекин Ҳиндистонга олиб боролмадим, имконият бўлмади, пул топганимда балки ҳозир ҳам яшаётган бўлармиди?!..

Ўғилой Ишқулова

Эр-хотин қўш хўкиз дейишади. Турмуш ўртоғимдан кейин мен ёлғизланиб қолгандим. Тақдир азал берган синовдан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётда кучли аёл бўлишга қарор қилдим. Машина минишни ўргандим. Эндиликда техника бошқариш ҳаётимнинг бир қисмига айланган.

Қишлоғимизда мендан бошқа машина минадиган аёллар йўқ, ўрганиб қолишган. Бегона одамлар “Москвич” бошқараётганимни кўриб ортимдан ҳайрон бўлиб қараб қолишади.

Ёшим 33 да. Яратган менга шу етти қизни вояга етказишни синов қилиб берди. Шу қизларим учун яшайман фақат, уларнинг ўйнаб-кулиб юрганини кўриб қувонаман. Бўйнимдан қучиб аяжон деганда енгил тортаман. Фарзандларимнинг борига шукр. Болаларимга имкон бўлганда бир кило-ярим кило гўшт олиб келаман, баъзида бир ойда бир, баъзида ўн кунда бир.

Машинада юк ташиб, кечқурун болаларимга нимадир олиб келишга ҳаракат қиламан. Худога шукр қиламан, шунча қизим бор экан, хафа бўлишга ҳаққим йўқ.

Эрталаб соат тўртда туриб, сигир соғаман, молларга қарайман, болаларга нонушта тайёрлайман. 43-мактабда фаррошлик ҳам қиламан. Кейин чиқиб машинада бозорга ё бирор жойга қўй-қўзи, молларимиз учун ўт, каррак тикан ташиймиз.

Каррак тиканни қуритиб, эзиб оламиз трактор билан. Яшаш шароитимдан нолимайман. Берган ризқига шукр қиламан.

Машина минишни ўрганиш осон бўлмаган. Йўл четига чиқиб кетиб, чуқурларга тушиб кетиб, қизиқ бўлган биринчи ҳайдашим. Мотоцикл миниб ҳам йўл-транспорт ҳодисасига учраганман, лекин техникага қизиқишим кучли бўлгани учун минишда давом этганман.

Машина бузилиб қолса ҳам тузата оламан, буни ҳам ўрганиб олганман. Уйимиз ёнида мол бозори бор. Ўша ердан одамларнинг қўйини машинага ортиб етказиб бераман уйига. Яқинроқ бўлса, 40 минг, узоқроқ бўлса 50-60 минг сўм беришади.

Ризқимизни териб юрибмиз. Бундан ташқари янтоқ босиб келамиз. Шу машина билан қиляпмиз тирикчиликни. Фарзандларимни эсон-омон катта қилиб, улар уйли-жойли бўлиб, бахтли бўлиб кетса, менинг орзум шу.

Исириқдан кўп фойдаланамиз, «ҳазарисмат» дейилади бизда. Шу адирдан исириқ териб ҳам сотамиз. Боғини 5 минг сўмдан, кичикроқ боғ бўлса, 2-3 мингдан сотамиз.

Ишга чиқиб кетсам ҳам бир хаёлим уйда, фарзандларимда бўлади, уларни соғинаман. Катта қизим 14 ёшда, шунга ишониб ташлаб кетаман рўзғорни».

Сарвар Зиёев, Kun.uz,
Монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид