Ўзбекистон | 20:05 / 01.01.2020
33786
11 дақиқада ўқилади

Сўнгги 2 йилда дунё олимлари Ўзбекистон ҳақида ёзган 10та китоб

Дунёни ўрганиш билан биргаликда, ўзимизни ташқи кўзгу орқали таниш ҳам бирдек муҳим. Ўзбекистонга чет эллик мутахассислар кўзи билан қараб кўриш анчагина фойдали, чунки улар босимдан холи равишда қўлларига қаламга олишади ва мамлакатнинг турли жабҳаларини биз одатланмаган, одатда олимларимиз қўлламайдиган усуллар орқали таҳлил қилишади.

Қуйида 2017-2019 йиллар оралиғида дунё олимлари томонидан Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақида ёзилган 10та китобни қисқача таништириб ўтамиз.

1. «Қўқон хонлигининг юксалиши ва қулаши. 1709-1876 йиллар: глобал даврдаги Марказий Осиё». АҚШнинг Оҳаё штати университети профессори Скотт Леви томонидан ёзилган.

"The Rise and Fall of Khoqand, 1709-1876: Central Asia in the Global Age" by Scott Levi
University of Pittsburgh Press, 2017.

Китобда Марказий осиёликларнинг XVIII-XIX асрларда тезлик билан глобаллашаётган дунё билан қандай алоқага киришгани таҳлил қилинган. Илк марта Қўқон хонлигига бағишлаб инглиз тилида ёзилган китобда, Скотт Леви Фарғона водийсида хонликнинг (1709-1876) қандай қилиб анча динамик суръатда ўсиб келганини ўрганган.

Леви хонликнинг глобаллашаётган кучлар билан бирлашиши минтақадаги сиёсий-иқтисодий,  демографик ва экологик ўзгаришларни шакллантиргани билан бирга, айнан ўша кучлар Қўқоннинг парчаланишига ҳисса қўшганини ҳам ажойиб тасвирлаб беради. Шу билан бирга, Марказий осиёликлар ўзларининг йирик империал қўшнилари (Чор Россияси ва Хитой) ўртасидаги сиёсатга қандай таъсир кўрсатганини батафсил кўрсатиб берган.

Ушбу ўзига хос тадқиқот кенг миқёсли тингловчиларни, шу жумладан Марказий Осиё, Россия, Яқин Шарқ, Хитой ва жаҳон тарихининг олимлари ва талабаларини, шунингдек, қиёсий империя ва глобаллашув тарихини ўрганувчиларни ўзига жалб этади. Муаллиф Қўқон хонлиги ва минтақанинг муҳим тарихий аҳамиятини кўрсатиб бериш учун «боғланган тарих» (connected history) услубини қўллаган.

Муаллиф ҳақида: Скотт Леви – АҚШнинг Оҳаё штати университетида Марказий Осиё тарихи бўйича профессор. Бир вақтлар Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамиятига раҳбарлик қилган. У, шунингдек, «Марказий Осиёдаги ҳинд диаспораси: 1550-1990 йилларда ипак йўлидаги ҳинд тужжорлари» ва «Исломий Марказий Осиё: тарихий манбалар антологияси» асарлари муаллифи ҳам ҳисобланади.

2. «Мустақил Марказий Осиё давлатларининг конституциявий тизими: контекстуал таҳлил». Лондон университетининг Осиё ва Африка тадқиқотлари коллежи профессори Скотт Ньютон томонидан ёзилган.

"The Constitutional Systems of the Independent Central Asian States. A Contextual Analysis" by Scott Newton
Bloomsbury Publishing, 2017.

Ҳуқуқшунослик соҳасига оид асарда Марказий Осиёнинг беш республикаси конституциялари биринчи марта қиёсий таҳлил қилинган. 1-бобда минтақадаги хилма-хил ва динамик конституциявий манзаранинг умумий кўриниши берилган. 2-бобда бешала конституция негизида ҳам совет конституциявий тузуми ётиши батафсил кўриб чиқилган. 3-боб эса глобаллашув, неолиберализм ва яхши бошқарув (good governance) каби янги дунё тизимларининг Марказий Осиё давлатлари конституциявий тизимига таъсирига бағишланган. Қолган бешта бўлимда президентлар ва ҳукуматлар, парламентлар ва сайловлар, судлар ва ҳуқуқ-эркинликлар, жамият ва иқтисодиёт, маданият ва сиёсатчилар шахсияти конституциявий нуқтайи назардан таҳлил қилинади.

Ушбу ноёб ва муҳим илмий ишда неосоветизм, плебицитар сайловлар, кучсиз судлар ва парламентлар, айёр капитализм, жамиятдаги уюшмаларга чекловлар, демократия, инсон ҳуқуқлари ва плюрализмни кучайтирувчи аксил тенденциялар кўриб чиқилган. Китоб Марказий Осиё тажрибасини ҳамма жойда замонавий конституциявий тузумлар дуч келадиган асосий муаммолар ва зиддиятларнинг рамзи сифатида намоён этади.

Ушбу илмий нашр Марказий Осиё ҳудудидаги қонун устуворлиги муаммоларини англаш учун ҳар бир депутат, тадқиқотчи ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги талабалар учун муҳим қўлланма сифатида тавсия этилади.

Муаллиф ҳақида: Скотт Ньютон 1999 йилдан бери Лондон университетида Марказий Осиё ҳуқуқ тизимлари бўйича дарс бериб келади. 20 йил давомида ушбу китоб мавзуси бўйича барча беш мамлакатда яшаб, ишлаган ва тадқиқотлар олиб борган.

3. «Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга таъсири. Геосиёсий чақириқлар ва уларга жавоблар». Париж сиёсатшунослик институти тадқиқотчиси Олга Алинда Спейз томонидан ёзилган.

"The European Union's Influence in Central Asia. Geopolitical Challenges and Responses" by Olga Alinda Spaiser
Lexington Books, 2018.

Стратегик аҳамиятга эга Марказий Осиё улкан энергия манбалари ва муҳим жуғрофий жойлашуви сабаб йирик давлатлар диққат марказида туради. Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи бу минтақани Евроосиё ҳудудидаги ўз сиёсий ва иқтисодий таъсирини кучайтириш учун муҳим трамплин сифатида кўради. Кучли рақобат шароитида кам бюджетга таяниб иш кўраётган Европа Иттифоқи, ўзининг етакчилик роли аниқ бўлмаган муҳитда ўзини муносиб ва таъсирчан актёр сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Муаллиф китобда қуйидаги муҳим саволни ўртага ташлайди: Европа Иттифоқи шундай мураккаб геосиёсий шароитда қандай қилиб Марказий Осиё давлатларига таъсир қила олади? Ҳисобга олинадиган актёр мақомини қозониш учун қайси стратегиядан фойдаланади?

ЕИнинг мунозаралари, воситалари ва Марказий Осиёга нисбатан сиёсатининг таҳлили орқали ушбу тадқиқот шуни кўрсатадики, Европа Иттифоқи онгли равишда «маслаҳатчи» ролини ўйнайдиган иккинчи даражали актёр ролини олади ва ўзини ушбу ҳудудда ҳеч қандай геосиёсий кун тартибига эга бўлмаган ҳалол брокер сифатида кўрсатади. ЕИ минтақадаги катта куч эмас ва шундай бўлишни ҳоҳламайди ҳам. Бироқ, у «беозор» бўлиб кўрингани ҳолда, бошқарув ва сув хавфсизлиги каби бошқа иштирокчилар томонидан эътибордан четда бўлган масалаларда нисбий устунликка эгалигини унутмаслик даркор.

Муаллиф ҳақида: Олга Алинда Спейз – Париж сиёсатшунослик институтининг Европа тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси. У Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Инқирозларнинг олдини олиш, барқарорлаштириш ва низолардан кейинги қайта қуриш департаменти Бош директори учун лойиҳа менежери бўлиб ишлайди.

4. «Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати: Каримов бошқаруви остида дунёда тан олиниш учун интилиш ва ўз-ўзига таяниш». Шотландиянинг Сент-Эндрюс университети маърузачиси Бернардо Телес Фазендейро томонидан ёзилган.

"Uzbekistan’s Foreign Policy. The Struggle for Recognition and Self-Reliance under Karimov" by Bernardo Teles Fazendeiro
Routledge, 2017.

Ўзбекистоннинг 1991 йилдан 2016 йилгача бўлган ташқи сиёсати – совуқ уруш тугаганидан кейинги давр халқаро сиёсатидаги ўзига хос ёндошувлардан биридир. Бу ўзига хослик республиканинг расмий маънода мустақилликка эришганидан кейин ҳақиқий маънода мустақилликка эришиш учун босқичма-босқич олиб борилган курашига асосланади. Муаллифга кўра, Ўзбекистон расмийлари, айниқса биринчи президент минтақавий ва кенг миқёсли халқаро сиёсатда қабул қилинган нормаларга скептик ёндашиб келган.

Китобда Ўзбекистоннинг умумий ташқи сиёсати ва унинг Марказий Осиёдан ташқаридаги таъсири масаласида турли давлат арбобларининг фикрлари ҳам келтириб ўтилган. Унда муайян ваъдалар, шиорлар ва ҳатти-ҳаракатлар қандай қилиб Ўзбекистоннинг халқаро ролини шакллантирган асос бўлиб хизмат қилгани ва бу расмий Тошкентнинг Россия, АҚШ, Германия ва Туркия билан 25 йиллик муносабатларига қандай таъсир қилгани кўрсатилган.

Китобда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати мустақилликка эришганидан кейин ўз-ўзига таяна олувчи қудратга эга бўлишга интилган, аммо совуқ урушдан кейинги дунё тартиботи ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилган шерикларнинг қарама-қарши мақсадларга эгалиги тан олинишни мураккаблаштириб, 25 йиллик зўр бериб интилишига сабаб бўлган.

Умуман олганда, муаллиф марҳум президент Ислом Каримовнинг ташқи сиёсатдаги меросига атрофлича баҳо беришга уринган. Ушбу китоб халқаро муносабатлар соҳасида рол назарияси ва тан олиниш масалаларини ўрганишда қўл келади.

Муаллиф ҳақида: Бернардо Телес Фазендейро Шотландиядаги энг қамидий ва нуфузли Сент-Эндрюс университетида маърузалар ўқийди. У асосан Марказий Осиё ва собиқ совет иттифоқига кўпроқ эътибор қаратган ҳолда, халқаро муносабатларда роллар назарияси ва талқиншуносликни тадқиқ қилади.

5. «Трансконтинентал Ипак Йўли cтратегиялари: Хитой, Япония ва Жанубий Кореянинг Ўзбекистон билан муносабатлари қиёсий таҳлили». Япониянинг Цукуба университети профессори Темур Дадабоев томонидан ёзилган.

"Transcontinental Silk Road Strategies. Comparing China, Japan and South Korea in Uzbekistan" by Timur Dadabaev
Routledge, 2019.

Чет элда илм-фан соҳасида фаолият юритаётган ҳамюртларимизнинг асарларига ҳам тўхталсак. Улардан бири – Темур Дадабоев 2019 йилда нашр қилинган ушбу китобида Хитой, Япония ва Жанубий Кореянинг Марказий Осиёга нисбатан муносабатини ўрганиб, бу давлатлар томонидан минтақа мамлакатларига таклиф этилган концепцияларни таҳлил қилган, уларнинг Марказий Осиёдаги регионализмга таъсирини аниқлашга ҳаракат қилган.

Ушбу китоб Ўзбекистон мисолида, Буюк Ипак йўли тушунчаси орқали Марказий Осиё минтақаси билан алоқалар шаклланишининг ривожини ўрганади. Муаллиф Япониянинг 1997 йилдаги Евросиё/Ипак йўли дипломатияси, Хитойнинг Шанхай жараёнини, Кореянинг корпоратив таклифлари ва шу каби Ипак йўлига алоқадор бошқа ташаббуслар (масалан, Бир камар, бир йўл)ни таҳлил қилиш орқали минтақадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр юритади.

Китобда таъкидланишича, моддий омиллари ва манфаатлар Шарқий Осиё гигантларининг Марказий Осиё билан муносабатга киришиши учун ягона сабаблар эмас. Муаллиф маданий муҳит ва ўзига хосликни давлатлар ҳамкорлигини рағбатлантирувчи қўшимча омиллар деб ҳисоблайди. У, шунингдек, Хитой ҳақидаги бўрттирилган қарашларни ва унинг кичик давлатларга нисбатан сиёсатини қайта таҳлил қилади ва бунда Япония ва Жанубий Кореянинг Марказий Осиёга нисбатан ёндашувларини ҳам ҳисобга олади.

Умуман, ушбу китоб Марказий Осиё билан ҳамкорлик ва алоқа шаклларини кенгроқ назарий муҳокама қилишга чорлайди.

Алишер Умирдинов,
Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети
Бизнес ҳуқуқи факультети профессори.

Мавзуга оид