Уинстон Черчилл / Фото: BiblioArchives

Уинстон Черчилл, «Иккинчи Жаҳон уруши»

Уинстон Черчилл номи Буюк Британия тарихида икки марта бош вазир лавозимини эгаллаган ва II Жаҳон урушида қироллик номидан ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштирган сиёсатчи сифатида тарихда қолди. У лавозими даврида (1940-1945 ва 1951-1955) уч монарх қасамёдини кузатди, 1953 йилда эса Нобел мукофотига лойиқ кўрилди.

Автобиография услубида ёзилган, 6 томдан иборат «Иккинчи Жаҳон уруши» асарида Черчилл ҳар бир муҳим қарор ва урушнинг ҳолатига шарҳ бериб кетган. Китобда воқеалар I Жаҳон уруши якуни ва дунёни қайта бўлиб олишга бўлган ҳаракатлар билан бошланади. Черчилл китобида Германиянинг СССРга ҳужуми, иттифоқдошларнинг муносабати, АҚШнинг Японияга атом бомбасини ташлаши ва барча эътиборга молик масалаларга батафсил тўхталган.

Сергей Юльевич Витте, «Хотиралар»

Граф Сергей Витте – Россия империяси амалдори, молия вазирлигидан чиқиб, вазирлар маҳкамасини бошқарган сиёсатчи. У босиб ўтган йўл ва иқтисодий-сиёсий ислоҳотлари кўп эътирофга сазовор бўлган, Витте даврида империянинг иқтисодий салоҳияти анча юксалган. Унинг мемуари 1900-1910 йилларда ёзилган, аммо Виттенинг ўлимидан кейин жамоатчиликка ошкор бўлган.

«Хотиралар»да Сергей Юльевич дастлаб император Алексей III, кейинчалик иқтидорга келган Николай II шахсига ҳам тўхталиб ўтади. Китоб орқали XIX асрда яшаган Россия империяси ва унинг босқинчилик ҳаракати ҳақида биринчи манбадан маълумот олиш мумкин.

Маргарет Тетчер, «Давлат бошқаруви санъати»

Баронесса Маргарет Тетчер ёхуд «темир хоним» 10 йиллаб Буюк Британия саройида бош вазир лавозимида хизмат қилди. Қарорлардаги қатъийлик ва консерватизм учун уни омма «темир хоним», унинг издошларини «тетчеризм» тарафдорлари деб атай бошлади. Ушбу китобда баронесса давлат бошқарувида юзага келаётган масалаларга қандай муносабат қилишига тўхталиб ўтган. Шунингдек, у китобида ташқи сиёсат борасида кўп фикрлари билан ўртоқлашади.

Тетчер шахсига қизиқмаган шахслар ҳам, ушбу китобни ўқиб, ХХ асрда Яқин Шарқ, СССР ва Европа дуч келган қийин вазиятларни нозик нуқтадан кўриши мумкин.