Евро кундалиги: Францияга урилган гол ҳисобланмади, украинлар курашга қайтди
Турнирни тарк этган илк жамоа маълум.
Евро-2024 турнирининг навбатдаги, саккизинчи куни ортда қолди. Яна уч ўйин ўтказилди, мухлислар яна янги сюжетлар ва натижаларга гувоҳ бўлишди. Ҳар кунлик дайжестда бу бир неча соатлик футбол давомида нималар бўлиб ўтганини ҳикоя қиламиз.
Е гуруҳи. 2-тур
Словакия — Украина: икки жамоа ҳам ўйинда қолди
Словакия – Украина 1:2
Голлар: 1:0 – 17 Шранц, 1:1 – 54 Шапаренко, 1:2 – 80 Яремчук.
Словакия – Дубравка, Пекарик, Шкриняр, Вавро, Ганцко (Суслов, 67), Куцка, Лоботка, Дуда (Бенеш, 60), Гараслин (Оберт, 67), Шранц (Сауэр, 86), Боженик (Стрелец, 60).
Украина – Трубин, Тимчик, Матвиенко, Забарний, Зинченко, Ярмоленко (Зубков, 67), Шапаренко (Таловеров, 90), Мудрик (Малиновский, 85), Судаков, Бражко (Сидорчук, 85), Довбик (Яремчук, 67).
Украинлар бу ўйинга Руминиядан қабул қилинган оғир зарба асоратлари билан етиб келишганди. Сергей Ребров хатолар устида қандай ишлаганини кузатиш қизиқ эди — Украина майдонни ижобий натижасиз тарк эта олмасди, ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа турнирни эрта тарк этишни англатарди.
Мураббийнинг асосий ўзгариши — дарвозада Лунин ўрнига Трубин пайдо бўлиши бўлди. Бу кутилган юриш эди — «Реал» дарвозабони биринчи ўйин бой берилишида асосий айбдор бўлганди. Трубин эса дарвозани яхшироқ қўриқлади — керакли паллаларда қутқарди ва шунчаки ишончли кўринди.
Аввалига ўйин эски сценарий бўйича кетаётгандек эди — Иван Шранц Евродаги иккинчи голини урди ва словакларни олдинга бошлади. Бу гол украинларни сергак торттирди — Дубравка дарвозаси атрофида ҳам вазиятлар юзага кела бошлади. Айниқса Ярмоленко жарима майдонига ёриб Кириши ва кучли зарбаси билан устунни титратиши ёдда қолди. Бўлим охирида Мудрик дарвозабон билан яккама-якка қолганида зарба бериш ўрнига марказ томон пас берди ва бу хато қарор бўлиб чиқди.
Иккинчи бўлимда словаклар бутунлай ўз жарима майдонига қамалиб олишди. Ва бу муаммо келтириб чиқарди — Шапаренко танаффусдан қайтилганидан кўп ўтмасдан Зинченконинг қанотдан берган узатмасини ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан голга айлантирди ва ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин ўйин бироз тинчланди, захирадан тушган Яремчук ўйин охирларида жарима майдонида тўпни қабул қилиб, уни дарвозабон ёнидан ўтказди - 2:1. Бу вазиятда ҳам словаклар мудофааси пароканда бўлиб кетганди — Романни икки ҳимоячи ҳам қўриқлай олмади ва дарвозабон қийин аҳволда қолдирилди.
Ўйин дуранг натижага қараб кетаётганди, аммо украинлар уларга кўпроқ очко кераклигини кўрсатишди.
E гуруҳида вазият қизиқарли тус олмоқда. Барча барчани енгмоқда ва катта эҳтимол билан сўнгги турда барчасини нолдан бошлашга тўғри келади. Бугун Белгия Руминияни мағлуб этса, гуруҳда тўрт жамоада ҳам бир хилда очко бўлади.
Е гуруҳида қолган ўйинлар:
Белгия — Руминия, 22 июн, 00:00;
Словакия — Руминия, 26 июн, 21:00;
Украина — Белгия, 26 июн, 21:00.
D гуруҳи. 2-тур
Полша — Австрия: Левандовскининг омадсиз қайтиши
Полша – Австрия 1:3
Голлар: 0:1 – 9 Траунер, 1:1 – 30 Пёнтек, 1:2 – 66 Баумгартнер, 1:3 – 78, пеналти Арнаутович.
Полша – Шченсни, Давидович, Беднарек, Кивер, Франковски, Залевски, Зелински (Урбански, 87), Петровски (Модер, 46), Слиш (Гросицки, 75), Букса (Свидерски, 60), Пёнтек (Левандовски, 60).
Австрия – Пентц, Пош, Траунер (Данзо, 59), Линҳарт, Мвене (Прасс, 63), Забитцер, Лаймер, Гриллич (Виммер, 46), Баумгартнер (Шмид, 81), Зайвалд, Арнаутович (Грегорич, 81).
Огоҳлантиришлар: Слиш (53), Виммер (56), Модер (62), Левандовски (64), Арнаутович (70), Шченсни (77).
Левандовски — Евро-2024нинг бош омадсизи. У майдонда эмаслигида (мураббий уни жароҳати туфайли захирада қолдирганида), ҳисоб ҳали дуранг эди, поляклар эса ҳали натижага эришиш учун ҳаракат қилаётганди. Роберт ташаббусни қўлга олиши ва жамоага илк уч очкони олиб келиши учун майдонга ташланди, аммо барчаси аксинча тус олди.
Поляклар ва австрияликлар ўзаро учрашувга бир хил ҳолатда етиб келганди. Улардан биринчиси Евро стартида Нидерландияга, иккинчиси — Францияга мағлуб бўлганди. Аммо ўйиннинг ўзи тенг кечмади. Австрияликлар тўққизинчи дақиқадаёқ Гернот Траунернинг голидан ейин ҳисобда олдинга чиқиб олди. Полшаликлар таслим бўлмади ва 30-дақиқада Кшиштоф Пёнтек ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлим барибир Рангник шогирдларининг тўлиқ устунлигида кечди. Поляклар ёки захирадан тушган Левандовскига ортиқча ишониб юборди, ёки шунчаки куч етмади. Австрияликлар ўйинни кучайтирди: Прасс захирадан тушганидан уч дақиқа ўтиб Баумгартнерга ассист берди, яна бир неча дақиқадан кейин бу сафарги Евронинг кулгили ҳолатларидан бири рўй берди.
Забитцер Шченсни билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Дарвозабон жамоасини қутқаришга берилиб кетди ва бутун гавдаси билан австрияликни тўсишга уринди, аммо рақиб оёғи унинг юзига урилди, ҳакам эса дарвозабонга сариқ карточка кўрсатиб, пеналти белгилади. Дарвозабон юзига зарба қабул қилгани устига гол ҳам ўтказиб юборди. Арнаутович ўн бир метрлик жарима зарбасини совуққонлик билан ижро этиб, ўйин масаласини ҳал қилди.
Поляклар иккинчи турдан кейин ҳам нол очко билан қолишди, бир неча соат ўтиб эса гуруҳнинг иккинчи учрашуви натижасида плей-оффга чиқиш имкониятини бутунлай йўқотди. Левандовски ва жамоа турнирни эрта тарк этган илк жамоага айланди — учинчи тур улар учун расмиятчиликка айланди. Австрияликлар эса нидерландлар билан жангга тайёрланишни бошлади.
Нидерландия — Франция: дастлабки ноллар
Нидерландия — Франция 0:0
Нидерландия – Вербрюгген, Думфрис, де Врей, ван Дейк, Аке, Фримпонг (Гертрюйда, 73), Сҳаутен (Вейналдум, 73), Рейндерс, Симонс (Верман, 73), Гакпо, Депай (Вегорст, 79).
Франция – Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Рабио, Канте, Чуамени, Дембеле (Коман, 75), Гризманн, Тюрам (Жиру, 75).
Огоҳлантириш: Сҳаутен (31).
Куннинг энг кўп кутилган учрашуви мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди: голсиз дуранг қайд этилди. Шу билан бирга, ўйинни зерикарли ўтди дейиш қийин, жамоалар деярли ҳар ўн дақиқада хавфли вазиятлар яратиб туришди.
Ўйин кўпроқ Франция хоҳлаган сценарийда кечди, Нидерландия ҳам муносиб қаршилик кўрсатди — мунтазам равишда қарши ҳужумларга чиқди ва бир неча яхши вазиятларга эга бўлди. Французлар кўп ҳолларда Гризманн гол уриши учун шароит яратишга ҳаракат қилишди — Антуан миллий жамоа сафида 44 гол урган, кейингиси юбилей бўлиши керак.
Нидерландлар Хави Симонснинг маҳоратига ишонч билдиришди — ва ёш футболчи ҳам бу ўйинга ўзгача иштиёқ билан тушгани кўриниб турарди. Иккинчи бўлимда у рақиб дарвозасини ишғол ҳам этди.
Аммо VAR аралашуви билан гол бекор қилинди — офсайддаги Дюмфрис французлар дарвозабони Менянга халақит берган деб топилди.
Кўп ўтмай Хави алмаштирилди, у жуда тушкун ҳолатда майдонни тарк этди.
Франция миллий жамоаси бурнидаги жароҳати туфайли захирада қолган Мбаппесиз ҳам ўйнай олишини намойиш этди — Тюрам, Гризманн ва кутилмаганда Рабио ҳам вазиятлар яратди. Н'Голо Канте эса худди Саудия Арабистонида эмас, ҳали ҳам кучли чемпионатлардан бирида ўйнаётгандек ҳолатда. У қаторасига иккинчи ўйинда энг яхши футболчи деб топилди.
Дуранг натижа икки жамоани ҳам амалда плей-оффга олиб чиқди. Сўнгги турда бу икки жамоа биринчи ўрин учун сиртдан кураш олиб боришади. Айни вақтда урилган голлар сони ҳисобига нидерландлар гуруҳ жадвалида юқорироқ ўринда, аммо Францияда сўнгги турда ҳеч қандай мотивацияга эга бўлмаган Полша билан ўйинда вазиятни ўзгартириш имконияти бўлади.
D гуруҳида 3-тур ўйинлари
Нидерландия — Австрия, 24 июн, 21:00;
Франция — Полша, 24 июн, 21:00.
Мавзуга оид
21:05 / 26.07.2024
Уларга бозорда талаб юқори. Евро-2024’да нархи ошган 10 футболчи
10:45 / 25.07.2024
«Евро-2024» футбол мусобақалари ёзувидан рухсатсиз фойдаланган шахс жаримага тортилди
11:42 / 21.07.2024
Италиялик ҳимоячи, «МЮ»нинг порлаган юлдузи ва Испаниядаги истеъдодлар. Евро-2024’нинг асосий кашфиётлари
14:07 / 19.07.2024