Кўплаб суперюлдузлар — Мбаппе, Роналду, Лукаку — Еврони муваффақиятсиз ўтказишди, аммо кутилганидан ҳам яхшироқ иштирок этган ва ҳатто турнирда кашфиёт бўлган футболчилар ҳам бор.

Кобби Майну

Мавсум бошида ушбу 19 ёшли йигитча тўғрисида фақат «МЮ»нинг ёшлар жамоаси ўйинларини кузатиб борувчи фанатлар билишарди. Аммо улар ҳам ушбу йигитчадан порлоқ мавсум ўтказишини кутгани даргумон — Майну кузда жароҳат туфайли ўйнай олмади. Аммо декабрда Кобби нафақат майдонга қайтди, балки таркиб борасида муаммоларга учраган катталар жамоаси сафига ёриб кирди. Ушбу ўсмир «Юнайтед»нинг бошланғич таркибида туша бошлади, АПЛда мавсум кашфиётларидан бирига айланди ва Англия Кубоги финалида ғалаба голини урди. Унинг трансфер қиймати 1 миллион евродан 50 миллион еврога кўтарилди.

Ундаги ўсишни Саутгейт ҳам пайқаб, март ойида миллий жамоа йиғинига чақирди. Майну Белгия ва Исландияга қарши ўртоқлик учрашувларида бошланғич таркибда тушди, аммо Еврога захира футболчиси сифатида келди. Аввалига ушбу вундеркинд таянч зонасида Деклан Райсга шерик бўлиш учун рақобатни Трент Александр-Арнолд ва Конор Галлаҳерга бой берганди. Аммо рақобатчиларнинг ишончсиз ўйинлари туфайли ўз имконига эга бўлди ва асосий таркиб футболчисига айланди.

Майну гуруҳ босқичининг учинчи турида Словенияга қарши ўйин стартидан жой олди ва турнир охиригача илк дақиқалардан ўйнади. Бош мураббий учун яримҳимоячи рақибнинг тезкор қарши ҳужумларига сабаб бўлувчи кераксиз тўп йўқотишларга йўл қўймаслиги муҳим эди. Майну эса бу борада айнан у истаган футболчи бўлиб чиқди: у Евро финалига турнир тарихидаги барча яримҳимоячилар орасида тўп узатишлар аниқлиги борасидаги энг юқори натижани қайд этган ҳолда етиб келди — 96,3 фоиз. Финал феноменал статистикани йўққа чиқарди, аммо футболчининг меҳнати изсиз кетмайди.

Қолаверса, Кобби бошқа жиҳатлари билан ҳам мақтана олади. Нидерландлар билан ўйинда у барча дуэлларда устун келган, тўпни қайтаришда ва узун узатмаларда бирор марта хатога йўл қўймаган. Майну бу борада Кларенс Зеедорфни ёдга солиб юбормоқда. Буюк голланд футболчиси унинг ўзига ўхшашлигини инкор этмади ва унинг салоҳияти катта эканини айтди. Бундай мақтов ҳам кўп нарсани англатади.

Риккардо Калафиори

Ўтган мавсумда Калафиори «Болоня» билан сенсация кўтариб, Чемпионлар лигасига чиққанди — мазкур феномен жамоа А серияда бешинчи ўринни эгаллади. Бир вақтлар Риккардо «Рома»нинг энг истиқболли ёшлари қаторида эди, аммо жароҳатлар унга қадрдон клубида очилиб кетишига имкон бермади.

Калафиори «Базел»даги ўйинларидан кейин «Болоня»га ўтиб, бу ерда ўз трансфер баҳосини 4,5 миллион евродан 30 миллион еврогача ошириб олди. Ушбу ҳимоячи Тиаго Моттанинг инновацион футболига мослашиб кетди, мураббий уни нафақат мудофаа етакчисига, балки яхши пас берувчи ва тўпни олдинга олиб бора олувчи серқирра футболчига айлантирди. Тўп билан олдинга бора олиши Калафиорига гуруҳ босқичининг муҳим палласида қўл келди: хорватларга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Рикки майдон маркази бўйлаб юриш қилиб, Италияга 1/8 финалга чиқишга имкон берган ассистни амалга оширди.