Ўзбекистон | 11:59 / 24.05.2019
10089
3 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчилари даромадини декларация қилиш қачон йўлга қўйилади?

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистонда бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши кураш» мавзусида бўлиб ўтган анжуманда давлат хизматчилари даромадини декларация қилиш тизими қачон йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берилди.

«Антикоррупцион иқлимни яратишда давлат хизматчиларининг даромадини декларация қилиш тизими муҳим аҳамият касб этади. 2019 ─ 2020 йил учун давлат дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда фуқароларнинг муайян тоифаси даромадларини декларация қилишга босқичма-босқич ўтказиш ҳақида банд киритилган. Яқин келажакда бу тизим тўлиқ жорий этилади», ─ дейди Бош прокуратура вакили Жабалов.

Вакил декларация қилиш тизимининг кечикаётгани билан боғлиқ ҳолатга ҳам изоҳ берди. Унга кўра, амалдаги давлат дастурида ҳам «Давлат хизматчилари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш киритилган. Буни амалга ошириш муайян харажатларни талаб этади, шу боис бу тизимни жорий этишда кечикиш кузатилмоқда, у ҳозир муҳокама босқичида.

«Давлат хизматчиларининг даромадини декларация қилиш тизимини жорий этиш коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатади. Умуман олганда, жамият алоҳида мақомга эга давлат хизматчиларининг қандай мулкка эгалигини билиш ҳуқуқига эга. ИҲТТнинг тўртинчи мониторинг якунларига кўра берилган тавсияларда ҳам бу тизимни самарали йўлга қўйиш, хусусан, уни электрон тарзда жорий этиш, шахсий маълумотлар аниқлиги бўйича кўрсатмалар мавжуд», ─ дейди анжуманда иштирок этган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти вакили Татьяна Хаванська.

Маълумот учун, 2017 йилда эълон қилинган «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат хизматида лавозимни эгаллаган («кичик мутахассис» тоифасидан ташқари) давлат хизматчилари ҳар йили мулки, даромадлари ва харажатлари, шунингдек, ўз оила аъзоларининг мулки, даромади ва харажатлари ҳақидаги декларацияни тақдим этишлари лозимлиги белгиланган.

Лойиҳага кўра, даромадлар, харажатлар ва мулк ҳақида тўла бўлмаган ёки ёлғон маълумотларни тақдим этиш ёхуд умуман тақдим этмаслик давлат хизматини тўхтатиш учун асос бўлиши мумкин.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид