Жаҳон | 11:53 / 25.07.2021
24496
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ўлимвор сув тошқинлари: қутқарувчилар омон қолганларни қидирмоқда

Ҳиндистон ғарбидаги қутқарув хизмати ходимлари Гоа ва Маҳараштра штатларида рўй берган кенг кўламли сув тошқинларидан кейин вайроналар орасидан омон қолганларни қидирмоқда. Маҳараштрада 136 киши табиий офат қурбонига айланган, расмийлар бу якуний рақам эмаслигини айтишмоқда.

Табиий офат ёпирилган ҳудудлардан ўн минглаб аҳоли кўчирилган.

Сайёҳлар орасида машҳур бўлган Гоа штатида уйлар сув остида қолган - минглаб бинолар вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган. Мумбай яқинидаги ҳудудларда бир неча ўн киши бедарак йўқолган.

Ҳиндистонда ҳар йили июнь ойидан сентябрь ойигача ёмғирлар мавсуми бўлади, аммо Гоа штати кўп вақтлардан буён бундай кучли сув тошқинларига рўбару келмаганди.

Штат соғлиқни сақлаш вазири Вишваджит Рейнанинг сўзларига кўра, Гоада 50 йилдан буён бундай кучли ёмғирлар бўлмаган. «Одамлар бор-будини йўқотишди», дея изоҳ берган у штатдаги вазиятга.

Мумбайдан жанубда жойлашган Талийе қишлоғида сел келишидан кейин бетондан қилинган икки уйгина омон қолган - бошқа ўнлаб биноларни бир лаҳзада сув ювиб кетган. «Франс пресс» агентлиги гувоҳларга таяниб хабар беришича, шу қишлоқнинг ўзида 40 киши қурбон бўлган.

Бу ягона кўчки эмас - сув остида қолган ҳудудларда жами 8 жойда шундай ҳодиса рўй берган. Кўчки поездлардан бири рельсдан чиқиб кетишига сабаб бўлган.

Кўчки йўлларни тўсиб қўйгани туфайли қутқарувчилар жабрланганларнинг олдига етиб бориши қийинлашган.

Хусусан, Гоа ва Мумбай ўртасидаги асосий шоссе ҳам тўсилиб қолган. Қутқарувчилар шуни ҳисобга олган ҳолда ҳаракатланишмоқда.

Махараштра штатидаги йирик дарё ўзанидан тошиши кутилмоқда - шу туфайли дарё атрофидаги ҳудудлардан 90 минг киши эвакуация қилинган. 20 мингдан ортиқ киши лагерларга жойлаштирилган.

Мамлакат бош вазири Нарендра Моди одамларнинг ҳалок бўлиши ва жабрдийдаларга айланишини кузатиш оғир эканини айтиб ўтган.

«Маҳараштрадаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бормоқдамиз, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатилади», дея ёзган у твиттердаги саҳифасида.

Мавзуга оид