Ўзбекистон | 10:48 / 14.01.2021
4785
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда айрим товарлар ва қадоқлаш воситаларига нисбатан экологик йиғим жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида иқтисодий механизмларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирги кунда қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасини тартибга солишда бир қатор камчилик ва муаммоли масалалар, хусусан, маиший чиқиндиларни дастлабки саралаш (алоҳида саралаб йиғиш), уларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш ва такрор фойдаланиш, шунингдек, мазкур тадбирларни молиялаштириш каби масалалар юзага келган.

“Бугунги кунда амалдаги тарифлар фақатгина қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун хизматлар кўрсатишга ҳисоблаб чиқилган бўлиб, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплексли амалга ошириш бўйича харажатларни қопламайди. Натижада санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотларида маиший чиқиндиларни саралаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш учун айланма маблағлар шаклланмай қолмоқда”, - дейилади лойиҳада.

Қарор лойиҳасида юқорида қайд этилган муаммоли масалаларни ечиш, шунингдек, истеъмол (фойдаланиш) хусусиятларини йўқотганидан сўнг ҳосил бўладиган чиқиндиларни йиғиш, утилизация қилиш ва зарарсизлантириш инфратузилмасини яратиш мақсадида, қуйидаги товарлар ҳамда қадоқлаш воситаларига нисбатан экологик йиғим жорий этиш кўзда тутилмоқда:

  • батарейкалар ва аккумуляторлар;
  • таркибида симоб бўлган лампалар;
  • шина, покришка ва резина камералар;
  • мойлаш материаллари (мотор мойлари);
  • пластмасса ва шиша қадоқ идиш буюмлари (шу жумладан полиэтилен пакетлар);
  • бир марта фойдаланиладиган пластик идишлар;
  • комбинацияланган материалли қадоқлаш идишлари (Tetra Pak).

Юқорида қайд этилган маҳсулотларга нисбатан экологик йиғимнинг жорий этилиши асосан қуйидаги омилларга мувофиқ изоҳланади:

  • хавфли ҳисобланади;
  • ресурс қийматига эга ҳисобланади;
  • утилизация қилиниши лозим;
  • йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва зарарсизлантириш учун алоҳида инфратузилма талаб қилинади;
  • кўмиб юбориш мумкин эмас.

Мавзуга оид