Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда Миллий боғлар ва қўриқхоналар кунига бағишланган тадбир ўтказилди
Кеча Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида “11 январь - Миллий боғлар ва қўриқхоналар куни”га бағишланган “Ўзбекистон: муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита раҳбарлари тадбирни очар экан, мазкур сана билан иштирокчиларни қутладилар. Таъкидланганидек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўплаб, шу жумладан, йўқолиб бораётган вакилларини сақлаб қолиш ҳамда тиклашда ҳал қилувчи ўринга эга.
Қўриқхоналар ҳақли равишда олимлар учун кенг кўламли илмий-тадқиқот ишларини ўтказишлари учун табиат лабараторияларига айланди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусида барқарор ривожлантириш - барча босқичларда, шу жумладан, мазкур ҳудудлар фаолиятининг ҳолатини назорат қилишга масъул барча тегишли идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, хўжалик юритувчи субъектлар учун муҳим вазифа ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари, уларнинг бугунги кундаги ҳолати тўғрисидаги тақдимот билан қўмита Давлатбионазорати бошлиғи в.б. Ғайрат Мухамедов сўзга чиқди.
Маърузачи таъкидлаганидек, 2004 йилда қабул қилинган “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг 7 та тоифаси мавжуд - давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат йодгорликлари, айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар.
Хабар берилишича, бугунги кунга келиб, 8 та қўриқхона, 2 та табиат миллий боғи, 1 та Қуйи Амударё биосфера резервати, ҳайвонларнинг ноёб турларининг кўпайтиришга ихтисослашган "Жайрон" экомаркази ва 7 та табиат йодгорлиги ҳуқуқий давлат мақомига эга. Шунингдек, мазкур босқичда "Сайгачий" мажмуа буюртма қўриқхонасига ҳуқуқий мақом бериш бўйича тегишли ҳужжатларни келишиш ишлари олиб борилмоқда. Унинг мақсади - сайғоқлар популяциясини сақлаб қолишдир.
ЎзДЖТУ талабаси Шоҳсанам Исоқжонова тайёрлади.