Ўзбекистон | 07:47 / 09.12.2022
20239
4 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар давлат хизматига қабул қилинса, уларнинг бизнеси нима бўлади?

Ҳукумат қарори лойиҳаси билан, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилинганидан сўнг у компаниясини ё ишончли бошқарувга топшириши, ё вақтинча бошқаришга бериши, ёки тадбиркорлик фаолияти субъекти муассислари (иштирокчилари) таркибидан ихтиёрий равишда чиқиши таклиф этилмоқда.

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низом лойиҳасига кўра,, қуйидагилар белгиланиши мумкин:

  • давлат хизматчиси бевосита ўзи шуғулланиши мумкин бўлмаган тадбиркорлик фаолияти турлари:
  • тадбиркорлик фаолияти субъектини ташкил этиш, унинг муассиси (иштирокчиси) бўлиш;
  • тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш;
  • тадбиркорлик субъектларидаги улушларга, пайларга, акцияларга бевосита эгалик қилиш.

Давлат хизматчиси жисмоний шахс сифатида бевосита ўзи шуғулланиши мумкин фаолият турлари:

  • шахсий томорқа хўжалиги билан шуғулланиш, уйида чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланиш;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари ва ҳоказо.

Давлат хизматига кирган шахс томонидан тадбиркорлик фаолияти ҳақида хабардор қилиш тартиби:

  • шахс лавозимига тайинланган кундан бошлаб уч иш куни ичида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳақида раҳбар кадрлар – Коррупцияга қарши курашиш агентлигини; бошқарув кадрлар ва мутахассислар – давлат органи коррупция қарши курашиш тузилмасини ёзма равишда хабардор қилади.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни тўхтатиб туриш тартиби:

  • тўхтатиб туриш шакллари – мол-мулкни ишончли бошқарувга топшириш, тадбиркорлик фаолияти субъектини вақтинча бошқаришга бериш, тадбиркорлик фаолияти субъекти муассислари (иштирокчилари) таркибидан ихтиёрий равишда чиқиш.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган давлат хизматчиси ҳуқуқлари ва мажбуриятлари:

  • ҳуқуқлари – тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш шаклларидан бирини ва муддатини эркин танлаш; муддатни узайтириш ва шаклини ўзгартириш; ишончли бошқарувга берилган мол-мулкдан фойда олиш; ўзига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўйича судга мурожаат қилиш;
  • мажбуриятлари – тадбиркорлик тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш; 3 ой муддат ичида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни тўхтатиб туриш чораларини кўриш; манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни тўхтатиб туриш жараёни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда давлат органи коррупцияга қарши курашиш тузилмаси томонидан мониторинг қилинади.

Қарор билан қуйидаги чоралар белгиланиши мумкин:

  • белгиланаётган янги тартиб ҳозирга қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган давлат хизматчиларига нисбатан ҳам татбиқ қилинади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари биринчи раҳбарлари давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибига қатъий риоя қилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;
  • қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кейин кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 ноябрдан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Ушбу қонунга кўра, давлат хизматчилари тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга ҳақли эмас. Акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига эгалик қилиш ҳоллари бундан мустасно.

Қонунга асосан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриши тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Мавзуга оид