Ўзбекистон | 18:23 / 27.05.2021
5268
2 дақиқада ўқилади

Нукусда аёлларнинг йўлни тўсиб қўйиш ҳолати бўйича расмий маълумот берилди

Олдинроқ Нукусдаги Aллаяр Досназаров кўчасида бир гуруҳ аёллар йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Дастлабки маълумотларда аёллар нафақа пуллари берилмагани учун кўчани тўсиб қўйгани айтилганди. Нафақа жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, "Халқ банки" Нукус филиали томонидан ижтимоий нафақа пуллари ҳар ойнинг 27-санасигача берилиши белгиланган. Расмийларга кўра, фуқароларнинг нафақа пуллари тез кунда тўлиқ тўлаб берилади. 

Тўловларнинг кечикишига 13 та вазирлик ва ташкилотларнинг айримларида электрон ахборот алмашиш жараёнида техник муаммолар юзага келгани сабаб бўлган. Шу боис тўловлар 25 майдан амалга оширила бошланган.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 38,9 млрд сўм, шундан Нукус шаҳри бўйича 5,6 млрд сўмлик тўловлар 27 май куни тўлиқ молиялаштирилади, дейилади расмий хабарда. Нукусда неча нафар аёлнинг нафақа пуллари кечикаётганига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бундан олдин Қонликўлда боғча тарбиячилари автомобиль йўлини тўсиб қўйганди. Ундан олдин эса Нукусда ойлиги берилмаган одамлар кўчани тўсиб қўйишганди.

Мавзуга оид