Ўзбекистон | 19:07 / 04.06.2024
7224
5 дақиқада ўқилади

Таътил бошланди – ёзни болалар қандай ўтказгани маъқул?

Мактаб ўқувчилари учун 3 ойлик таътил бошланди. 6 млндан кўпроқ ўқувчи 3 ойлик муддатни уйларида ўтказишади. Психолог болаларга таътил пайти ўқишдан кўра уй юмушларига масъулиятли бўлишни ўргатишни, жисмоний фаолликни тавсия қилди. ЮНИСЕФ болаларни иссиқ ҳаво таъсиридан асраш ҳақида огоҳлантиради.

Фото: Kun.uz

Мактабларда ўқув йили тугаб, болалар учун таътил бошланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ёзги оромгоҳлар 9 минг болани қамраб олишини маълум қилган. Бундан ташқари, 172 минг бола мактабларда ташкил этиладиган соғломлаштириш марказларига жалб қилинади.

2023 йилги статистикага кўра эса республикада 6 млндан кўпроқ ўқувчи бор.

Улар ёзни қандай ўтказа олади?

3 ойлик вақт зерикарли ўтмаслиги учун ота-оналар болаларини бирор усулда банд қилиши, бундан ташқари, иссиқ об-ҳавода саломатликларига эътиборли бўлишлари талаб қилинади.

Фейсбук ижтимоий тармоғида “Таътилда болаларингиз нима билан банд?” деган саволга 100 дан ортиқ жавоб берилган:

  • “Тушгача телефон, тушдан кейин репетитор”;
  • “1 ойга дам олишга кетяпмиз, ўқиб чарчашди, қайтгач оромгоҳга юбораман, олдинда яна ўқиш, дам олишсин”;
  • “Репетитори давом этади”;
  • “Компютер сотиб олдик, АйТига боради. Ҳозир ҳам инглиз тили дарсига кетган;
  • “Тикувчига боряпти”;
  • “15 ёшли ўғлим сомсапазга шогирд тушди, ҳам ҳунар ўрганади, ҳам ўзи бироз пул топишни ўрганади”;
  • “Қуръон ёдлайди, инглиз тилига боради”;
  • “Телефон, планшет билан банд”;
  • “Ўғлим ўтган йили дутор чалишни ўрганган, бу йил гитарани ўрганади”;
  • “Ўғлим хўжалик моллари дўконида ишлаяпти таътилда, кўзи пишади, иш ўрганади”;

Жавобларнинг асосий қисмида болалар турли ўқув курслари, тўгараклар ва ҳунар ўрганишга бориш билан банд қилиниши айтилган. Шунингдек, боласи таътилининг маълум қисмини бувисининг уйида ўтказиши ҳақида ҳам жавоблар бор.

Таътил болага нега керак?

Розалия Габдулҳақова, болалар психологи:

Болаларда ҳам, катталарда ҳам доимий иш фаолиятини ўзгартириб туриш уларнинг камроқ стрессга тушишларига ёрдам беради. Яъни йил бўйи ўқигандан кўра таътилга чиқиш ва ундан кейин яна ўқишни давом эттириш ўқишнинг яхшиланишига, саломатликка ҳам фойдали.

Бундан ташқари, таътил оиладаги ўзаро ака-ука, опа-сингил муносабатларини яхшилаш учун ҳам керак. Чунки доимий мактаб пайтида болаларнинг бирга вақт ўтказишга имконияти кам бўлади. Шунинг учун ҳам таътил оилавий яқинлик учун яхши пайт.

Ота-оналар уларнинг болалари таътилда математика ёки инглиз тилидан нимадир ўрганмаса, вақти бекор кетяпти, деб ўйлашлари керак эмас. Сабаби улар оилада ўзини қандай тутишни ўрганишлари, унинг руҳий саломатлиги, жисмоний саломатлиги ҳам муҳим. Бунинг учун таътилни фаол ўйинлар билан табиатга яқин тарзда ўтказиш маъқул.

Болаларни банд қилиш фақат ўқиш-ўрганиш билан бўлиши керак эмас. Айниқса, таътил пайти болаларни оила учун банд қилиш, қандайдир вазифаларга масъул қилиш билан уларнинг психологик ривожланишига ёрдам бериш мумкин. Бунда бола кўпчилик учун масъулият ҳис қилишни, бошқаларга яхшилик қилишни ўрганади. Шунинг учун таътилда уй ишларини ёзда болалар ўртасида тақсимлаш мумкин. Бундан ташқари, таътилда болалар учун спорт машғулотлари ҳам яхши танлов.

Болалар хавфсизлиги

Болалар психологининг қўшимча қилишича, болалар уйидан узоққа, бувисиникига ёки оромгоҳга юборилганда уларнинг хавфсизлиги таъминланиши керак. Болаларни ёлғиз қолдирмаслик, уларнинг зўравонлик ёки бошқа ёмон ҳолатларга дуч келмасликлари учун ишонч ҳосил қилиш керак.

Японияда болалар таътили қанақа?

Японияда фарзандларини катта қилаётган ватандошимиз, 5 фарзанднинг онаси Маҳбуба Камолованинг маълумот беришича, Японияда ёзги таътил 40 кун атрофида давом этади. Лекин таътил пайти ҳам болаларга қанча кун эканига қараб, ёзги таътил учун уйга вазифа берилади. Болалар буни бажаришади.

Шунингдек, болаларнинг ҳар бирига таътил учун мос тадқиқот мавзуси берилади. Таътилга чиқишдан олдин болалар бу мавзу учун етарли маълумот ва анжомларни олишади. Сўнг ёзги пайтда мана шу мавзуни ўзлари тадқиқ қилади.

Бу ерда ҳам ота-оналар хоҳишига қараб боласи учун қўшимча тўгарак ва ўқув дастурлари гаплашиши мумкин, баъзилар эса болалари тўлиқ дам олишини хоҳлашади. Булар — танлов, лекин мактабдан бериладиган уйга вазифани қилиш мажбурий.

Иссиқдан ҳимояни унутмаслик керак

Болалар таътили ёзги мавсумга тўғри келади, бу пайт эса ҳаво ҳарорати бошқа фаслларга қараганда баланд бўлади. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, дунёда 820 млн бола иссиқ тўлқинлар хавфи бор ҳудудларда яшашади.

ЮНИСЕФ иссиқ ҳавода болаларни ҳимоя қилишга оид тавсиялар бериб ўтган. Уларни бола ташқарида вақт ўтказганда қўллаш мумкин:

  • Болалар кундузги 10 ва 5 оралиғида ичкарида бўлишгани маъқул;
  • Болалар енгил кийиниши, имкон қадар бош кийимда бўлишлари керак;
  • Албатта, бир шиша сув уларнинг ёнида бўлиши керак;
  • Болаларни ҳеч қачон машина ёки бошқа транспортда ёлғиз қолдириш керак эмас.

Мавзуга оид