Бутун дунёда болаларнинг кўриш қобилияти мунтазам равишда ёмонлашиб бормоқда: ҳар уч боладан бири узоқни яхши кўра олмаслик муаммосидан азият чекади, деб хабар берди BBC глобал таҳлил натижаларига таяниб.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, COVID-19 сабабли киритилган карантин болаларнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатган, чунки улар кўп вақтини экран олдида ўтказиб, очиқ ҳавога камроқ чиқишган.

Тадқиқот узоқни кўрмаслик ёки миопия касаллиги Жаҳон соғлиқни сақлаш тизимининг тобора ёмонлашаётган муаммосига айланаётгани, 2050 йилга келиб бу яна миллионлаб болаларга таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирди.

Энг юқори кўрсаткичлар Осиёда кузатилмоқда: Японияда 85 фоиз, Жанубий Кореяда 73 фоиз болалар узоқни кўра олмасликдан азият чекади, Хитой ва Россияда эса бу 40 фоиздан ортиқни ташкил қилади.

Парагвай ва Угандада миопиянинг энг паст даражаси қайд этилган (тахминан 1 фоиз), Буюк Британия, Ирландия ва АҚШда 15 фоиз атрофида.

British Journal of Ophthalmology журналида чоп этилган тадқиқотда олти қитъанинг 50 мамлакатидан беш миллиондан ортиқ болалар ва ўсмирлар иштирок этди. Ҳисоб-китобларга кўра, 1990 йилдан 2023 йилгача узоқни кўра олмаслик даражаси уч баравар кўпайиб, 36 фоизга етган. Тадқиқотчиларнинг айтишича, бу ўсиш COVID-19 пандемиясидан сўнг “айниқса яққол” кўзга ташланган.

Миопия одатда бошланғич синф ёшида пайдо бўлиб, кўз ўсишдан тўхтагунга қадар, яъни тахминан 20 ёшгача зўрайиб бориш тенденциясига эга. Бу касалликка чалиниш эҳтимолини оширадиган қатор омиллардан бири — Шарқий Осиёда яшаш.

Бу генетикага ҳам боғлиқ — болалар касалликни ота-оналаридан мерос қилиб олади. Аммо бошқа омиллар ҳам мавжуд. Масалан, Сингапур ва Ҳонгконг каби жойларда болалар жуда эрта, яъни икки ёшидан бошлаб таълим ола бошлайди. Ёш болалар китоб ва экранларга қарашга кўп вақт сарфлайди. Бу эса кўз мушакларини зўриқтиради ва натижада узоқни кўрмаслик муаммосини келтириб чиқариши мумкин.

Мактаб таълими олти-саккиз ёшдан бошланадиган Африкада узоқни кўра олмаслик ҳолати Осиёга нисбатан етти баробар камроқ учрайди.

Ковид пандемияси сабабли миллионлаб одамлар узоқ вақт уйда қолишга мажбур бўлган вақтда болалар ва ўсмирларнинг кўриш қобилияти ёмонлашган.

“Олинган маълумотлар пандемия ва ёшлар орасида кўриш қобилиятининг жадал ёмонлашуви ўртасида эҳтимолий боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда”, — деб ёзади тадқиқотчилар.