15:36 / 06.05.2024
12367

Конгрессмен: Агар Украина ютқазса, АҚШ аралашишига тўғри келади

Россия СССРни қайта тиклашга уринмоқда ва НАТОга таҳдид солади, дейди Вакиллар палатасидаги демократ Ҳаким Жеффрис. У Республикачилар партиясидаги «Путинни қўллаб-қувватловчи лобби»ни Киевга ёрдамни кечиктиришда айблади.

Фото: CBS

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида демократик озчилик етакчиси Ҳаким Жеффриснинг айтишича, Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак, жумладан, агар у мағлуб бўлса, можарога бевосита аралашишга мажбур бўлади. «Биз Украинанинг ютқазишига йўл қўя олмаймиз, чунки бу содир бўладиган бўлса, Америка нафақат бизнинг пулимиз, балки қўшинларимиз билан ҳам аралашишга мажбур бўлади», деди Жеффрис 5 май, якшанба куни АҚШнинг CBS телеканалига берган интервюсида. 

Жеффриснинг сўзларига кўра, Россия раҳбарияти СССРни қайта тиклашга интилмоқда. Украина ортидан Россия Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин шаклланган ва ҳозир НАТО таркибига кирган бошқа давлатларга таҳдид солади, деб ҳисоблайди у. «У қўшни Гуржистонга бостириб киришда тўхтамади; Қримнинг эгаллаб олиниши ортидан Украина шарқига интервенция бўлди. Шундай изчил тажовузни ҳисобга олиб, агар унга Украинада муваффақият қозонишига имкон берсак, у фақат Украинада тўхтаб қолишига ишонишимиз керакми? Албатта, йўқ», деб таъкидлади Жеффрис. 

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси ва Сенати Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни ўз ичига олган қонун лойиҳасини олти ойдан кўпроқ вақт давомида маъқуллай олмади, чунки Киевни қўллаб-қувватловчи демократлар ва тузатишлар киритишда туриб олган республикачилар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқди. Натижада ягона қонун лойиҳаси бир неча қисмларга бўлиниб, ниҳоят апрел ойида қабул қилинди. Украина АҚШдан 61 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини олиши керак. 

Лоббичилар

Ҳаким Жеффрис Украинага ёрдамни кечиктиришда Республикачилар партиясидаги «Путинни қўллаб-қувватловчи лобби»ни айблади. «Республикачилар партиясида негадир Россия Америка Қўшма Штатларининг душмани эмаслигига ишониб, Украинага ёрдам беришни истамайдиган фракция кучайиб бормоқда», деб шикоят қилди конгрессмен. Унинг сўзларига кўра, Вакиллар палатасининг Россия кокусига республикачи Маржори Тейлор Грин раҳбарлик қилади.

Сенатда 15 нафар республикачи Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Улар орасида сенатор Ж.Д.Венс апрел ойида Украинада ғалаба қозониш учун етарли ресурслар ва ҳарбий куч йўқлиги, Америка ёрдами эса вазиятни ўзгартириш учун етарли эмаслиги ҳақида маълум қилган эди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top