Жамият | 20:42 / 21.12.2021
7448
9 дақиқада ўқилади

Маҳалладаги чиқиндизор ва бетонланган дарахтлар — Абгор манзиллар

Тошкент ҳудудига кирувчи Улуғбек посёлкасидаги маҳаллада чиқиндихонанинг ёнгинаси чиқиндизор бўлиб ётибди. Яшнобод туманида эса Қорасув каналининг ёқасидаги ўнлаб дарахтлар ости бетонлаб ташланган.

“Абгор манзиллар” янги манзиллардан кўрсатувларни давом эттиради. Бу дафъа лойиҳамизга келиб тушган мурожаатлар бўйича икки жойга боришимизга тўғри келди. Дастлаб бу мурожаатлар кўрсатувимиз номига мосми, йўқми, бироз ўйландик. Биз таклиф этилган манзилларга боргач эса, амин бўлдикки, бу ҳақда ўйланиб ўтиришга ҳожат йўқ.

Аввалги икки кўрсатувимизда ташландиқ ҳолга келтирилган боғлар ҳақида ҳикоя қилган бўлсак, бу сафар аҳоли яшаш пунктлари атрофидаги абгор ҳолатларга гувоҳ бўлдик.

Обод маҳаллага ярашмаган чиқиндизор

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига кирувчи Улуғбек посёлкасидан тушган мурожаатда ўша ҳудуддаги ташландиқ ва чиқиндихонага айланиб қолган жой ҳақида маълумот беришди. Биз ҳолатни жойига чиқиб ўргандик. Ҳақиқатан ҳам Қибрай тумани билан чегарадош ҳудудда, 2-сонли Республика клиникаси орқасидаги жой чиқиндихонага айланган.

Фуқаролар турли инстанцияларга бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, масала ижобий ҳал этилмаган. Камига, шу ердаги симёғочлардан бири авариявий ҳолатда экани, у ағанаса, кимнингдир устига тушиб, зарар етказиши; ёки маълум ҳудуд электр токисиз қолиши мумкин. Бу ҳақда ҳам аҳоли масъул ташкилотларга мурожаат қилганлари ҳақида билдирдилар.

Биз бу борада маҳалла оқсоқоли билан учрашдик. У мавжуд муаммони тан олган ҳолда, бизни унинг маҳалласида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан таништирди. Айтиш жоизки, маҳалланинг ҳозирги ҳолати жуда обод ва чиройли. Аввалроқ абгор бўлиб ётган жойлар замонавий ва тартибли кўринишга келган. Муаммоли ҳудуд борасида эса, “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси аҳолини бироз сабр қилишга чақирди:

“Озмунча иш қилинмади. “Обод маҳалла” дастури доирасида “Ёшлар маркази”, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари фойдаланишга топширилди; маҳаллалар ички кўчалари асфальт қилинди; йўлаклар янгиланди, ўриндиқлар, урналар ўрнатилди; дарахт ва буталар экилди. Бу ҳаммаси бир кунда бўлиб қоладиган иш эмас. Сабр қилишса, биз ўша кўрсатилган ҳудудни ҳам обод қиламиз.

Аввалроқ биз ўша чиқиндихонага айланган жойни тозалаган эдик, бироқ одамларнинг ўзлари яна чиқинди ташлаб, шу ҳолатга келтириб қўйишяпти. Муаммолардан бири шундаки, ўша ер Қибрай тумани билан туташ жой ва ўша тумандагилар қурилиш чиқиндисини тўкиб кетаётган ҳолатлар бор. Чиқиндини МСП – чиқинди йиғиш пункти қабул қилмайди, шунинг учун кўчага ташлаб кетишади.

Ишга халал берадиган яна бир жиҳат – ер остида сув қувурлари бор ва у ерга катта, оғир техника кира олмайди. Биз эҳтиёткорлик билан иш тутишимиз лозим. Шу ўринда маҳалла аҳлига мурожаатим бор: илтимос, ўзингизни ва ҳудудни тозалаётганларни ҳурмат қилинг, атрофни озода тутинг, дейман. Аҳолининг ўзи чиқиндихонага айлантириб ташламаса, бу муаммо ҳам йўқ. Ахир шундоққина ўша ерда – 5 метр нарида чиқинди йиғиш пункти бор-ку!” дейди маҳалла раиси.

Унинг ёзғирганича бор. Биз бунга гувоҳ бўлдик. Суҳбат асносида у симёғочни ҳам алмаштириш кўзда тутилгани, бу ишларнинг барчаси яқин кунларда амалга оширилишини айтиб ўтди.

Бетонланган дарахтлар

Бизнинг кейинги манзилимиз Тошкент шаҳар Яшнобод тумани бўлди. Қорасув канали бўйидаги дарахтлар атрофи бетонлаб ташлангани ҳақида таҳририятимизга йўлланган мурожаат бўйича йўлга чиқдик. Қорасув канали бўйига етиб борганимизда мурожаат асосли эканига амин бўлдик.

“Дўстлик” истироҳат боғи ёнидан оқиб ўтган Қорасув канали қирғоқларидаги дарахтларнинг айримлари ҳудуд ва каналбўйини ободонлаштириш ишлари амалга оширилган вақтда бетонлаб ташланган. Бунинг оқибатида айрим дарахтлар бўғилиб, касалланган ва чирий бошлаган. Бир қарасангиз, ҳудуд анча чиройли, обод, батартиб, лекин яқинлашганингиз сари муаммолар кўзга ташланаверади.

Дарахтлар борасида Яшнобод тумани каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларга масъул бошқарма ирригатори Убайдулла Сафаров ва туман экология инспекцияси бошлиғи Илҳом Ҳакимов бизга ҳолат юзасидан тушунтириш бердилар.

Ирригаторнинг айтишича, бу ишлар амалга оширилганда у ишлаётган бошқарма билан ҳамкорлик қилинмаган, натижада улар ҳолатдан бехабар қолган. Туман инспектори эса тайинланганига 6 ой бўлганини, воқеалар бошида турмаганини айтди.

Ҳар икки масъул дарахт ва буталарни кўздан кечириб, хатлов ўтказиб, буталаш, кесиб ташлаш лозим бўлганларини аниқлаш, атрофини очиш лозим бўлганларини очиш ҳақида ишлар олиб боришларини таъкидлашди.

Бизда пайдо бўлган яна икки савол эса очиқ қолди. Биринчиси: Убайдулла Сафаров у ишлайдиган бошқарма каналлар ва уларга туташ ҳудудларга хизмат кўрсатишини айтса-да, бу ҳудуд ўлчами ҳақида аниқ маълумот бера олмади. Яъни тушунишимизча, сув бўйидан неча метр экани аниқ келтирилмаган. Айрим жойларда 4 метр, айримларида 10 метр, деган жавоб олдик. Ирригатор бошқарманинг асосий вазифаси туташ ҳудудларни тозалаш, ободонлаштириш эмас, балки ноқонуний қурилмалар ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш эканини таъкидлади.

Иккинчи савол: Экоинспектор ҳудудий инспекцияга раҳбар бўлганидан бери бу ердаги муаммодан бехабар экани бизни таажжублантирди. Бирор фуқаро мурожаат қилмагунча инспекторлар ҳолатдан бехабар бўлиб юраверадиларми? Ҳудудларга бириктирилган инспекторлар ўз ҳудудларидаги мавжуд ҳолатдан биров хабар беришини кутиб ўтирмасдан, ўзлари жорий назорат ўтказиб, текшириб туришлари керак эмасми?

Икки мутасадди ҳам ўз ваколатлари доирасида муаммони бартараф этишларини айтишди. Биз уларнинг сўздан амалий ишга ўтишларини истардик. Лозим бўлса, бу ишга мана шу ҳудудни ободонлаштирган пудратчи, туман ҳокимлиги, ҳокимлик қошидаги ободонлаштириш бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги, МФЙ раиси ва нозири ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Нега МФЙ раиси ва профилактика нозири? Ҳозир тушунтирамиз.

Муаммо муаммони очди: бузғунчи ёшлар

Ҳудудда суратга олиш ишларини олиб бораётганимизда “Дўстлик” парки директори ўринбосари Ғофуржон Тангриев бизга бир муаммо ҳақида сўзлаб берди. Парк атрофи ва унгача бўлган канал атрофидаги йўлкаларни тоза ва соз ҳолда сақлаш боғ ходимлари зиммасида экан. Тангриевга кўра, улар ҳудуднинг ўзларига ажратилган қисмини доим обод ва озода ҳолда сақлашади, бироқ аҳоли орасидаги ёшлар тунги вақтларда бу ердаги инвентарларни синдириб, бузиб, ўғирлаб кетишаётганини айтиб, бу муаммони ёритиб беришимизни сўради.

Дарҳақиқат, айрим ўриндиқлар синдирилган, канал атрофидаги панжаралар синдириб кетилган. Урналар ҳам йўқ, афтидан ўғирлаб кетилган. “Одамлар пиёда сайр қилиши учун мўлжалланган жойга машиналар кирмаслиги учун йўлак бошига ўрнатилган темир қувурли қозиқларгача синдириб ташлашди, куни кеча янгисини ўрнатдик”, дея куюниб гапирди боғ раҳбари ўринбосари.

Унинг айтишича, ҳудуд профилактика инспекторига зараркунандаларни тартибга чақириб қўйишини сўраб, бир неча бора мурожаат қилган, аммо бефойда.

Биз бу муаммо юзасидан шу ҳудуд қарашли бўлган “Ширинобод” МФЙ раиси Абдуназар Мирбаратов билан гаплашдик. Маҳалла раиси муаммо борлигини тан олгани ҳолда, унинг ечими борасида ўзи ҳам бош қотираётганини айтиб ўтди. Маҳалла нозири Бахтиёр Каспаев эса биз билан гаплашишни ҳам истамади. Унга вазиятни тушунтирсак ҳам фойдаси бўлмади. У интервью бермаслигини айтиб, тинч қўйишимизни, хонани тарк этишимизни сўради. Очиғи, бундай кескин муомаладан ҳайрон бўлдик. Боғ маъмури айтганидек, безориларга чора кўрилмаяптими ёки...

Ҳозирча шу. Биз кўрсатилган ҳолатлар бўйича ижобий ечимларни масъуллардан кутиб қоламиз. “Абгор манзиллар” кўрсатуви борган манзилларнинг тақдирига бефарқ эмас, биз у жойларга албатта қайтамиз.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси:
Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид