Ўзбекистон | 08:36 / 26.03.2021
10040
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирлиги қурилиш соҳасида асосан русча атамалар ишлатилишига муносабат билдирди

25 март куни Қурилиш вазирлиги расмийси иштирокидаги матбуот анжуманида қурилиш соҳаси смета-лойиҳаларидаги барча атамалар рус тилида юритилиши, қурилиш соҳаси қачон ўзбек тилига ўтиши тўғрисида савол берилди.

Саволга жавоб берган вазирлик бошқарма бошлиғи Даврон Милиевнинг айтишича, қурилиш соҳасига оид техник луғат собиқ иттифоқ даврида яратилган, қолаверса, бугунги кунда бундай русча атамалар ишлатилиши соҳа одамлари учун қийинчилик туғдирмайди.

«Иттифоқ даврида қурилиш нормалари ишлаб чиқилаётганда 7 жилддан иборат қурилишга оид техник луғат яратилган. Луғатда арматура чет тилидан таржима қилинмасдан олинган ва қисқача изоҳи берилган. Қурилишда шунга асосан иш юритилади.

Аввало, қурилиш соҳасида ўзбекча техник луғат йўқлиги вазирлик масаласи ҳисобланмайди.

Иккинчидан, қурилиш ичида юрган ёки шунга алоқадор жамоатчиликда ҳам қурилиш атамалари барча учун тушунарли ва ўша русча атамани осонроқ тушунишади. Қурилиш мутахассислари арматурани бошқа ном билан атамайди.

Бугунги кунда ҳам агар иш сифатига ва лойиҳа-смета ҳужжатлари билан мослигига эътибор қаратсак, бу қийинчилик туғдиради, деб ўйламайман.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасида бажарилган ишлар ҳисоб-китоби ўзбек тилида олиб борилади», – деди Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Мавзуга оид