Ўзбекистон | 11:11 / 31.01.2023
75206
2 дақиқада ўқилади

Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича асосий айбланувчи энг кўп муддатга қамоққа ҳукм қилинди.

Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистондаги намойишлар ташкилотчиси Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалди. У жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Тажимуратов уюшган гуруҳ ташкил қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида 2022 йилнинг 1-2 июл кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда айбланганди.

Судда прокурор Тажимуратовга 18 йил беришни сўраганди.

«Даулетмурат Тажимуратов ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди», дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

Ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланган.

Мавзуга оид