Спорт | 11:11 / 31.03.2024
21086
19 дақиқада ўқилади

«МЮ»да аламли якун, фанатлар «Бавария»ни ташлаб кетишди. Европада кун ўйинлари

«Бавария» амалда чемпионликни топширди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Англия: «МЮ» қўшимча дақиқаларда ҳисобни очиб, ғалаба қозона олмади

«Брентфорд» – «Манчестер Юнайтед» 1:1
Голлар:
0:1 – 90+6 Маунт, 1:1 – 90+9 Айер.
«Брентфорд» – Флеккен, Роэрслев (Мопе, 87), Йоргенсен, Айер, Коллинз, Йенсен, Янелт, Ярмолюк (Дамсгор, 71), Висса (Мбемо, 71), Тоуни, Люис-Поттер (Қуддус, 87).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Диогу Далот, Варан (Магуайр, 46), Линделёф (Мартинес, 69), Уан-Биссака, Бруну Фернандеш, Мактоминей, Майну (Каземиро, 80), Гарначо (Антони, 59), Рэшфорд (Маунт, 80), Ҳойлунд.
Огоҳлантиришлар: Уан-Биссака (39), Висса (45), Йоргенсен (83), Мактоминей (90+12), Мопе (90+12).

«МЮ» бу мавсумда урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбати бўйича ижобий фарққа эришишга ҳаракат қилмоқда. Бу тур арафасида жамоаларда баланс бор эди – урилган 39 гол ва ўтказиб юборилган 39 гол.

Лондондаги ўйиннинг биринчи бўлими «МЮ» учун азобли ўтди. Жамоа илк дақиқаларда олдинга ўтган бўлса-да узатмаларда аниқлик етишмади, кейин эса мезбонлар ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олишди. Тони Онана билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди, аммо унинг зарбаси устунга тегди, кейин эса бурчакдан тўп ошириб берилганида Занка тўсинни нишонга олди. «МЮ» ҳам вазиятлар яратди, аммо улар борган сари камайиб ва хавфсиз тус ола борди.

Танаффусдан кейин эса «Брентфорд»нинг хавфли ҳужумлари янада кўпайди. Тўп бир неча бор устун ёнидан ўтди. Онана кетма-кет вазиятларда қутқарди. Эпизодлардан бирида у бир неча сония оралиғида икки хавфли зарбани қайтарди. Рақиб «МЮ» дарвозабон ҳудудидан ҳам ҳеч қандай қаршиликсиз чалқанча зарба берди.

73-дақиқада «Брентфорд» ниҳоят дарвозани ишғол этди. Аммо Тони микроскопик офсайдда қолгани туфайли голни бекор қилишга тўғри келди.

«МЮ» ҳимоячилари шундан кейин ҳам ўзига кела олмади, кўп ўтмай захирадан майдонга тушган Мбемонинг зарбаси тўсинга тегди. Умуман олганда, бутун ўйин давомида мезбонлар тўрт марта тўпни дарвоза устуни ёки тўсинига теккизди.

Барчаси «МЮ» Лондондан 0:0 ҳисобидаги дуранг билан қайтишига олиб бораётганди ва шу ҳам тен Ҳаг жамоасининг омади келгани бўларди. Мезбонлар рақиб жарима майдони ичида тўпга тегиниш борасида етти карра устунликка эришди, зарбалар бўйича ҳисоб – 33:11 кўринишини олди. Аммо 90+5-дақиқада Маунт кутилмаганда «МЮ» сафидаги дебют голини урди. Бу гол умуман ўйин мантиғига тўғри келмасди ва қолган дақиқалар ичида «МЮ» барибир ғалабали ҳисобни ушлаб қололмади. 90+9-дақиқада «Брентфорд» тўлиқ куч билан ҳужумга ўтди ва Тонининг саъй-ҳаракатларидан кейин жарима майдони марказида бўш қолдирилган Айер Онанани иложсиз қолдирди – 1:1. «МЮ» барибир урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбатида плюсга чиқа олмади.

«Тоттенҳэм» – «Лутон» 2:1
Голлар:
0:1 – 3 Чонг, 1:1 – 51, автогол Каборе, 2:1 – 86 Сон Ҳён Мин.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, Дрэгушин, Удоджи, Мэддисон (Бентанкур, 68), Биссума (Ришарлисон, 85), Кулусевски (Жонсон, 46), Сарр (Ло Челсо, 68), Сон Ҳён Мин (Ҳейберг, 88), Вернер.
«Лутон» – Камински, Каборе, Берк (Ҳасиока, 46), Менжи, Даути (Вудроу, 83), Баркли, Берри (Кларк, 63), Раддок-Мпанзу, Таунсенд, Чонг (Онединма, 74), Моррис.
Огоҳлантиришлар: Баркли (31), Берк (36), Раддок-Мпанзу (46), Менжи (90), Ҳейберг (90+5), Ло Челсо (90+6).

«Тоттенҳэм» ўз ўйинида ғалаба қозонса, тўртинчи ўрин учун курашда битта захира ўйинига эга ҳолда очколар сони бўйича «Астон Вилла»га етиб оларди. Ўйин бошлангач эса лондонликлар ўз одатига кўра биринчи бўлиб гол ўтказиб юборишди. Кейин эса кўпдан кўп вазиятларни кўкка совуришди. Вернернинг қулай вазиятдан хато зарба бериши одатий ҳолат, лекин Сон Ҳёнг Мин дарвозабонни алдаб ўтганидан кейин бир зарбанинг ўзида тўпни икки устунга теккизди.

Аммо Ангелос Постекўғлининг бахтига унинг жамоасига рақиб ёрдам берди. Иккинчи бўлимда Жонсоннинг Вернерга узатмасини тўсишга уринган Каборе ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. 78-дақиқада яна мезбонларнинг омади келмади, бу вазиятда тўп «Лутон» дарвозасига киришни истамади, Жонсоннинг яқин масофадан берган зарбаси у қадар яхши чиқмади, тўп дарвозабонга бориб, унинг қўлларидан сирғалиб чиқиб кетди, лекин ҳимоячи у чизиқни тўлиқ кесиб ўтгунича уни узоқлаштиришга улгурди.

Аммо сўнгги дақиқаларда лондон «шпорлар» барибир рақибни таслим этишди, Сон майдон марказида қарши ҳужум бошлаб берди ва якунда Жонсоннинг узатмасидан кейин ғалаба голини урди.

«Астон Вилла» – «Вулверҳэмптон» 2:0
Голлар:
1:0 – 36 Диаби, 2:0 – 65 Конса.
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса, Диего Карлос, Пау Торрес, Морено (Дин, 63), Бэйли (Кизлер-Ҳэйден, 90), Тилеманс, Дуглас Луис, Диаби (Ироэгбунам, 88), Уоткинс (Дуран, 46), Рожерс (Дзаниоло, 63).
«Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Семеду (Доэрти, 84), Буэно, Килмен, Гомеш, Аит-Нури (Буэно, 64), Сарабия, Лемина, Дойл (Чирева, 71), Гомес (Траоре, 84), Чивоме (Фрейзер, 84).
Огоҳлантиришлар: Сарабия (19), Тилеманс (30), Чирева (81), Килмен (84), Дуран (84), Гомеш (90+1), Дин (90+6).

Аммо «Тоттенҳэм» тўртинчи ўринда узоқ вақт қолмади, «Астон Вилла» доимо рақибларга муаммо туғдира оладиган «Вулверҳэмптон»ни мағлуб этди. Бирмингҳемликлар ҳар бир бўлимда биттадан гол уришди ва икки ҳолатда ҳам Диаби фаоллик кўрсатди. Аввалига француз футболчиси узоқ масофадан қайтариб бўлмас зарба йўллади, кейин эса Консанинг голига ҳаммуаллифлик қилди. Бу вазиятда тўп АПЛда 2021 йил декабридан буён гол урмаган ҳимоячининг оёғига яхши тушмаганди, аммо дарвоза тўрига бориб тушди.

Испания: Феликс ҳал қилди, аммо гол уролмади

«Барселона» – «Лас-Палмас» 1:0
Гол:
1:0 – 59 Рафиня.
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Мартинес, Кубарси, Жоау Канселу, Сержи Роберто (Ромеу, 81), Гундўған, Лопес (Жоау Феликс, 56), Рафиня, Ямал (Ферран Торрес, 71), Левандовски (Роке, 81).
«Лас-Палмас» – Вальес, Марвин, Суарес, Коко, Мармол, Кардона (Бенито Рамирес, 78), Хави Мунос (Кампаня, 72), Родригес, Луаодис (Молейро, 71), Мунир (Эскандел, 28), Сандро Рамирес (Кардона, 78).
Огоҳлантиришлар: Кардона (14), Гундўған (51), Сержи Роберто (63), Мартинес (64), Левандовски (81), Жоау Канселу (88).
Четлатиш: Валес (24).

Биринчи даврада «Барселона» «Лас-Палмас»ни сўнгги дақиқалардаги пеналти эвазига мағлуб этганди (2:1). Кўк-анорранглилар бу сафар ҳам қийналишди, мезбонларнинг биринчи бўлим ўрталаридаги голи офсайд туфайли ҳисобга олинмади. Хави бу борада қатъий эътироз билдирган бўларди, аммо у шу куни захира ўриндиғида эмас, навбатдаги дисквалификацияни ўтаётгани учун ёпиқ ложада эди. Лекин ҳакамнинг кейинги қарори мезбонлар фойдасига бўлди ва жарима майдони ташқарисида Рафиняни йиқитган дарвозабон муддатидан олдин кийим алмаштириш хонасига йўл олди.

Унинг ўрнига дарвозага турган Эсканделга узоқ вақтгача гол уриб бўлмади. Рафиня Жоау Канселунинг қулай узатмасидан фойдалана олмади. Левандовскининг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди. Рақиб камчилик бўлиб ўйнаганига қарамай, «Барса»нинг дарвозаси қаршисида ҳам хавфли вазиятлар юзага келтира олди. Аммо каталонияликлар барибир рақибни таслим этишди, захирадан майдонга тушган Жоау Феликс Рафиняни ажойиб пас билан таъминлади ва ҳужумчи бу сафар хато қилмади.

Иккинчи голни Феликснинг ўзи уриши керак эди, аммо у бир неча метр масофадан туриб ҳеч қандай қаршиликсиз зарба берганида тўпни тўсинга теккизди.

«Лас-Палмас» сўнгги дақиқалардаги имкониятидан фойдалана олмади ва каталонияликлар бир киши кам бўлиб ўйнаган аутсайдерга қарши ўйинда оғир ғалабага эришди. Иккинчи ўринни мустаҳкамлаб олган жамоа Хави ёзда кетишини эълон қилганидан буён мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда - 8 ғалаба, 3 дуранг.

Италия: яримфинал репетицияси

«Лацио» – «Ювентус» 1:0
Гол:
1:0 – 90+3 Марушич.
«Лацио» – Мандас, Марушич, Романиоли, Казале, Ҳила, Фелипе Андерсон, Дзакканя (Луис Алберто, 84), Каталди (Весино, 80), Камада (Гендузи, 80), Педро (Исаксен, 57), Кастелянос (Иммобиле, 58).
«Ювентус» – Шченсни, Данило, Ругани, Бремер, Де Шило (Айлинг, 46), Рабио, Локателли, Миретти (Маккенни, 46), Камбиязо (Веа, 63), Киеза (Йилдиз, 68), Кин (Секулов, 80).
Огоҳлантиришлар: Айлинг (71), Веа (75), Иммобиле (90+1).

Римдаги ўйиндан кўп нарса кутилмаётганди. Гап шундаки, чоршанба куни «Ювентус» ва «Лацио» ўзлари учун нисбатан муҳимроқ ўйинда — Италия Кубогининг илк финалида майдонга тушади. Қолаверса, «Кекса синиоралар» ҳужум чизиғи Влаҳовичнинг дисквалификацияси ва Миликнинг жароҳати туфайли кучсизланганди. Уларнинг ўрнини бу мавсумда ҳали бирорта гол урмаган Мойзе Кин билан тўлдиришга тўғри келди. Форвард эса кутилганидек ўз статистикасини ўзгартира олмади. Римликлар эса тўпга ва ҳудудларга эгалик қилган бўлса-да, ҳадеганда бу устунликни голга айлантира олмади.

«Бургутлар» бошқарувига яқинда келган Игор Тюдор ҳам кейинги учрашувни афзал кўрган ҳолда Иммобиле, Исаксен ва Луис Алберто каби етакчи футболчиларини фақат иккинчи бўлим давомида майдонга туширди. Бу эса фойда берди ва мураббий янги вазифадаги дебют ўйинида ғалабага эришди. Қўшимча дақиқаларда Гендузи ошириб берган тўпга Марушич барчадан баланд сакраб, ғалаба голини урди.

«Фиорентина» – «Милан» 1:2
Голлар:
0:1 – 47 Лофтус-Чик, 1:1 – 50 Данкан, 1:2 – 53 Рафаэл Леау.
«Фиорентина» – Терраччано, Додо (Кайоде, 69), Мартинес Куарта (Барак, 88), Миленкович, Бираги, Данкан, Мандрагора, Иконе (Соттил, 88), Белотти, Куаме (Гонсалес, 69), Белтран (Нзола, 80).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Тиав (Габбия, 46), Флоренци, Лофтус-Чик, Бинносир, Рейндерс (Муса, 63), Рафаэл Леау (Окафор, 62), Чуквуэзе (Пулишич, 73), Жиру (Йович, 82).
Огоҳлантиришлар: Бираги (13), Тиав (21), Мартинес Куарта (24), Томори (90), Лофтус-Чик (90+3).

57 ёшида вафот этган «Фиорентина» бош директори Жузеппе Бароне билан таъсирли видолашув маросими ўтказилган Флоренцияда «Милан» илк дақиқалардан устунлик қилди ва кўплаб вазиятларга эга бўлди. Аммо гол бўлмаслиги қийин бўлган вазиятларда ҳам тўп дарвозага киришни хоҳламади ва мухлислар голни иккинчи бўлимгача кутишига тўғри келди. Танаффусдан кейин эса Рафаэла Леау барчасини ҳал қилди. У аввалига ҳисобни очган Лофтус-Чикка товони билан пас етказиб берди, рақиб ҳисобни тенглаштирганидан уч дақиқа ўтиб эса тезлик олиб дарвозабонни ҳам алдаб ўтган ҳолда ғалабани ўз жамоасига қайтарди. Португалиялик футболчининг саъй-ҳаракатлари турнир жадвалида «Ювентус»ни 6 очкога ортда қолдиришни таъминлади.

Германия: «Байер»нинг чемпионлик характери

«Байер» – «Ҳоффенҳайм» 2:1
Голлар:
0:1 – 33 Байер, 1:1 – 88 Андриҳ, 2:1 – 90+1 Шик.
«Байер» – Градецки, Фримпонг (Телла, 86), Та, Тапсоба (Станишич, 86), Инкапиэ (Иглесиас, 71), Грималдо, Чака, Ҳофманн (Адли, 58), Андриҳ, Виртц, Шик.
«Ҳоффенҳайм» – Бауманн, Кадержабек, Кабак, Дрекслер, Гриллич, Юрасек, Штах, Тухумчи (Гайгер, 73), Крамарич (Премел, 58), Вегҳорст (Бултер, 78), Байер (Бебу, 73).
Огоҳлантириш: Дрекслер (19).

Ҳаби Алонсо кейинги мавсумда ҳам Леверкузенда ишлашини эълон қилганиданн кейинги илк ўйинда ҳам «Байер» ҳисобда ортда борувчи томон бўлиб ўйнади. «Аспиринчилар» Чемпионлар лигаси арафасида таркибни кучайтириш учун ёзда ўз сафига қўшиб олишни мўлжаллаётган Байер чемпионат пешқадами дарвозасини ишғол этди. Таблода 88-дақиқага қадар 0:1 ҳисоби сақланиб қолди, аммо бу Германиянинг энг яхши жамоасига қарши ўйинда очко олишни кафолатлай олмайди. Жамоа мавсумнинг иккинчи даврасида бир неча бор шундай ҳолатда қолган ўйинларида сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетганди.

Энг ёрқин мисол — Европа лигаси плей-оффида «Қорабоғ»га қарши ўйинлардаги камбэклар. Шундай экан, буни одатий сценарий сифатида қабул қилиш мумкин. Янада аниқроқ айтганда — чемпионлик характери намойиш этилиши. 88-дақиқада Андриҳнинг зарбаси тўсин остидан дарвозага кирди. Қўшимча дақиқаларда — Шик Телланинг узатмасини голга айлантирди. Энди ҳеч кимда «Байер»нинг чемпионлигига шубҳа қолгани йўқ, 27-турга келиб жамоа очко жамғариш бўйича 1999/2000 йиллар мавсумида қайд этилган клуб рекордини (73 очко) такрорлади. Лекин ўшанда бу чемпионлик учун етарли бўлмаган, «Бавария» қўшимча кўрсаткичлар бўйича биринчи бўлганди. Шу билан бирга, «Бавария» ўтган мавсумда чемпион бўлиши учун 71 очко етарли бўлганди.

Энди «Байер»нинг барча турнирлардаги мағлубиятсиз серияси – 39 ўйинга етди, «Юве»нинг рекордига қадар яна беш ўйин қолган. Жамоа охирги бор 27 май куни – ўтган мавсумнинг охирги турида ютқазганди. Бу мавсумда эса – 34 ғалаба ва 5 дуранг қайд этди. 

Буёғига «Байер»ни Германия кубоги яримфиналида «Фортуна»га қарши ўйин кутмоқда. Кейин «Унион» билан сафарда, «Вердер» билан уйда ўйнайди. Қолаверса, Европа лигаси чоракфиналида «Вест Ҳэм»га қарши ўйинлар. Апрел ойи охирида эса қаторасига иккита кучли рақиб – «Дортмунд» ва «Штутгарт»га қарши ўйинлар бор.

«Бавария» – «Боруссия» Д 0:2
Голлар:
0:1 – 10 Адейеми, 0:2 – 83 Рюэрсон
«Бавария» – Улрайҳ, Дайер, де Лигт, Дэвис, Горетцка, Лаймер (Мазрауи, 73), Киммиҳ, Шупо-Мотинг, Мюллер (Тел, 63), Сане (Коман, 63), Мусиала (Гнабри, 63), Кейн.
«Боруссия» Д – Майер, Рюэрсон, Ҳуммелс, Шлоттербек, Матсен, Байно-Гиттенс, Жан, Брандт (Ройс, 68), Нмеча (Ўзжан, 68), Санчо (Волф, 84), Адейеми, Фюллкруг (Аллер, 74).

«Байер»нинг тотал устунлиги фонида Германия чемпионатининг энг ёрқин афишаси бироз хира тус олди, сўнгги 14 йил ичида илк бор мавсумнинг иккинчи даврасида «Бавария» ва «Боруссия» ўйини улардан бирортаси чемпионат пешқадами бўлмаган ҳолатда ўтди. Лекин булар ашаддий тўқнашувни бекор қила олмасди.

Турнир нуқтайи назаридан бу ўйин «Боруссия» учун муҳимроқ эди. Жамоанинг турнир жадвалидаги ҳолати бироз қалтисроқ ва бу турда ўз уйида «Майнц» дарвозасига гол ура олмаган бўлса-да (0:0), «Лейпциг» қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига тўртинчи ўринга кўтарилиб олди. Шундай экан, Эдин Терзич жамоаси Мюнхенда 2017 йил апрелидан буён илк бор ғалаба қозониши талаб этиларди, ўшанда сариқ-қоралар «Алянс Арена»да кубок учрашувида устун келганди (3:2). Агар фақат чемпионат ўйинлари ҳисобланса, жамоа сафарда 2014 йилдан буён ғолиб бўлмаган — Юрген Клопп ва Хосеп Гвардиола қарама-қаршилигидан буён.

Узоқ кутилган муваффақиятга дебютдаёқ тамал тоши қўйилди, Брандт Адейемини яккама-якка вазиятга чиқариб юборди ва у ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси билан Улрайҳни доғда қолдирди. Бу вазиятда дарвозабон ишончсиз ўйнади, шу куни жароҳат туфайли ўйнай олмаган Нойер бундай ҳолатда қутқарган бўлиши мумкин эди. Аммо иккинчи бўлим бошида Улрайҳ Нмечага етти метр масофадан гол уриш имконини бермасдан, топ-сейв амалга оширди.

Кейинроқ эса Ҳуммелс Команнинг олис бурчак яқинида бўш қолган Кейнга узатмасини тўсиб қолди ва ҳисоб тенглашишига йўл қўймади.

Биринчи бўлим охирида эса Матс ўз вақтида юқори бурчакка кетаётган тўпни оёқлари билан тўсиб қолиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатганди.

Иккинчи бўлимда мезбонлар босимни кучайтиришди, аммо бу натижа бермади. «Бавария» сафида Гнабри, Коман, Тел ва ҳатто Шупо-Мотинг захирадан тушди, аммо уларнинг ҳеч бири гол ура олмади. «Боруссия» эса иккинчи голни урди. Рюэрсон жарима майдони чизиғи атрофидан узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Шундан кейин «Бавария» фанатлари стадионни тарк этишга киришди.

Улар Кейннинг VAR томонидан бекор қилинган голини ҳам кўришмади. Дортмунд тантана қилди ва Мюнхендаги нохуш анъанасига барҳам берди, «Бавария»нинг «Байер» билан ораси эса 13 очкога етди. Леверкузенликлар қолган етти турдан учтасида ғалаба қозониши чемпионлик учун етарли бўлади, «Бавария» мавсумнинг қолган барча ўйинларида ғалаба қозонса ҳам.

«Бавария» бош мураббийи Томас Тухел ҳам жамоаси бу мавсумда Бундеслигада ғолиб бўла олмаслигини тан олди ва «Байер»ни кутилаётган чемпионлик билан табриклади.

Кун статистикаси

  • «Байер» Ҳаби Алонсо бошқарувида бир ўйинда ўртача 2,21 очко олмоқда. Бундеслига тарихида 50 дан ортиқ ўйиндан кейин бундан юқори кўрсаткич фақат «Бавария» бош мураббийлари Хосеп Гвардиола (2,52) ва Ҳанси Фликда бўлган (2,45).
  • «Бёрнли» ҳужумчиси Вуд бу мавсумда боши билан 5 гол урди ва бу кўрсаткич бўйича АПЛда етакчи.
  • Яримҳимоячи Палмер «Челси»даги дебют мавсумида гол ва паслари сонини 20 тадан ўтказган 5-футболчи бўлди — Ҳасселбайнк, Азар, Диего Коста ва Фабрегасдан кейинги.
  • «Аталанта» яримҳимоячиси Копмайнерс мавсум бошидан буён 11 гол урди, у топ-5 лигаларда ўз амплуадошлари орасида фақат «Реал» ҳавбеки Беллингҳемдан (16) ортда.
  • 37 ёшу 308 кун — НЕК ҳавбеки Шоненинг ёши, у Нидерландия чемпионатида 1966 йилдан буён ПСВ дарвозасига гол урган энг «кекса» футболчи.

Мавзуга оид