Ҳоланд атиги учта аниқ пас билан ҳам ўйин қаҳрамони бўлди

«Челси» – «Манчестер Сити» 0:2
Голлар: 0:1 – 18 Ҳоланд, 0:2 – 84 Ковачич.
«Челси» – Санчес, Кукурелья (Вейга, 80), Колуилл, Фофана, Гюсто, Лавия (Дьюзбери-Холл, 67), Кайседо, Фернандес, Палмер, Нкунку (Нету, 58), Жексон (Гиу, 67).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Рубен Диаш, Аканжи, Люис, Ковачич, Савио (Фоден, 46), де Брюйне, Бернарду Силва, Доку, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Ҳоланд (66), Кайседо (89).

«Сити» мавсум стартига ёмон ҳолатда етиб келди. АПЛда ўтган мавсумнинг энг яхши Фоден ҳали бошланғич таркибда ўйнашга тайёр эмас, Англия миллий жамоаси сафида Еврода қатнашган бошқа футболчилар — Стоунз ва Уокер ҳам. Родри эса ўйин қайдномасига ҳам киритилмади — Евро-2024 финалида жароҳат олган испаниялик яримҳимоячи ҳали «Сити» билан бирор машғулот ўтказмади. Мавсумолди йиғинлари вақтида барчанинг эътиборини ўзига қаратган Оскар Бобб эса мавсум старти арафасида жиддий жароҳат олиб, уч-тўрт ойга сафдан чиқди. Натижада Пеп Гвардиола майдон марказига Ковачични, ҳужум қанотларига — Доку ва Савиони жойлаштирди, лекин Доку ўзига бегона бўлган ўнг қанотда тушди.

«Челси»нинг мавсумдаги биринчи ўйин учун таркибини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. Лондонликлар бу ёзда ҳам фаол бўлиб, қатор янги футболчилар сотиб олган бўлса-да, бошланғич таркиб асосан ўтган йил ўйнаган футболчилардан иборат бўлди. Фақат Стерлинг ҳатто захира ўриндиғидан ҳам жой олмагани бироз ажаблантирди. Ҳолбуки у ўтган мавсумда жамоанинг учинчи самарадор футболчиси бўлганди (барча турнирлар доирасида 10+8).
Унинг вакиллари ҳам бундан ҳайрон эканликларини очиқ билдиришди. ОАВ маълумотига кўра, Стерлинг Галлаҳер, Лукаку, Кепа, Чалоба каби клуб хайрлашмоқчи бўлган футболчилар қаторидан жой олган. У катта эҳтимол билан «Юве» ҳужумчиси Киезага алмаштирилади.

Бу ўйинда голни узоқ кутишга тўғри келмади. Доку қанотдан узатма берди, Бернарду Силва тўпга бир тегинишда Ҳоландга йўналтирди, норвегиялик тўпурар эса барча ҳимоячилардан ўзиб кетиб, яқин масофадан дарвозабонни доғда қолдирди. У АПЛда «катта олтилик» вакилларига қарши ўйинларда 22 гол уриб улгурди.

«Челси» «Сити»нинг голигача ҳам, ундан кейин ҳам очиқ футбол намойиш этишга ҳаракат қилди. Ва «Челси»да вазиятлар ҳам бўлди. Мезбонлар уч марта пеналти сўрашди, аммо ҳар сафар ҳакам вазиятларни фол деб топмади. Савио Энцо Фернандес билан тўқнашувда чиндан қўполлик қилганди, аммо бу жарима майдони ташқарисида эди.