Ўзбекистон | 17:43 / 17.06.2023
14234
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ривожланишнинг қай босқичида: ташқи сиёсат, қишлоқ хўжалиги ва жамиятдаги ғоясизлик (2-қисм)

Ўзбекистон ўз тарихидаги 7-президентлик сайлови арафасида турибди. Хўш, бу сиёсий жараён мамлакат ривожланишининг қайси тарихий босқичида рўй бермоқда? Kun.uz мухбири яқин сиёсий ўтмиш ва бугунги статус-кво ҳақидаги туркум интервьюларини давом эттиради.

Туркумнинг бу галги сонида мамлакат қишлоқ хўжалиги, Ўзбекистон юритаётган ташқи сиёсат ва жамиятни бирлаштирувчи халқчил ғоялар зарурати ҳақида сўз борди.

Интервью меҳмонлари – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, ёзувчи Назар Эшонқул ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.

— Ўтган 32 йил давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги қандай ўзгаришларни бошдан кечирди ва ўзгаришлар қандай стратегия асосига бўлди? Нега бугунги кунгача Ўзбекистонда ер ҳақиқий эгасини топгани йўқ, соҳани саноатлаштириш нега кечикяпти-ю, нега имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти?

Усмон Норқулов:

— Мустақилликдан кейин қишлоқ хўжалиги бошқача шаклда ривожлана бошлади. Собиқ иттифоқ даврида буткул бошқа бир кўринишда эди ва асосий йўналиш пахта етиштириш эди. Мустақилликдан сўнг бу жараёнларни тўхтатишга тўғри келди. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жуда кам эди, тупроқ унумдорлиги туша бошлаганди. У даврда фақат пахта экилди, ҳаддан ташқари кўп ўғит берилди, алмашлаб экиш издан чиқди. Айни инқироз пайтида мустақиллик бўлди. 1994-95-йилларгача ҳам ўша эски тизимдан фойдаландик. 1997 йилдан фермер хўжалигига ўта бошлади, 1998 йилдан фермер ва деҳқон хўжаликлари тўғрисида қонун ишлаб чиқила бошлади. Эски тизимдан янгисига ўтиш кўп вақт талаб қилди. Ҳукуматда ҳам, олимларда ҳам тажриба йўқ эди бу борада. Қай тартибда бўлиб, қандай ташкил этиш масалалари бор эди. Дастлаб танлов асосида берилди ерлар, яъни билими, тажрибаси ва техник имкониятлари инобатга олинган.

Усмон Норқулов

2008 йилдан бошлаб фермерларнинг ери кенгая бошлади, чунки кичик-кичик ерлар қатор муаммоларни келтириб чиқарди (сув, техника, ишчи кучидан фойдаланиш). Биздаги суғориш тизимлари шундайки, уларни бўлиб ташлаб бўлмайди.

2014-15-йиллардан бошлаб фермер хўжаликларини кўп тармоқлилаштириш бошланди. Олдин ихтисослаштирилган эди. Бу вақтдан бошлаб эса қайта ишлаш, қўшимча даромад берувчи ёндош соҳани ривожлантириш каби масалалар қўйилди. Шунинг натижасида ҳозир кўп фермер хўжаликлар кўп тармоқли.

Фермерларнинг ерлари кенгайтирилди. Бундан ташқари кичик ер эгалари бўлган деҳқон хўжаликлари пайдо бўлди. Шахсий томорқалар ҳам кўпайди. Томорқаси бўлган аҳоли ўзини озиқ-овқат билан таъминлаши ҳам муаммога бир қадар ечим эди.

— Сиз ҳозир соҳанинг ўтган даврига ижобий баҳо беряпсиз. Аммо баъзи экспертлар фикрича, бу соҳа ўтган йиллар давомида аниқ бир тизим асосида шаклланмади. Масалан, ерга эгалик шакли жуда тез ўзгармоқда ёки уни деҳқонларга бўлиб берганда ҳозиргидан кўра самаралироқ натижаларга эришиш мумкин эди худди ривожланган Хитойда ёки қўшни Қирғизистонда бўлгани каби.

Усмон Норқулов:

 — Ўзини оқламаяпти дейиш қийин. Тартибсизлик,белгиланган мақсадларга эришолмаслик бор, тўғри. Лекин муҳими шундаки, қишлоқ хўжалиги соҳаси тўхтаб қолгани йўқ. Маҳсулотлар етиштириляпти, ишлаб чиқариш пайдо бўляпти. Аммо айрим камчилик бор.

Кичик фермер хўжаликларини бўлганда, қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш, самарадорлик даражаси тушиб кетади. Кичик фермер хўжаликларининг қурби хам етмайди техника харид қилишга. Ҳозирги ҳолатда жуда яхши бўлиб кетмаётганига сабаб ички масалалар деб ўйлайман.

— Камолиддин ака, Ўзбекистон ташқи сиёсати мамлакат конституцияси, ташқи сиёсат концепцияси ёки маълум шахсларнинг вазият тақозоси билан кўрадиган чораларига кўра юритилади. Бу сиёсат давлатларнинг суверен тенглиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва нейтралликка асосланиши айтилади.

Ҳа, бир қараганда у қандайдир жозибалидек кўриниши мумкин, лекин баъзида ноқулайликлар келтирган вақтлар ҳам бор. Масалан, БМТдаги овоз бериш жараёнларидаги позициямиз ёки Шавкат Мирзиёевни ўзи айтганидек, қатор катта давлатлар ундан ё у томон ё бу томонга ўтишни сўрагани. Сиёсатшунос сифатида Ўзбекистон ташқи сиёсатида шаклланган бугунги позициясига қандай баҳо берасиз?

Камолиддин Раббимов:

— Ҳозирги ташқи тафаккурини таҳлил қилиш учун биринчи маъмурият даврида қандай эди, деган саволга жавоб бериш керак олдин. Ўзбекистон биринчи маъмурият даврида ташқи сиёсатда дихотомия бор эди (бир томонга ён босиш, бўлиниш). Масалан, 90-йилларнинг бошида Ўзбекистон Туркияга йўналиш олди ташқи сиёсатда, 1993-94-йиллардан Туркиядан совиш бошланиб, 90-йиллар ўрталаридан АҚШга юзланилди. Лекин бу нарса ички сиёсатда ўз аксини топмади, яъни инсон ҳуқуқлари, демократия томондан ўзгариш бўлмади. Авторитар бўлиб қолди. Лекин ташқи сиёсатда НАТО билан бир нечта лойиҳаларда иштирок этди, Ғарб билан яқинлашиш кучли давом этди. 2003 йилдан постсовет давларида рангли инқилоблар бошланиши натижасида 2004 йилдан Ғарбга бўлган муносабатлар совий бошлади. Яъни Ўзбекистон биринчи маъмурият даврида қайсидир қудратли давлатга йўналиш оларди ва ўша давлатнинг душманлари билан ҳам муносабатлар совир эди. АҚШга яқинлик пайтида ким бизга душманлик қилса, Вашингтонга ҳам бўлади, дейилганди, Россияга яқинлик пайтида ҳам худди шу маънодаги сўзлар янграганди.

Камолиддин Раббимов

2004 йилдаги совиш 2005 йил Андижон воқеалари билан мантиқий якунига етди ва 2005-2009-йиллар оралиғида Ўзбекистон ўз муаммолари билан ёпилди ташқи сиёсатда. 2009 йилдан 2016 йилга қадар ташқи сиёсатда иҳоталаниш даври бўлди. Ташқи дунёда хеч кимга эргашилмади ва унинг ташаббуслари қадрсизланган эди.

2016 йилдан кейинги ташқи сиёсатни шартли равишда кўп векторли сиёсат дейиш мумкин. Бугунги кунда Ўзбекистон Москва, Вашингтон, Исломобод, Анқара, Брюссел, Пекин — барчасига имкон қадар ижобий муносабат шакллантиряпти. Улар ўртасидаги муносабатларга Ўзбекистон арлашмаяпти. Бугунда Вашингтон ва Москва, Пекин ва Вашингтон ўртасида кучли зиддият бор. Ўзбекистон «Ташқи сиёсатдаги муаммо — ўзингизники. Бизнинг ташқи сиёсат ўзимизнинг манфаатлар учун» деган муносабат билдиряпти. Ўтган 6 йилда Ўзбекистон ўзининг айнан битта векторини танлагани йўқ. Президентнинг катта давлатлар танла деяпти, лекин халқ манфаатини танлаймиз, дейиши яхши. Яъни Ўзбекистоннинг ўз манфаатлари бор.

Россия ўта хавфли давлат бўлса-да, Ўзбекистон жуда яқин ҳамкор. Постсовет ҳудуди бўлган Марказий Осиёга босимларни санъат даражасига олиб чиққан Россия. Халқ иродасидан келиб чиқиб ташқи сиёсат бўлиши керак, дейилганда, фундаментал зиддият бор. Агар айни пайтда давлат халқдан қайси давлатга яқин бўлиш ҳақида сўраса, кўпчилик Россияни айтади. Ўзбекистон ичида мустақил бўлган ОАВ ярата олмадик, шунинг учун Россияга бўлган илиқ, АҚШга бўлган совуқ муносабат соғлом шаклланган эмас. Халқ иродаси муҳим бўлса, биз россияпараст сиёсат қилишимиз керак, чунки халқ Россия ахборот майдонида қолиб кетган. Қозоғистон ва Қирғизистонда нисбатан бу ахборот майдонидан чиқиш бор, лекин зиддиятли ҳали ҳам. Қозоғистонда Россияга нисбатан иммунитет бор ҳукумат даражасида ҳам, жамиятда ҳам. Бизда эса йўқ, чунки мустақил каналлар мавжудмас. Kun.uz, Qalampir.uz каби ахборот порталлари бутун жамият фикрини тўлиқ шакллантиришга қийналяпти. Чунки телевидение барибир устун туради халққа таъсир қилишда. Қозоғистонда эса мустақил телевидениелар, цензурадан холи.

Бу ерда халқ иродаси эмас, Ўзбекистоннинг мустақиллик, суверенитет қадрияти ҳам бор. Шундан келиб чиқиб ташқи сиёсат юритсак, мутлақ халқ иродасига тескари сиёсат бўлиши керак. Халқ Россия томонидан манипуляция қилиняпти.

Назар Эшонқул

Марказий Осиё минтақасидаги энг катта давлат — Ўзбекистон. Ва айнан Ўзбекистон Россияга нисбатан эҳтиёткор сиёсат олиб боряпти. Энг катта таъсир ҳудудида бўлган давлат эса Қозоғистон. Лекин шунга қарамасдан Қозоғистон ҳокимияти Россия ташаббусларига йўқ дея оляпти.

Россиянинг 2 та катта лойиҳаси бор. Бири Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти. Бу шартномага кирилса, ўша давлатнинг ҳарбий хавфсизлик тизими Россия қўлига ўтади. Ўзбекистон бу шартномадан чиқиб кетган. Конституцияда ҳам Ўзбекистон ҳарбий блокларга кирмаслиги белгиланган. Лекин Ўзбекистон шарқона авторитар давлат. Биз Россияга тўғридан тўғри йўқ демаймиз, вақтни чўзамиз, вазиятни кутамиз, бу эса аслида йўқ дегани. Бугунги расмий Тошкентнинг мақсади — ЕОИИга киришга вақтни чўзиб бориб йўқ дейиш. Ўзбекистон ҳукумати Россияга нисбатан шунча санкциялар бўлиб турган вазиятда бу иттифоққа кирмаса керак, менимча. Украина урушидан олдин Россия учун бу иттифоқ иқтисодий ютиш учун эди, энди эса «тирик қолиш» имконияти. Октябрь ойига бориб Ўзбекистоннинг иттифоқдаги фаоллиги ошади, деган гаплар ҳам бор, бу дегани Россия томондан босим бўляпти. Россия учун иттифоқнинг аҳамияти ошди ҳозирги ҳолатда.

Марказий Осиёда барча давлатлар авторитар. Шунинг учун ҳам баралла йўқ дея олмайди ҳукумат, демократик тизимлар шундай дея олади. Ташқи сиёсат ҳам ички сиёсатнинг давоми. Демократик институтлар яхши ишламаслиги оқибатида Россияга ён бериш бор.

·       Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид