Жаҳон | 12:59 / 18.10.2025
5045
2 дақиқада ўқилади

Мадагаскарда полковник давлат тўнтаришидан сўнг президент бўлди

Мадагаскар конституциявий суди Майкл Рандрианиринани муваққат президент сифатида қасамёдга келтирди. Полковник ўн саккиз ойдан кейин ислоҳотлар ва сайловлар ўтказилишини ваъда қилди.

Фото: Brian Inganga/AP Photo/picture alliance

51 ёшли полковник Майкл Рандрианирина ҳарбий тўнтаришдан бир неча кун ўтиб Мадагаскарнинг янги президенти бўлди. 17 октябр, жума куни мамлакат конституциявий суди Рандрианиринани «республика тикланиши» учун ўтиш даври президенти сифатида қасамёдга келтирди. Исёнчи полковникнинг Capsat махсус бўлинмаси 14 октябр куни Мадагаскарда ҳокимиятни эгаллаб олганини эълон қилди.

Рандрианирина 60 кун ҳақидаги суд талабини рад этиб, 18-24 ой ичида сайловларни ўтказишга ваъда берди. Унинг таъкидлашича, фуқаролик бошқарувига қайтишдан олдин мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилиши керак.

Майкл Рандрианирина инаугурация нутқи чоғида фуқаролик кийимида бўлиб, вазиятни «тарихий бурилиш» деб атади ва долзарб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга ечим излаётган ёшларнинг талабларини қондиришга ваъда берди. Инаугурация маросимида Германия, Франция, АҚШ, Хитой ва Россиядан юқори мартабали ҳарбийлар, сиёсатчилар, ёшлар ташкилотлари вакиллари, дипломатлар иштирок этди.

Мадагаскарнинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Андри Радзуэлина оммавий намойишлар ортидан мамлакатни тарк этди ва парламент томонидан ҳокимиятдан четлаштирилди. ОАВ хабарларига кўра, у ҳозир Дубайда. Унинг вакиллари Радзуэлина қонуний давлат раҳбари бўлиб қолаётганини таъкидламоқда. Унинг ўзи 2009 йилда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган ва 2019 йилдан бери Мадагаскарни бошқарган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид