Жаҳон | 16:46 / 06.11.2025
10206
4 дақиқада ўқилади

Мексикада маст киши кўчада президентни ўпмоқчи бўлди

У бошқа аёлларга тегажоғлик қилишда гумонланиб ҳибсга олинган.

Фото: Carlos Santiago / Alto Press / ZUMA Press / Scanpix / LETA

Мехикода ўткинчи фуқаро мамлакат президенти Клаудия Шейнбаумни унинг розилигисиз қучоқлаб, ўпишга ҳаракат қилди. Бу ҳодиса 4 ноябр куни шаҳарнинг тарихий қисмида, Шейнбаум президентлик саройи атрофидаги тадбирга кетаётганида рўй берган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода маҳаллий аҳоли вакиллари уни биргаликда селфига тушиш учун тўхтатгани, шунда унга ортдан номаълум шахс яқинлашиб, елкасидан қучоқлагани, уни ўпишга ва танасининг бошқа қисмларига тегинишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин. Президент унинг қўлларини олиб ташлаган ва ўзини четга олган, шундан сўнг давлат раҳбари қўриқчиси вазиятга аралашган.

Кейинги куни Шейнбаум ўзига тегажоғлик қилган эркак устидан шикоят қилганини айтди. Матбуот анжуманида у бу шахснинг ҳаракатларини нафақат президент, балки аёл сифатида ҳам қоралашини таъкидлаган.

«Мен шикоят қилишга қарор қилдим, чунки мамлакатимиздаги барча аёллар бундай ҳолатга дуч келишади. Агар улар президентга нисбатан шундай қилишса, қолган аёлларнинг тақдири нима бўлади?» – дейди у.

Президент, шунингдек, Мексикадаги Reforma газетасини ҳодиса тасвирларини тарқатгани учун танқид қилди. Шейнбаум 2024 йил октябр ойида президентлик лавозимига киришганидан сўнг ташкил этилган Хотин-қизлар масалалари котибияти ҳам содир бўлган воқеа ҳақида баёнот берди – жумладан, нафақат зўравонлик факти, балки бу ҳолат оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ҳам қораланди.

Зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш ва унга қарши курашишга чақирувчи идора ОАВдан бундай ҳолатлардан зўравонликни бошдан кечирган аёлларни «қайта қурбон қилиш» учун фойдаланмасликни сўраган. Расмийлар «аёллар, қизлар ва ўсмирлар дахлсизлигига таҳдид солувчи контентни намойиш қилмаслик»ни тавсия қилган.

5 ноябр куни Мехико шаҳри фуқаролик хавфсизлиги котибияти президентга тегажоғлик қилган 33 ёшли эркак шаҳарда яна икки аёлга тегажоғлик қилганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. O Globo ва El Universal нашрлари маълумотига кўра, унинг исми Уриэл Ривера бўлиб, у ўша куни алкогол ёки гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган.

Клаудия Шейнбаум – Мексика тарихидаги илк аёл президент. Унга қилинган безорилик мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик масаласини яна кун тартибига олиб чиқди, дея қайд этади Reuters агентлиги. Аввалроқ феминист фаоллар Шейнбаумнинг ўзини аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда етарлича ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилган эди. Бошқа нарсалар қаторида, улар зўравонликда айбланаётганларни жиноий жавобгарликка тортиш ва фемицид (аёлларга нисбатан нафрат туфайли қотиллик) ҳолатларини тергов қилишнинг самарасизлигини таъкидлашганди.

Ҳукуматнинг расмий маълумотларига кўра, 2024 йилнинг ўзида Мексикада 821 нафар аёл нафрат жинояти қурбони бўлишган. 2025 йил сентябр ҳолатига кўра ҳукумат аллақачон 501 та фемицид ҳолатини рўйхатга олган. Шу билан бирга, ҳуқуқ фаоллари бу рақамлар анча пасайтириб кўрсатилганини айтишади.

Бундан ташқари, Шейнбаум билан боғлиқ воқеа президент хавфсизлик хизмати борасида саволлар туғдирди. Мексика раҳбари тез-тез омма орасида пайдо бўлади, лекин унинг қўриқчилари сони минимал миқдорда бўлади. Шейнбаум ҳеч нарсани ўзгартиришни режалаштирмаётганини айтиб, амалдорлар «халққа яқинроқ бўлиши кераклиги»ни таъкидлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид