НАТО бош котиби ўзгарди – дунёдаги энг қудратли ҳарбий ташкилотга кимлар раҳбарлик қилган?
Нидерландия бош вазири Марк Рютте НАТО бош котиблигига сайланди. Маркнинг номзоди алянснинг барча 32 давлати томонидан қўллаб-қувватланди. У жорий йил 1 октябрда лавозимидан кетадиган Йенс Столтенберг ўрнини эгаллайди. Ушбу материалда НАТОнинг барча бош котиблари ҳақида маълумотлар тақдим этамиз.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг дунёдаги геосиёсий вазият бирданига ўзгаради. Кечагина иттифоқчи бўлиб юрган давлатлар – СССР ва АҚШ ўртасида кескин рақобат пайдо бўлади.
Аслида бу рақобат кескин бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ урушнинг асосий ғолиби сифатида катта сиёсат майдонига чиққан СССР бошқа давлатларни ҳам куч билан социалистик лагерга торта бошлайди.
Жумладан, 1945 йилда ўтказилган Подстам конференциясида советлар ўзлари озод қилган Шарқий Европа давлатларини таъсир доираларида ушлаб қолишларини маълум қилади.
Шунда АҚШ, Британия ва Франция раҳбарлари Сталиндан ҳеч бўлмаганда Полшани ўз ҳолига қўйишни ва қувғинликда юрган поляк ҳукуматининг Варшавага қайтишига рухсат беришини сўрайди. Бироқ рад жавобини олади.
Шу тариқа СССР иккинчи жаҳон урушидан кейин унинг асосий ғолиби сифатида катта саҳнага чиқади ва ўз таъсир доирасига олган ҳудудлар – Шарқий Европа давлатлари, Хитой ҳамда Шимолий Кореяда коммунистик тузум ўрнатади (Мўғулистонда аввалроқ ўрнатилганди).
Охир-оқибат капиталистик дунёга қарши бўлган иккинчи қутб – социалистик лагер шаклланади ва СССР унга бош бўлади (кейинчалик Кубада, Ветнам ва Лаосда ҳам коммунистик тузум ўрнатилади). Шундан сўнг Ғарб давлатлари СССР бошчилигидаги социалистик лагерга қарши ҳарбий блок тузишга қарор қилишади.
НАТОнинг тузилиши ва кенгайиши
1949 йил 4 апрелда АҚШ, Канада ва Европанинг 10 та давлати томонидан НАТО (North Atlantic Treaty Organization – Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқи) тузилгани эълон қилинади.
Ташкилотни тузиш ғояси 1947 йилда АҚШ президенти Ҳарри Трумэн томонидан илгари сурилган. НАТОнинг илк таъсисчилари Европадан Белгия, Британия, Дания, Исландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия ва Франция, океан ортидан АҚШ ва Канада аъзо бўлишади.
1952 йил ташкилотга Греция ва Туркия, 1955 йилда ГФР, 1982 йилда Испания қўшилади. 1991 йилда СССР парчаланиши арафасида социалистик лагер ҳам тарқаб кетади. Шундан сўнг Шарқий Европадаги бир қатор давлатлар НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширади.
НАТОга 1999 йилда Венгрия, Полша, Чехия, 2004 йилда Болгария, Латвия, Литва, Эстония, Словакия, Словения, Эстония, 2009 йилда Албания ва Хорватия, 2017 йилда Черногория, 2020 йилда Шимолий Македония аъзо бўлади.
2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргач Швеция ва Финландия ҳам ариза топширади. 2023 йил 4 апрел куни Финландия, 2024 йил 7 март куни Швеция НАТОга аъзо бўлди. Шу тариқа ташкилотга аъзо бўлганлар сони 32 тага етди.
Ташкилот низоми 14 та бўлимдан иборат. Ундаги энг муҳимларидан бўлган 5-бўлимда «Ташкилотга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, бу ҳолат ташкилотнинг бошқа аъзоларига ҳам агрессия қилинган деб баҳоланади ва жавоб чоралари кўрилади», деб ёзилган.
Ўша пайтда бу ташкилотни тузишдан мақсад Европани Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳарбий салоҳияти ниҳоятда кучайиб кетган СССРдан ҳимоя қилиш бўлган.
Ташкилот нима мақсадда тузилгани ҳеч қачон сир сақланмаган ва бу ҳақда ҳар доим ошкора гапирилган. Масалан, 2009-2014 йилларда НАТО бош котиби лавозимида фаолият юритган даниялик сиёсатчи Андерс Фог Расмуссен алянс СССРнинг Европага эҳтимолий тажовузлари олдини олиш учун ташкил этилганини айтганди.
«НАТО дунёдаги вазият анча хавфли бўлиб турган пайтда тузилган эди. СССРнинг Европага таъсири кучайиб борар экан, ўшанда 12 та давлат нафақат хавфсизлик учун, балки инсоният учун энг асосий қадриятлар – эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, қонун устуворлигини ҳимоя қилиш учун бирлашдилар», деган эди у.
Шу пайтгача НАТО ташкилотини Уилям Ҳарриманни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 16 киши (италиялик Сержио Баланцио икки марта) бошқарган. 2024 йил 20 июн куни ташкилотга янги бош котиб тасдиқланди ва шу тариқа НАТОни бошқарганлар сони 17 кишига етди. Ушбу шахслардан 4 нафари ташкилотни вақтинча бошқарган.
НАТОнинг бош котиблари
1. Гастингс Исмей (1887-1965)
НАТО 1949 йилда тузилган бўлса ҳам унинг биринчи бош котиби 1952 йилда сайланган. Британиялик генерал Гастингс Исмей унинг илк раҳбари бўлган ва ташкилотни 1957 йил 16 майгача бошқарган (унгача ташкилотни АҚШлик дипломат Уилям Ҳарриман вақтинча бошқариб турган).
Исмей НАТО бош котиби бўлгунича Британия Миллатлар Ҳамкорлиги ташкилоти бўйича вазир лавозимида ишлаган. Ҳиндистонда туғилган Исмей кейинчалик Қироллик ҳарбий академиясини битиради ва Британия армиясида хизмат қилади.
У турли йилларда Британия империяси мудофааси котиби ўринбосари, Ҳиндистон қироли ҳарбий ёрдамчиси, уруши пайтида Уистон Черчиллнинг шахсий штаби бошлиғи, ҳукуматнинг ҳарбий масалалар бўйича бош котиби вазифаларида фаолият олиб боради.
2. Пол-Анри Спаак (1899-1972)
Белгиялик сиёсатчи Пол-Анри Спаак НАТОни 1957 йил 16 майдан 1961 йил 4 мартгача бошқарган. Бу шахс умумевропа интеграциясини (ҳозирги Европа Иттифоқи) тузиш тарафдорларидан бири бўлган.
Пол-Анри ўз фаолияти давомида Белгия парламенти депутати, Транспорт вазири, 7 марта мамлакат ташқи ишлар вазири, уч марта бош вазир лавозимларида ишлаган.
У НАТО бош котиби бўлишдан аввал навбатдаги марта Белгия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаётганди. 1961 йилда ташкилот бош котиблигидан кетгач яна Белгия ташқи ишлар вазири вазифасида ишини давом эттиради.
Айнан Пол-Анри Спаак ишлаган пайтда НАТО бош котибининг ваколатлари кенгайтирилади.
3. Дирк Стиккер (1897-1979)
Нидерландиялик сиёсатчи НАТОни 1961-1965 йиллар давомида бошқарган. У ташкилот бош котиби бўлгунча Нидерландиянинг НАТОдаги вакили лавозимида ишлаган.
Дирк Стиккер 1948-1952 йилларда мамлакат ташқи ишлар вазири, 1952-1958 йиллар давомида эса Нидерландиянинг Британиядаги элчиси сифатида ишлаган.
4. Манлио Брозио (1897-1980)
Италиялик сиёсатчи НАТОни 1964 йил 1 августдан 1971 йил 1 октябргача бошқарган. Унгача Италиянинг Франциядаги элчиси лавозимида ишлаган.
Манлио Брозио Италия ҳарбий вазири, мамлакатнинг СССРдаги, Британиядаги, АҚШдаги, Франциядаги элчиси вазифаларида фаолият олиб борган.
5. Йозеф Лунс (1911-2002)
Нидерландиялик сиёсатчи ташкилотни 1971 йил 1 октябрдан 1984 йил 25 июнгача бошқарган. У НАТО бош котиблигига ўтгунича Нидерландия ташқи ишлар вазири бўлган.
Йозеф Лунс Нидерландиянинг Швейцариядаги, Португалиядаги ва Британиядаги элчиси лавозимларида ишлаган. Бир муддат Нидерландиянинг БМТдаги доимий вакили бўлган. Шунингдек, мамлакат ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.
Лунснинг даврида Испания НАТОга аъзо бўлиб кирган ва 1974 йилда НАТО аъзоси бўлган давлатлар Туркия ва Греция ўртасида Кипр ороли учун қуролли можаро юзага келган.
6. Питер Каррингтон (1919-2018)
Британиялик сиёсатчи НАТОни 1984 йил 24 июндан 1988 йил 1 июлгача бошқарган. Унгача Питер Британия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.
Питер Каррингтон 1970-1974 йиллар оралиғида Британия мудофаа вазири бўлган. У НАТО бош котиблари орасида бу вазифага тасдиқланган энг кекса сиёсатчи ҳисобланади.
7. Манфред Вёрнер (1934-1994)
Германиялик сиёсатчи ташкилотни 1988 йил 1 июлдан 1994 йил 13 август вафот этган кунигача бошқарган. Унгача Манфред Германия ташқи ишлар вазири бўлган.
Манфред Вёрнер ўз фаолияти давомида жуда кўп вазифаларда ишлаган. Жумладан, бундестаг депутати, турли партиялар раҳбар ўринбосари, бундестагда мудофаа ишлари қўмитаси раиси ва Германия ташқи ишлар вазири сифатида фаолият олиб борган.
У 1994 йилда саратондан вафот этган. Манфреднинг вафотидан сўнг НАТОга янги бош котиб тасдиқлангунча ташкилотни икки ой италиялик сиёсатчи Сержио Баланцино бошқариб туради.
8. Вилли Клаас (1938- )
Белгиялик сиёсатчи НАТОни 1994 йил 17 октябрдан 1995 йил 20 октябргача бошқарган. Унгача Вилли Белгия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.
Вилли Клаас ўз фаолияти давомида Белгия ҳукумати аъзоси, Иқтисодиёт вазири (икки марта), бош вазир ўринбосари, мамлакат ташқи ишлар вазири бўлган.
Вилли Клаас НАТО бош котиблигини бир йилда можаро билан тарк этади. Гап шундаки, мамлакат прокуратураси у аъзо бўлган Фламанд социалистик партияси аъзоларини Италиянинг Agusta авиасозлик компаниясидан пора олганликда айблаб суриштирув бошлайди. Шундан сўнг Вилли ҳам НАТО бош котиблигидан кетади.
НАТОга янги бош котиб тасдиқланлангунча ташкилотни олти ҳафта яна италиялик сиёсатчи Сержио Баланцино бошқариб туради.
9. Хавиер Солана (1942- )
Испаниялик сиёсатчи НАТОни 1995 йил 5 декабрдан 1999 йил 6 октябргача бошқаради. У НАТОга ишга ўтгунича Испания ташқи ишлар вазири бўлган.
Хавиер Солана машҳур сиёсатчи ҳисобланади. У ўз фаолияти давомида Испания Маданият, Таълим ва фан ҳамда Ташқи ишлар вазири, Европа Иттифоқи Кенгаши бош котиби, Европа мудофаа агентлиги раҳбари вазифаларида ишлаган.
1997 йилда Хавиер Солана Марказий Осиё давлатларига амалга оширган ташрифи доирасида Ўзбекистонга ҳам келганди.
10. Жорж Робертсон (1946- )
Британиялик сиёсатчи ташкилотни 1999 йил 14 октябрдан 2003 йил 17 декабргача бошқарган. Унгача Британия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.
Жорж Робертсон ўз фаолияти давомида кўп марта Лейбористлар партияси вакили сифатида Британия парламенти депутати бўлган. У 2003 йил сентябр ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганди.
Жорж Робертсон НАТО бош котиблигидан кетгач янги бош котиб тасдиқлангунча уч ҳафта ташкилотни Алессандро Минуто-Риццо бошқариб туради.
11. Якоб де Хоп Схеффер (1948- )
Нидерландиялик сиёсатчи НАТОни 2004 йил 1 январдан 2009 йил 1 августгача бошқарган. Унгача Якоб Нидерландия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.
Якоб де Хоп Схеффер ўз фаолияти давомида парламент депутати, Нидерланиянинг Ганадаги элчиси, мамлакатнинг НАТОдаги вакили, бир неча марта ташқи ишлар вазири, ЕХҲТ раиси бўлган.
12. Андерс Фог Расмунсен (1953- )
Даниялик сиёсатчи ташкилотни 2009 йил 1 августдан 2014 йил 1 октябргача бошқарган. Унгача Русмунсен Дания бош вазири лавозимида ишлаган.
Андерс Фог Расмунсен ўз фаолияти давомида Дания солиқ солиш ҳамда иқтисодиёт вазири бўлган. НАТО бош котиблигидан кетгач, 2016 йилдан 2019 йилгача Украина президенти Петр Порошенкога маслаҳатчи вазифасида ишлаган.
Андерс Фог Расмунсен 2011 йилда январ ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ва мамлакат раҳбари билан Афғонистон бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.
13. Йенс Столтенберг (1959- )
Норвегиялик сиёсатчи НАТОни 2014 йил 1 октябрдан буён бошқариб келади. Унинг муддати жорий йил 1 октябрда тугайди. Алянс бош котиби бўлгунича Столтенберг 8 йил давомида Норвегия бош вазири лавозимида ишлаган.
Йенс Столтенберг ўз фаолияти давомида Норвегия Энергетика ва саноат ҳамда молия вазири, мамлакат бош вазири бўлган.
14. Марк Рютте (1967- )
Бир неча кун олдин НАТО бош котиблигига тасдиқланган Марк Рютте У 1 октябрда лавозимидан кетадиган Йенс Столтенберг ўрнини эгаллайди. Унинг номзоди алянснинг барча 32 давлати томонидан қўллаб-қувватланди.
Алянс бош котиби лавозимига Рюттедан ташқари ягона даъвогар Руминия президенти Клаус Йоханнис эди. Аммо 20 июн куни у ўз номзодини қайтариб олишини маълум қилди.
Марк Рютте 2010 йил 14 октябрдан буён Нидерландия бош вазири лавозимида ишлаб келаётганди.
Рютте фаолияти давомида «Озодлик ва демократия учун» ўнг қанот либерал халқ партияси раҳбари (2006-2023), 2002 йилдан 2010 йилгача - ҳукумат идораларида давлат котиби вазифаларида ишлаган.
У НАТО томонидан Россияни тийиб туриш тарафдори ҳисобланади. Рютте НАТО аъзолари йиллик мудофаа харажатларини ЯИМнинг камида 2 фоизини ташкил этиши лозимлигини таъкидлаб келмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
09:30 / 01.11.2024
РФ ТИВ Украинанинг НАТОга аъзолиги бўйича «немис модели»ни рад этди
16:00 / 30.10.2024
Зеленский Шимолий кенгашни Украинани НАТОга таклиф қилишга чақирди
22:49 / 28.10.2024