Ўзбекистон | 11:44 / 06.08.2021
15878
2 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» президентлик сайловида Алишер Қодиров номзодини илгари суради

Ўзбекистон президентлик сайловида «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан партия сиёсий кенгаши раиси, Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров номзод сифатида иштирок этади. Бунгача Экопартия ва «Адолат» партияси ҳам ўз раисларини президентлик сайловида номзод сифатида тавсия этганди.

Алишер Қодиров - «Миллий тикланиш» партияси етакчиси

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» партиясининг 6 август кунги навбатдан ташқари пленумида 2021 йилги президентлик сайловида партия раҳбари Алишер Қодировни номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Пленум давомида партиянинг бугунги кундаги етакчиси Алишер Қодиров номзоди партия қурултойида номзод сифатида илгари суриш таклифи билдирилди. Сўзга чиққанлар бу таклифни бир овоздан маъқуллади.

Эндиликда номзод партия қурултойида маъқулланиши керак.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбир давомида Алишер Қодиров сўзга чиқиб, партия бу сайловда шунчаки қатнашмаётганини таъкидлаган.

«Биз бу сайловга шунчаки кирмаяпмиз. Бизнинг халққа айтадиганларимиз бор. Биз бу сайловда муваффақиятли қатнашмоқчимиз», деган у.

Маълумот учун, Алишер Қодиров 1975 йилда туғилган. 1996 йилда Эгей университетини (Туркия), 2009 йилда Тошкент молия институтини (сиртдан) ва 2011 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Алишер Қодиров муқаддам Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари бўлган (2015 йилдан Қонунчилик палатаси депутати). У 2019 йилнинг май ойида партия раислигига сайланганди.

  • Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади. 
  • Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, Республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.
  • Бундан олдинроқ, Экопартия президентлик сайлови учун партия раиси Нарзулла Обломуродов номзодини, «Адолат» социал-демократик партияси ҳам партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов номзодини тавсия этганди.
Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид