Жаҳон | 19:58 / 05.01.2026
11333
7 дақиқада ўқилади

Мадурони қўлга олиш чоғида ўнлаб кубаликлар ҳам ҳалок бўлган. Бу ҳақда нималар маълум?

Фото: Getty Images

Куба ҳукумати АҚШнинг Венесуэла етакчиси Николас Мадурони қўлга олиш бўйича ўтказган амалиёти чоғида 32 нафар фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди. Расмий Гавана хабарига кўра, ҳалок бўлганлар Куба қуролли кучлари ва махсус хизматлар аъзолари бўлган, қурбонлар хотирасига мамлакатда икки кунлик миллий мотам эълон қилинган. ОАВ маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар Мадуронинг шахсий қўриқлаш хизматида ишлаган.

«Қўшма Штатлар ҳукуматининг қардош Боливар Республикаси Венесуэлага жиноий ҳужуми натижасида... жанговар ҳаракатларда Инқилобий қуролли кучлар ва Ички ишлар вазирлиги номидан Жанубий Америка мамлакатининг худди шундай органлари сўровига биноан тегишли миссияларни бажарган 32 нафар кубалик ҳалок бўлди», – дея Куба ҳукумати баёнотидан иқтибос келтиради Cubadebate расмий нашри.

Куба ҳукумати бу одамлар «қатъий қаршилик кўрсатиб, ҳужум қилганлар билан тўғридан тўғри жанг чоғида ёки турли объектлар бомбардимон қилиниши оқибатида ҳалок бўлгани»ни таъкидлаган.

Қисқа баёнотда кубаликларнинг Венесуэладаги ролига аниқлик киритмаган, аммо шуниси маълумки, бу икки мамлакат азалдан иттифоқчи ҳисобланади: Куба нефт эвазига Венесуэлага хавфсизликни таъминлаш соҳасида ёрдам кўрсатади.

Куба раҳбари Мигел Диас-Канел кубалик ҳарбийлар Венесуэла томони «илтимосига кўра» Мадуро ва унинг рафиқасини қўриқлаш билан шуғулланганини маълум қилган.

Венесуэла АҚШ ҳарбийларининг шанба куни Мадуронинг Каракасдаги қароргоҳига рейди оқибатида ҳалок бўлганларнинг аниқ сонини келтирмади. Ҳозирча Куба ҳукумати қурбонлар сонини тасдиқлаган ягона расмий манба бўлиб қолмоқда.

Шу билан бир вақтда, Венесуэладаги нашрлар шанба куни камида 25 киши ҳалок бўлгани, шундан 15 нафари – президентни қўриқлаш хизматининг 6-баталёни жангчилари (Венесуэла президенти ва унинг оиласи хавфсизлиги учун масъул бўлган бўлинма) бўлган.

New York Times газетаси шахсини сир тутиш шарти билан маълумот берган венесуэлалик мулозимларга таяниб, қурбонлар сони 80 нафарни ташкил этаётгани ва бу миқдор ўсиши мумкинлигини хабар қилган.

Мадурони қўлга олиш амалиёти қандай ўтди?

АҚШ махсус хизматлари томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, Мадуро ва унинг рафиқаси 3 январ тонгида, Америка ҳарбийларининг Венесуэла бўйлаб ракета зарбаларидан кўп вақт ўтмай қўлга олинган. Уларнинг иккиси ҳам бу вақтда мамлакат пойтахти Каракасдаги уйда бўлишган.

Амалиёт АҚШдаги асосий аксилтеррор бўлинма саналган Delta Force отряди жангчилари томонидан ўтказилган.

Америка ҳарбий раҳбарияти маълум қилишича, АҚШ махсус топшириқли бўлинмаси вертолётларда Мадуро қароргоҳига учиб келганида, улар ўққа тутилган, жавоб зарбаси билан ўт очиш нуқталари бостирилган.

Кейин эса гуруҳ Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силияни қўлга олган, вертолётлар АҚШ Шарқий соҳил вақти бўйича соат 3:29 да, яъни амалиёт бошланганидан 4 соат-у 43 дақиқа ўтганида «Иводзима» авиаташувчиси палубасига қайтиб қўнган.

CNN телекомпанияси аноним манбага асосланиб хабар беришича, Мадурони асир олиш чоғида рўй берган отишма оқибатида бир неча америкалик ҳарбий ўқотар қуролдан жароҳат олган, аммо уларнинг ҳаётига хавф йўқ.

АҚШ президенти Доналд Трамп матбуот анжуманида амалиёт чоғида «кўплаб отишмалар» рўй берганини айтган.

Куба ва Венесуэла алоқалари ҳақида нималар маълум?

Декабр ойида New York Times Венесуэла ҳукуматига яқин манбага таяниб, Мадуро шахсий хавфсизлиги чораларини кучайтиргани, жумладан, тунаш жойини ўзгартирганини хабар қилганди.

Шу билан бирга, мамлакат етакчиси АҚШнинг ҳарбий аралашуви хавфи кучайиб бораётган бир пайтда ўзининг асосий иттифоқчиси бўлган Кубага таянган.

Нашр маълумотларига кўра, президентнинг атрофидагилар асабий ҳолатда бўлган, Мадуронинг ўзи эса тунаш жойлари ва мобил телефонларини тез-тез алмаштириб, эҳтимолий зарба ёки махсус кучлар рейдидан ҳимояланишга ҳаракат қилган. Эҳтиёт чоралари сентябр ойида АҚШ Кариб денгизида ҳарбий иштирокини оширишни бошлаганидан бери кучайтирилган.

Мадуро шахсий қўриқчилари таркибида кубалик тансоқчилар сонини кўпайтирди ва Венесуэла армияси фаолиятига кўпроқ кубалик контрразведка зобитларини жалб қилди, дейди NYT суҳбатдошларидан бири.

Илгари Венесуэла Гаванани разведка маълумотлари ва тиббий хизматлар эвазига кунига 90 минг баррелгача субсидияланган нефт билан таъминлаган. Испаниянинг El País нашри хабар беришича, Венесуэла иқтисодиётининг қулаши туфайли етказиб бериш ҳажми камайган бўлса-да, бундай айирбошлаш ҳали ҳам иккала режимнинг яшаб қолиши учун муҳим бўлиб қолмоқда.

Reuters агентлиги ва мамлакатдан қочиб чиққан зобитлар берган маълумотларга кўра, кубалик ҳарбий маслаҳатчилар қарорлар қабул қилинишини назорат қилиш учун Венесуэла қуролли кучлари бўлинмаларига бириктирилган. Уларнинг иштироки Венесуэла генераллари ҳукмрон социалистик партияга қарши бирор самарали мухолифат ярата олмаслиги учун зарур, деб ёзади агентлик.

Куба фуқароларни кузатиш технологиялари ва тажрибасини ҳам Венесуэла билан баҳам кўради.

Freedom House ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қайд этишича, Венесуэланинг Куба маълумотлар базалари намунасида яратилган шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар ва ижтимоий назорат тизимлари давлатга одамларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш ва уларнинг сиёсий содиқлигига қараб озиқ-овқат ва хизматлардан фойдаланишни чеклаш имконини беради.

Мадуро қўлга олинганидан сўнг, Трамп маъмурияти Кубага қарши худди шундай операция ўтказиш имкониятини кўриб чиқиши мумкинми, деган саволлар пайдо бўлди.

Якшанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп журналистларга ҳарбий ҳаракатларга ҳожат йўқлигини, чунки «Куба қулаш арафасида тургани» ни айтди.

Шанба куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Кубани «қобилиятсиз маразматиклар» томонидан бошқариладиган «ҳалокат ўлкаси» деб таърифлади.

«Агар мен Гаванада яшаганимда ва ҳукумат аъзоси бўлганимда, оз бўлса ҳам хавотирда яшардим», – деган Рубио.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид