Спорт | 21:07
6648
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Венесуэлани мағлуб этиб, халқаро турнир ғолиби бўлди

Тошкентда FIFA Series 2026 халқаро футбол турнири якунланди. Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон ва Венесуэла тўқнаш келди. Ўйинда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида ўзбекистонликлар ғалаба қозонди.

Тошкентда FIFA Series 2026 халқаро футбол турнири якунланди. Унда Ўзбекистон миллий жамоасидан ташқари Габон, Тринидад ва Тобаго, шунингдек, Венесуэла ҳам иштирок этди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида Ўзбекистон ва Венесуэла тўқнаш келди. Ҳар иккала жамоада бир неча қулай вазиятлар бўлса-да, ўйинда ҳисоб очилмади. Натижада ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда ўзбекистонликлар аниқроқ бўлди.

Турнирнинг яна бир ўйинида Габон пенальтилар сериясида Тринидад ва Тобагони енгди (2:2, пен 3:2).

Бу натижалардан сўнг, Ўзбекистон 5 очко билан биринчи, Венесуэла 4 очко билан иккинчи, Габон 2 очко билан учинчи, Тринидад ва Тобаго 1 очко билан сўнгги ўринни эгаллади.

FIFA Series 2026
30 март, Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
ЎЗБЕКИСТОН – ВЕНЕСУЭЛА 0:0 (пен. 5:4)

Бош ҳакам: Медербек Тайчиев (Қирғизистон)

Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Абдуқодир Ҳусанов, Рустам Ашурматов, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков (Акмал Мозговой, 71), Азиз Ғаниев (Алишер Одилов, 58), Остон Ўрунов (Жамшид Искандеров, 71), Шерзод Насруллаев, Элдор Шомуродов (Шерзод Темиров, 90), Беҳруз Каримов (Ҳожиакбар Алижонов, 71), Жаҳонгир Ўрозов.

Венесуэла: Хосе Контрерас, Науэл Феррареси, Карлос Вивас, Йон Арамбуру, Тео Кинтеро, Глекер Мендоза (Делвин Алфонсо, 90), Кристиан Кассерес, Теласко Сеговиа, Викелман Кармона (Луис Гонсалес, 65), Дэвид Мартинез, Хесус Рамирес (Саломон Рондон, 65)

Огоҳлантириш: Науэл Феррареси (42)

FIFA Series 2026 турнирлари ўртоқлик ўйинлари ўрнини босиши назарда тутилган ва бутун дунё бўйлаб ўтказилди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларга Ўзбекистондан ташқари, Австралия, Озарбойжон, Индонезия, Қозоғистон, Янги Зеландия, Пуэрто-Рико, Руанда мезбонлик қилди.

Турнирларда иштирок этаётган бешта эркаклар миллий жамоаси - Австралия, Кабо-Верде, Кюрасао, Янги Зеландия ва Ўзбекистон 2026 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси саналади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид